Ҳар бир маҳаллага олий маълумотли, иқтисодиёт соҳасида камида 2 йил меҳнат стажига эга бўлган, ҳудуднинг шарт-шароитини яхши биладиган, тадбиркорликни ривожлантириш, фуқароларнинг бизнес лойиҳа ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш тажрибасига эга бўлган шахс мазкур лавозимга қўйилган.
Ҳоким ёрдамчилари маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш ва янги иш жойларини яратишга масъул бўлиб, ер, кредит, инфратузилма, касбга ўқитиш ва бошқа зарурий кўмак бериш тизимини йўлга қўяяпди, ўз «бюджети» бўлиб, эҳтиёжманд оилаларга субсидиялар ажратиш, жамоат ишларига жалб қилишни ташкиллаштиряпти.
Ҳоким ёрдамчиларига амалий ёрдам бериш мақсадида, иқтисодиёт идоралари ва тижорат банклари раҳбарлари бириктирилган. Бу маҳалла муаммоларини эрта аниқлаш ва ечим топишда катта имкониятлар яратиб беришига ишонамиз.
Аҳоли бандлигини таъминлаш, аҳолини камбағалликдан чиқариш, фуқароларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш — буларнинг барчасини амалга ошириш учун ҳоким ёрдамчилари бор куч-ғайратини ишга соляпти.
Хоразм вилояти Боғот туманидан Самандар Вапаев ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди. У ҳозир кўп тармоқли тадбиркор сифатида биогумус, чорва моллари, қўй, товуқ ва асаларичиликни йўлга қўйган.
Ҳовлисида мўъжазгина иссиқхона ташкил қилиб, саримсоқ пиёз етиштириб сотишни йўлга қўйган Юлдуз Тухтаева «даромад топиш учун фаслнинг фарқи йўқ» деган сўзларни ўзига шиор қилиб олган.
Бу бошланган ишларнинг ҳаммасида, шубҳасиз, маҳаллаларимизда яқиндан бошлаб иш олиб бораётган ҳоким ёрдамчиларининг ҳиссаси катта.
Умида Отажонова,
Республика маънавият ва маърифат маркази
Боғот туман бўлинмаси мутахассиси.