Уй қурилиши ёки таъмирига бел боғлаган инсон, аввало, қурилиш матераллари ҳақида бош қотиради. Бир неча йиллар олдин асосан хориждан қиммат нархларга олиб келинадиган бу турдаги маҳсулотлар бугун ўзимизда, сифатли, кенг тур ва ҳамёнбоп нархларда ишлаб чиқарилаётгани аҳолига енгиллик яратмоқда.

Бир йил муқаддам Қашқадарё вилояти Ғузор туманида “DSX Lider Super House” МЧЖ шаклидаги шифер заводини ташкил қилган ёш тадбиркор Авзалбек Мўминов Мустақиллигимизнинг 30 йиллик шодиёналари арафасида ишлаб чиқариш корхонасининг 3-линиясини ишга туширди.

— Ҳозирги кунда бизнинг корхона вилоятдаги ягона шифер заводи ҳисобланади, — дейди МЧЖ раҳбари Авзалбек Мўминов. — Шу боис, буюртмаларимиз ниҳоятда кўп. Баъзан маҳсулот ишлаб чиқариб, харидорларга етказиб беришга улгурмаймиз. Иш ҳажмимиз Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари билангина чекланиб қолгани сабабли, уни янада кенгайтириш мақсадида заводнинг 3-линиясини ишга туширдик. Эндиликда, йилига 6-7 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариб, уларни республикамизнинг бошқа вилоятлари ҳамда хориж давлатларига экспорт қилишни режалаштирганмиз.

Лойиҳа қиймати 3 миллион АҚШ доллари бўлган мазкур корхона тадбиркорнинг ўз маблағи ҳамда унга ажратилган имтиёзли кредит асосида ташкил этилди. Заводнинг битта линиясида суткасига 2 минг дона шифер ишлаб чиқарилган бўлса, эндиликда, бу кўрсаткич 10-12 минг донага етиши айтилмоқда.

Умумий майдони 2,5 гектар бўлган завод Хитойдан олиб келинган энг замонавий шифер ишлаб чиқариш линиялари билан жиҳозланган. Айни пайтда корхонада меҳнат қилаётган 120 нафар ишчининг асосий қисмини ёшлар ташкил этади. Улар замонавий технологияларни бошқариб, бир-бирига занжир каби уланган иш тизимининг тўғри ишлашига жавоб беради.

Авзалбек аканинг айтишича, заводда энг кам ойлик маош 2 миллион сўм. Янгитдан ишга тушган 3-линияда яна 50 нафар ишсиз, кам таъминланган ёшлар иш билан таъминланади. Корхона раҳбарининг таъкидлашича, ишлаш истагидаги ва қизиқиши бўлган исталган ёш ишга қабул қилиниб, мутахассисларнинг ўзлари уларга малака ўргатади.

Заводда иш аввали лой қоришмаси тайёрлашдан бошланади. Сўнг улар махсус қолипларга солиниб, печкага киритилади. 6-8 соат оралиғида тайёр маҳсулот ҳолига келади. Ишлаб чиқариш жараёнида шиферлар сифати йўқолмаслиги учун барча жараён, хусусан, аралашманинг қолипларга тўғри тушиши, текислиги доимий назоратга олинади. Қурилиш материали тўлиқ маҳаллий хомашёдан тайёрланиб, унинг асосий қисмини цемент ташкил этади.

Соҳада яратилаётган  имконият ва қулайликлар маҳаллий тадбиркорлар, хусусан, қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи корхоналар учун бир қатор енгилликлар бермоқда.

— Давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан юзма-юз учрашуви бизга катта куч берди, — дейди корхона раҳбари Авзалбек Мўминов. — Муаммоларимиз очиқ айтилди, янада кўплаб имтиёзлар тақдим этиладиган бўлди. Албатта, бу бизга билдирилган катта ишонч ва масъулиятдир. Янада кўпроқ ишлашимизга мотивация бўлди, десам адашмайман. Корхонамиз бу ишлар билан тўхтаб қолмайди, имкониятлардан фойдаланиб, фаолиятимизни бунданда кенгайтириш устида иш олиб борамиз.

 Ҳа, Авзалбекнинг олдига қўйган мақсадлари бисёр. Ҳар бир нарса инсоннниг ўзидан, ҳаракат қилган, албатта, ниятига етади, деган шиорга амал қиладиган ёш тадбиркор яқин ойларда заводига гипсокартон ишлаб чиқариш линиясини ўрнатмоқчи. 2022 йилдан бошлаб ушбу турдаги қурилиш материалини ишлаб чиқаришни, фаолиятини кенгайтириш орқали янада кўпроқ ёшларни иш билан таъминлашни мақсад қилган.

Ирода ТОШМАТОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири