Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида пойтахти азимда замонавий кутубхона ва Алишер Навоий халқаро ижод мактабидан иборат маърифат ва маданият мажмуаси барпо этилишини ғурур билан айтганида, менимча, минг-минглаб йигит-қизлар — эртамизнинг муносиб эгалари қалбида янги-янги умид учқунлари пайдо бўлди. Зеро, 2021 йилда улуғ мутафаккир бобомизнинг 580 йиллик таваллуд санасини кенг нишонлаш, ҳазрат номидаги ижод мактабини очиш билан буюк аждодимизга муносиб ворисларни камолга етказиш назарда тутилган.
Мана шундай улуғвор, салоҳиятли ижод мактабига монанд миллий кутубхонанинг барпо этилишида ҳам ўзига хос ҳикмат бор, албатта. Унда илм нури, китоблар сеҳридан баҳраманд бўладиган ёш авлоднинг руҳи тоза, мақсадлари эзгу бўлиши аниқ. Алишер Навоийнинг “Қуёшлиғ истасанг касби камол эт”, “Одами эрсанг демагил одами, ониким йўқ халқ ғамидин ғами” каби бебаҳо мисралари уларни илмли, халқпарвар, юртсевар бўлишга чорлайди.
Илгари кўп йиллар давомида ўтказиб келинган Тошкент халқаро кинофестивали “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивали номи билан қайтадан тикланишини эшитиб, барча киноижодкорлар ҳамда мазкур соҳа вакилларининг кўнгли тоғдек кўтарилганига ҳам шубҳа йўқ.
Тошкент шаҳрининг марказида Миллий академик драма театри, машҳур япон архитектори Андо лойиҳаси асосида янги санъат музейининг қад ростлаши эса театр ва музейларимиз тарихи зарварақларига яна бир энг қувончли, муҳим тарихий воқелик сифатида муҳрланади. Зеро, бугун одамларимиз театр ва музейларга қайта бошлади. Улардаги асл жозибадорлик, миллий ўзлигимизнинг акси, ўлмас маънавий меросларимизнинг қадри қай даражада юқори эканини эндиликда халқимиз теран тушуниб етмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, келаси йилда маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга бюджетдан 420 миллиард сўм йўналтирилиб, ҳудудларда 22 та театр ва маданият объекти қурилиши ва реконструкция қилиниши кўзда тутилгани ҳам соҳа ривожига жиддий ёндашувдан далолатдир. Чиндан ҳам кейинги пайтларда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш билан боғлиқ ишларимиз анча сусайиб кетган эди. Уларни бус-бутунлигича келажак авлодга етказиш учун бугун тезкор эҳтиёт чоралар кўриш талаб қилинади. Президентимиз тўғри таъкидлаб ўтганидек, бу ишга нафақат мутасаддилар, балки ҳаммамиз бирдек масъул бўлишимиз керак. Ваҳоланки, ҳар битта маданий мерос халқимизнинг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Насиб қилса, тез орада уларнинг ҳисобини юритиш, сақлаш ва ҳимоясини таъминлаш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.
2021 йил юртимиз тарихида истиқлолимизнинг 30 йиллик тўйини нишонлаш йили экани билан ҳам алоҳида ўрин тутади. Мана шу сана муносабати билан пойтахтимиз марказида “Истиқлол” мажмуаси қад ростлаши эса барча-барчамизга шу тарихий йил билан боғлиқ энг гўзал хотиралар, улкан бунёдкорлик ишларини асрлар оша ҳам эсга солиб туради.
Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири