Форумнинг асосий мақсади экспортга йўналтирилган тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларга янги шериклар топиш ва тармоқни кенгайтириш, Озарбайжон компаниялари билан қўшма корхоналарни ташкил этиш учун имкониятларни яратишдан иборат.

Бизнес-форум дастурида 25 август куни ялпи мажлис бўлиб ўтиши режалаштирилган. Унда Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасида тўқимачилик соҳасида келгусидаги бизнес истиқболлар муҳокама қилинади. Бундан ташқари, 26-27 август кунларида икки томонлама учрашувлар ўтказилиши белгиланган.

Озарбайжон томонидан ишбилармонлик учрашувларида харидорлар, дистрибюторлар, тикувчилик корхоналари мутахассислари, ательерлар, чакана савдо тармоқлари вакиллари ва инвесторлар иштирок этади.

Ўзбекистондан эса 30 та етакчи тўқимачилик компанияси вакиллари қатнашиши кутилмоқда. Жумладан, юқори сифатли ихчам иплар, уй матолари, босма ва оддий бўялган матолар, болалар трикотаж маҳсулотлари,  турли хил пайпоқлар, қаттиқ дока ва калико, пахта матолари, тиббий кийимлар, тиббий ниқоблар, бўёқлар ишлаб чиқарувчи ва экспорт қиладиган корхоналар, иш кийимлари ишлаб чиқарувчилар ва бошқалар иштирок этади.

Икки томонлама учрашувлар «Caspian Event Organizers» томонидан махсус ишлаб чиқилган тўлиқ автоматлаштирилган майдончада бўлиб ўтади. Дастур компанияларга салоҳиятли шериклар билан учрашувларни мустақил равишда режалаштиришга ва уларни шахсий виртуал офисларида ўтказишга имкон беради.

«Made in Uzbekistan Textile» Online B2B  — Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни ривожлантириш агентлиги, «Ўзтекстилсаноат» уюшмаси, мамлакатимизнинг Озарбайжондаги элчихонаси ва Каспий тадбирлари ташкилотчилари томонидан ташкил этилмоқда.