Давлатимиз раҳбари 2020 йилда инсоният бошига келган жиддий синов — коронавирус касаллиги ва унинг халқимиз турмуш тарзига таъсири ҳақида тўхталиб ўтар экан, халқимиз бу қийин кунлардан ўзаро ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ўтиб келганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, саховатли халқимизнинг меҳру муҳаббати, ҳиммати қийин кунларда фуқароларимизга катта мадад бўлганини таъкидлади.
Кейинги йиллар давомида давлатимизда ёшлар сиёсатида кечаётган туб ислоҳотлар замирида келажак авлод камолотини таъминлаш, уларни жамиятнинг энг муҳим ташаббускори сифатида камол топтириш каби эзгу ғоя ётгани барчамизга яхши маълум. Мурожаатномада мазкур масалаларга ҳам алоҳида урғу берилиб, ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифаси экани қайд этилди.
Айниқса, фарзандларимизнинг таълим-тарбиясини янада яхшилаш, бу борада “Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” ғояси асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди.
Мазкур фикрларга ҳамоҳанг равишда Президентимизнинг кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном бериш хусусидаги таклифи барча юртдошларимиз томонидан катта хурсандлик билан қабул қилинди.
Давлатимиз раҳбари ёшларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича мавжуд кўрсаткичларни янада оширишда ўз фикрларини билдирар экан, бу борада, аввало, эҳтиёжманд оила фарзандларини қўллаб-қувватлаш энг муҳим вазифалардан бири эканини қайд этди. Жумладан, кейинги йилдан бошлаб олий ўқув юртларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун давлат грантлари икки баробар кўпайтирилиб, 2 мингтага етказиладиган, аъло баҳоларга ўқиётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларда яшаётган қизларга махсус стипендиялар жорий этиладиган бўлди.
Шунингдек, эҳтиёжманд оилалар фарзандлари, чин етим, ногиронлиги бўлган ва даволанишга муҳтож болаларга алоҳида меҳр-мурувват кўрсатиш бўйича янги тизим жорий этилиши таъкидланди. Унга кўра, 2021 йилда 900 нафар чин етимни уй-жой билан таъминлаш учун биринчи марта давлат бюджетидан 50 миллиард сўм ажратилади. Айтиш мумкинки, ҳаётга жорий этилаётган мазкур амалиёт орқали кўплаб эҳтиёжманд оилаларнинг турмуш тарзида қатор енгилликлар пайдо бўлади, ота-она меҳрига тўймаган юзлаб фарзандларимиз ҳаётида янги саҳифа очилади.
Мурожаатномада бир қатор соҳалар қатори маҳалла тизимидаги ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, юртимиздаги ислоҳотлар натижалари, содир бўлаётган ўзгаришлар ва бунга аҳолининг муносабати, уларнинг кайфияти, аввало, маҳаллада акс этиши, маҳаллада сезилиши зарурлиги таъкидланди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги ўз фикрларини давом этар экан, “...Маҳалла — ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгуси, десак, тўғри бўлади”, дея маҳалланинг одамлар ҳаётида нақадар муҳим маскан эканига муносиб баҳо берди.
Дарҳақиқат, бугун “юқоридан — қуйига” тамойили асосида барча соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар механизмида маҳалланинг ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда. Айниқса, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг жараёнлар марказида бўлиши, маҳалласидаги мавжуд муаммоларни энг муҳим масала сифатида маҳаллий ҳокимликлар олдига қўйиши бўйича янги амалиёт тизими яратилмоқда.
Президентимиз мазкур иш тизимини йўлга қўйиш учун бугунги кунда барча даражадаги раҳбарлар қуйига тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, натижаларни одамлар ўз ҳаётларида сезиши лозимлигини таъкидлади.
Маҳалланинг нуфузини ошириш, бунинг учун фуқаролар йиғинларининг моддий-техник имкониятлари, тизим ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш бўйича ўз тавсияларини билдирди.
