Маълум қилинишича, 5 та қадимий шаҳарда жойлашган 1000 дан ортиқ маданий мерос объектида реклама ва ахборот кўрсатгичлари ўрнатилиши қонунийлиги ўрганилганда 72 та объектларга 121 та реклама қонунга зид равишда ўрнатилгани аниқланган. Жумладан, Бухорода 27 та маданий мерос объектида 50 та, Самарқандда 25 та объектда 45 та, Тошкент шаҳрида 18 та объектда 24 та, Хивада 2 та объектда 2 та реклама баннери мавжуд.
Бухоро шаҳрида жойлашган ноёб архитектура ёдгорлиги тоифасига кирувчи ХIХ асрга оид «Иброҳим Охунд» мадрасасида 6х3 ўлчамдаги «гўзаллик салони» реклама баннери ўрнатилиб, объектнинг тарихий кўриниши тўлиқ ёпиб қўйилган. Ёки, пойтахтдаги ХХ асрга оид «Баҳор» ресторани биносида 7х9 ўлчамдаги «бильярд ва ресторан» реклама баннери ўрнатилиб, бино тарихий кўриниши кўримсиз ҳолатга келтирилган.
Ўрганишлар давомида 53 та объектда ноқонуний ўрнатилган 99 та реклама баннерлари олиб ташланиши таъминланиб, маданий мерос объектлари кўриниши асл ҳолатига қайтарилди.
Шунингдек, 19 та объектда ноқонуний ўрнатилган 22 та реклама баннерини олиб ташлаш юзасидан мутасадди шахсларга ёзма кўрсатмалар берилди.