Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиб, ҳуқуқ-тартиботни таъминлашда ижобий натижаларга ҳамда криминоген вазиятни сезиларли даражада яхшилашга эришилмоқда.

Бунда, ички ишлар органларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини, қишлоқлар, овулла ва маҳаллаларда жамоат тартиби сақланишини, фуқаролар хавфсизлигини, жиноятчиликка қарши курашишни бевосита таъминлайдиган профилактика инспекторларининг ўрни катта.

Жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг яхлит тизимини шакллантириш, ички ишлар органларининг энг қуйи бўғинидан республика даражасигача самарали фаолиятни йўлга қўйиш  ва замонавий иш услубларини жорий этиш орқали мамлакатимизда ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш, аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш устувор аҳамият касб этади.

2021 йил 26 мартда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички  ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармонда ички ишлар органларининг таянч пунктлари негизида маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканлари ташкил этилиши белгиланди. Таъкидлаш жоизки, маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани ҳудуддаги жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг асосий қуйи бўғини ҳисобланади.

Маскан негизида ҳудуддаги ички ишлар органларининг тегишли соҳавий хизматлари ҳамда Миллий гвардия ва бошқа давлат органларининг мувофиқлаштирилган фаолияти ташкил этилади. Шунингдек, маскан томонидан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш ишларини тизимли ташкил этиш ва мувофиқлаштириш вазифаси профилактика инспекторига юкланди.

Тизимга рақамли технологияларни қўллаш ва аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида, профилактика инспекторларига масофадан туриб мурожаат қилиш ва уни кўриб чиқиш жараёнини кузатиб бориш, аҳоли билан ўзаро тезкор мулоқотни йўлга қўйиш имконини берувчи “Smart маҳалла” дастури ишлаб чиқилмоқда.

Амалга оширилаётган ишлардан келиб чиқиб, жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси юзасидан маҳалла ҳуқуқ-тартибот маскани профилактика инспекторлари фаолияти самарадорлигини янада ошириш юзасидан  баъзи таклифларни илгари сурмоқчиман. Жумладан, ҳудудий давлат органлари томонидан профилактика инспекторларига уларнинг  ваколатига кирмайдиган масалалар юзасидан топшириқлар берилишини чекловчи ва бундай ҳолатлар юзасидан тегишли жавобгарлик чораларини назарда тутувчи қонунчиликни такомиллаштириш зарур. Бундан ташқари, профилактика инспекторларида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни содир этиш сабаблари ва шарт-шароитларини чуқур таҳлил қилиш, аниқлаш ва бартараф этиш бўйича назарий ва амалий кўникмаларини янада ривожлантириш ва бу буйича ҳудудий ички ишлар тузилмаларида махсус ўқув курсларини жорий этиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Дилдора БАЗАРОВА,

Тошкент давлат юридик университети

профессори  вазифасини бажарувчиси,

юридик фанлар номзоди