Ниҳоясига етиб бораётган жорий йил мамлакатимизда маҳалла тизими фаолиятини ривожлантириш, уни одамларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яқиндан биладиган тузилмага айлантиришда туб бурилишлар даври бўлди, десак асло муболаға эмас.
Хусусан, Президентимизнинг бу йил Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида маҳалла тизимининг жамият ижтимоий-маънавий тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, соҳа фаолиятини чуқур ислоҳ этиш мақсадида бутунлай янги мезон — “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили илгари сурилди.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг шу йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида мамлакатимизда оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, “Обод маҳалла — хавфсиз маҳалла” тамойилини амалга татбиқ этишга қаратилган янги тузилма — Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилиши бу борадаги саъй-ҳаракатларга янгича мазмун бахш этди.
Таъкидлаш лозимки, ўтган қисқа давр мобайнида соҳанинг ташкилий-ҳуқуқий асослари янада мустаҳкамланиб, оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тизимга янги иш услубларини кенг татбиқ этиш, маҳалла тизимига аҳоли муаммолари билан ишлаш учун етарли шарт-шароитлар яратиш, бир сўз билан айтганда, ушбу ноёб институт том маънода жамиятнинг миллий бошқарув идораси бўлиши учун унга яқиндан кўмаклашиш борасида қатор ишлар амалга оширилди.
Бироқ тан олиш лозим, ўтган бир йилга яқин вақт давомида вазирликнинг қуйи бўғини бўлган маҳалла фуқаролар йиғинларининг иш самарадорлиги аниқ ва кутилган натижани берди, дея олмаймиз. Хусусан, Президентимизнинг 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи, қолаверса, давлатимиз раҳбари берган алоҳида топшириқларга асосан, мазкур вилоят мисолида маҳалла тизимини ўрганиш жараёнида ҳали тизимда қилинадиган ишлар, ҳал этиладиган муаммолар талайгина эканига яна бир бор амин бўлдик.
Шу боис, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Хоразм вилоятининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида маҳалла институтининг ролини ошириш, тизимдаги ишларни “маҳаллабай” асосида ташкил этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Аввал ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ўсиш дастури “юқоридан — қуйига” тизими асосида шакллантирилар эди. Хоразм вилояти мисолида илк бор ҳаётга татбиқ этилаётган янги тизимга кўра, энди туманлардаги иқтисодий комплекс ходимлари ҳар бир маҳаллага бириктирилиб, ўз соҳасига доир масалаларни ҳал қилиб боради.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, маҳалла тизимида нега бу каби ўзига хос янги иш услуби амалиётга татбиқ этилмоқда? Бунга жиддий эҳтиёж бормиди?
Албатта, бундай янги тизимга эҳтиёж бор эди. Чунки Хоразм вилояти маҳаллалари фаолияти атрофлича ўрганилганда, маҳалла раислари ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги ишларига оид ҳисоботлар юритиш, солиқ йиғимларини ундириш, аҳолига кўмир ва озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш, ноқонуний қурилишларни бузиш, тизимга алоқаси йўқ турли йиғилишларда қатнашиш каби ўз фаолиятига мутлақо дахлдор бўлмаган юмушларга жалб этилаётганига гувоҳ бўлинди. Бунинг оқибатида эса маҳалла ходимлари аҳоли бандлигини таъминлаш, жиноятчиликка қарши курашиш, ажримларнинг олдини олиш каби ўзларининг бирламчи вазифалари билан шуғулланишга имкон ҳам, вақт ҳам топа олмаган.
Шу боис, бу каби камчиликларни бартараф этиш ҳамда давлат идораларининг маҳаллада ўз вазифасини тизимли равишда амалга ошириши бўйича аниқ дастур ишлаб чиқилди. Шу билан бирга, вазирлик ва тармоқлар, банклар вакилларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан Хоразм вилоятидаги мавжуд 519 маҳалланинг муаммолари атрофлича ўрганилиб, уларда яшовчи аҳолининг имкониятлари, одамларнинг даромадини ошириш, қайси йўналишлар бўйича иш олиб бориш кераклигидан келиб чиқиб, ривожланиш нуқталари белгиланди.
Унга кўра, вилоят маҳаллаларида чорвачилик, паррандачилик, ҳунармандчилик ёки бошқа ишлаб чиқариш имконияти мавжуд 11 та ўсиш нуқтаси аниқланди. Энди маҳалла фуқаролар йиғини раислари йирик тадбиркорларни аҳоли хонадонларига касаначилик тизимида ишлаш учун бириктиради. Бу орқали аҳоли бандлиги таъминланиб, оилаларнинг ҳаққоний даромади ошишига эришилади.
Шу ўринда яна бир масалага алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. У ҳам бўлса, соҳада фаолият юритаётган ходимлар малакасини ошириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, халқни безовта қилаётган муаммоларни ижобий ҳал этишда юқори малакали кадрлар таркибини шакллантиришдир.
Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифи давомида бу масалага алоҳида тўхталиб ўтаркан, бугунги кунда мамлакатимиздаги ислоҳотларни энг қуйи бўғинга етказишда маҳалла раислари билан бирга, маҳаллий раҳбарлар ҳам сусткашликка йўл қўяётганини жиддий танқид қилди.
“Маҳалла раисларини сайлаймиз, улардан кўп нарса талаб қиламиз, лекин бунинг учун маҳаллий раҳбарлар нима қиляпти, деган саволга аниқ жавоб йўқ. Энди давлат идоралари ходимларининг моддий манфаатдорлиги, одамларнинг розилигидан келиб чиқиб белгиланадиган тизим қиламиз. Солиқ, молия, бандлик, инвестиция, тадбиркорлик ва бошқа масалаларга масъул раҳбарлар маҳаллаларда ишлайди. Маҳалла раислари ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича уларга талаб қўяди. Ислоҳотларни энг қуйи тизимда бажаришнинг асоси шу”, дея таъкидлади Президентимиз.
Мазкур тизимни йўлга қўйиш учун дастлаб Боғот тумани мисолида 46 та маҳаллага 3 та банк бириктириладиган бўлди. Шу тарзда ташкилот ходимлари маҳаллаларга тақсимланиб, ҳудудга бириктирилган мутахассислар маҳалланинг ўсиш нуқталарини аниқлаши ва хонадонма-хонадон юриб, одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, маҳаллани иқтисодий ривожлантириш чораларини кўриши зарурлиги белгиланди.
Бундан буён давлат ташкилотлари вакиллари ҳамда вилоят ва тумандаги маҳаллий раҳбарлар маҳалла раислари билан бирга маҳаллада ишлаши, фуқаролар йиғини раиси ва унинг ўринбосарларига кўмакчи бўлиши, “маҳалла раиси — ислоҳотчи” тамойили асосида ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш бўйича янги тизим жорий этилишига алоҳида урғу берилди. Шу билан бирга, мазкур тизимни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда Давлат бошқаруви академияси томонидан маҳалла раисларини шу йўналиш бўйича ўқитиш юзасидан зарур топшириқлар берилди.
2020 йил 8 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида юртимизда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича янги иш тартибини жорий этиш, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни шакллантириш, бу орқали хотин-қизлар ва ёшлар билан ишлаш тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш, уларни ижтимоий-ҳуқуқий ва психологик қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва бандлигини таъминлаш вазифалари белгиланган эди.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси ва тегишли ҳамкор ташкилотлар, ҳокимликлар вакилларидан иборат Республика ишчи гуруҳи шу йилнинг октябрь-ноябрь ойларида 28 та туман ва шаҳардаги хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганди. Шу асосда “Аёллар дафтари” жорий этилди ва янги тизим асосида ҳокимликлар билан ҳамкорликда қатор ишлар бажарилди. Шу билан бирга, айни кунларда қолган туман ва шаҳарларда ҳам мазкур тизимни тўла татбиқ этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига сафари давомида мазкур масалага ҳам алоҳида тўхталиб ўтар экан, юртимиздаги қайси оилага кирилмасин, аёлларни қийнаётган муаммо, албатта, ижобий ҳал қилиниши зарурлиги, шу пайтга қадар бу жиддий масалага панжа орасидан қараб келингани, хотин-қизлар ҳолидан фақат байрамлардагина хабар олинганини куюниб сўзлади. Мамлакатимизда “Аёллар дафтари” жорий этилгани, бундан буён хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг кайфияти, руҳий ҳолати билан тизимли равишда ишлаш лозимлигини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, Президентимиз маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб, маҳалла ходимлари ҳар бир содир этилган ҳуқуқбузарликдан хабардор бўлиши, ушбу салбий ҳолатни жиноят содир этган шахснинг ота-онаси билан муҳокама қилиши кераклигини ҳамда бундан буён маҳалла тизими ходимларининг ойлик маоши ҳудудда жиноятчилик жиловлангани, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” билан ишлашдаги натижаларга қараб оширилишини қайд этди.
Давлатимиз раҳбари белгилаб берган ушбу топшириқ ҳамда вазифаларнинг ҳаётга тўла татбиқ этилиши натижасида маҳалла тизимини ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, одамлар дардини тинглаш, тизимдаги мавжуд муаммоларга ечим топиш, оилавий ажримлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш каби муҳим вазифаларни тўла-тўкис бажариш, соҳада меҳнат қилаётган фидойи ходимларга зарур шарт-шароитлар яратишга, албатта, эришилади.
Раҳмат МАМАТОВ,
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири,
Олий Мажлис Сенати аъзоси