Мазкур масалаларни тўлақонли ҳал этиш мақсадида жорий йилда туманлар бюджетига қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини бевосита маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга сарфлаш бўйича ишлар бошланиб, ушбу мақсадларга 70 миллиард сўм ажратилди. Энди эса бу ваколатлар янада кенгайтирилиб, туман бюджети харажатларининг яна 5 фоизини қўшимча равишда ана шундай мақсадларга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилади ва маҳаллалардаги аҳоли долзарб деб ҳисоблайдиган муаммоларни ҳал этишга сарфланади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида маҳалла тизими ходимларининг ваколат ва ҳуқуқларини ошириш бўйича аниқ масалаларни ўртага ташлар экан, маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга жойлардаги аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш учун зарур ҳуқуқ ва имконият бериш бўйича фикр билдирди. Энг муҳими, янги амалиётга кўра, энди маҳалла раиси маҳаллий ҳокимлик кенгаши мажлисларида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган масалаларни муҳокамага қўяди ва уларнинг ечими бўйича ўзининг аниқ таклифларини билдиради. Бу ташаббус, ўйлайманки, маҳалладаги аҳоли муаммоларини тезкор ҳал қилишда тизим ходимларига катта имконият беради.
Давлатимиз раҳбари маҳаллада меҳнат қилаётган малакали ва ташаббускор ходимларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизимини йўлга қўйилишида зарур кўрсатмаларни берди. Бунинг учун Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Вазирлар Маҳкамасига 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича зарур топшириқлар бериб ўтди. Мазкур ҳужжат лойиҳасида ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегараси, вазифа ва функциялари аниқ белгиланади.
Мурожаатномада юртимизда камбағалликни қисқартириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритилиб, давлатимиз раҳбари, жумладан, шундай деди: “Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак — камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак”.
Таъкидланганидек, ҳудудлардаги эҳтиёжманд оилалар билан манзилли ва тизимли иш олиб бориш бўйича юртимизда янгича иш тартиби — “Темир дафтар” тизими яратилди. Бунинг натижасида айни вақтда жойларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ҳақида аниқ маълумотлар шакллантирилиб, уларга зарур ижтимоий ёрдам кўрсатилмоқда. Айниқса, 2021 йилдан тўлиқ ишга тушириладиган “Ижтимоий реестр” орқали эҳтиёжманд оилаларга ўттиздан зиёд ижтимоий хизмат электрон шаклда кўрсатилиши юртдошларимизга катта қулайликлар яратади.
Мурожаатномада эҳтиёжманд аҳоли қатламини камбағалликдан чиқариш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди. Жумладан, юртдошларимизнинг ўз касбий кўникмалари орқали даромад топишини таъминлаш мақсадида 2021 йили маҳаллаларда аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш бўйича мингдан зиёд марказ ташкил этилади. Бу жараёнда касб-ҳунарга ўқитилган ҳар бир шахс учун ўқув марказларига бир миллион сўмгача субсидия берилиб, бунинг учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилади. Ўқув курсларини тамомлаб, ўз бизнесини бошламоқчи бўлган фуқароларга ускуналар харид қилиш учун 7 миллион сўмгача субсидиялар тақдим этилади.
Албатта, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бу каби ижтимоий қўллаб-қувватлов эҳтиёжманд оилалар ҳаётида катта ижобий бурилиш ясаши билан бирга, уларнинг доимий даромад топишида муҳим қадам бўлади.
Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг кенг қамровга эга ва ҳаётимизнинг турли жабҳаларини қамраб олган Мурожаатномаси халқимиз турмуш даражасини янада ошириш ҳамда жамиятимиздаги мавжуд муаммоларни тезкор ҳал этишдаги долзарб аҳамияти билан барчамиз учун қадрлидир.
Раҳмат МАМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,
Олий Мажлис Сенати аъзоси