Президентимиз Фарғона вилоятига ташрифи чоғида ҳудудларни ривожлантиришда уларнинг ўзига хос хусусиятидан ва аҳоли кўникмаларидан келиб чиқиб иш тутиш, янги иш ўринларини яратишда ички имкониятларни ишга солиш, қайта ишлаш даражасини ва маҳсулотлар турини ошириш, кичик саноат зоналарини ташкил этиш асосида маҳаллий саноатни янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади. Таҳлиллар бу борада имкониятлар кенглигини, уларни ишга солишда саъйи ҳаракатларни жадаллаштириш лозимлигини кўрсатмоқда.
Вилоятда маҳаллий саноатни ривожлантириш ва рақобатбардош маҳсулотларни ўзлаштириш борасида амалга оширилаётган ишларга шу нуқтаи назардан ёндашилганда қандай манзара ҳосил бўлади?
—Энг аввало, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турларини кўпайтиришга бўлган эътибор кундан кунга ортиб боряпти, — дейди Фарғона вилоят ҳокимининг маҳаллий саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ёрдамчиси Акмалжон Пўлатов. — Натижада маҳаллийлашган саноат, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ошиши баробарида юзлаб янги иш ўринлари вужудга келяпти. Ўтган йили вилоятида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 116 та лойиҳа амалга оширилиб, 969,7 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилган. Бунинг ҳисобига 89,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги валюта тежалишига эришилган.
Президентимизнинг 2022 йил 25 январдаги «Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига асосан, жорий йилда 142 та лойиҳа ишга туширилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми бир триллион сўмга етказилади. Жумладан, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари, кимё саноатида, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш материаллари, фармацевтика, металл, чарм-пойабзал, машинасозлик ва мебелсозлик йўналишларида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш назарда тутилган.
«ЭЛEКТРОН КООПEРАЦИЯ» ПОРТАЛИ ҚАНДАЙ МАНФААТ КEЛТИРАДИ?
Маълумотларга қараганда, Фарғона вилоятида жорий йилнинг дастлабки уч ойида фаолият кўрсатаётган 7478 та ҳудудий корхоналардан 6080 таси «Электрон кооперация» порталидан рўйхатдан ўтган. Шундан 5879 та корхонанинг 3011 тур ва 10547 хилдаги маҳсулоти порталга киритилиб, уларнинг қамров даражаси 96,7 фоизга етган.
Шу ўринда савол туғилиши табиий: хўш корхона ўз маҳсулотини порталга жойлади, ундан қандай манфаат кўради?
— Унинг асосий афзаллиги шундаки, мазкур савдо майдони нафақат маҳаллий корхоналарга таъминот занжири бўйича алоқаларни муваффақиятли ўрнатишда ёрдам беради, балки маҳаллий маҳсулотларнинг хилма-хиллигини кўпайишига ҳам хизмат қилади, — дейди Акмалжон Пўлатов. — Дастур фаолияти шундай йўлга қўйилганки, ишлаб чиқарувчининг маҳсулоти сертификатлаштирилмаган бўлса, электрон портал уни қабул қилмайди. Тузилган шартнома муддати бузилса, келишув бўйича белгиланган устама ҳақ тўланади. Платформада рўйхатдан ўтиш, маҳсулотларни жойлаштириш ва савдоларда иштирок этиш мутлақо бепул.
Буюртмани ўз вақтида бажаришдан биринчи галда ишлаб чиқарувчиларнинг ўзи манфаатдор. Истеъмолчи маҳсулотини қабул қилиб олганлиги ҳақида хабар электрон маълумот порталига келиб тушган заҳоти унинг «банки»даги шартномавий сумма ҳисобварақага ўтади. Тўлов кафолотига келганда, буюртмачининг тузилган шартнома бўйича келишилган сумма порталга тушмагунча, электрон тизим маҳсулотни етказиб беришга йўл бермайди.
Портал орқали маҳаллий маҳсулотларнинг таснифлари, сифат кўрсаткичлари, бозордаги ҳажми, шунингдек, импорт қилинаётган ва экспортга йўналтирилаётган товарлар хусусида онлайнда ахборотга эга бўлиш ҳам тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Айни кезда маҳсулотни ортиқча харажатларсиз, ўз нархида ва ўз вақтида харид қилиш мумкин. Порталга бирон бир деталь ёки хомашёнинг номини киритишингиз билан ишлаб чиқарувчиларнинг ўнлаб таклифлари пайдо бўлади. Бу тадбиркорларга талаб ва таклиф асосидаги электрон хизматни таъминлайди ва шу аснода коррупциянинг ҳам оёғига болта уради.
Президентимиз раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда «Электрон кооперация» портали орқали тузилган шарномалар ижросини ўз вақтида таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.
Фарғона вилоятидаги аҳвол шу жиҳатдан таҳлил этилганда, маҳаллий саноат корхоналари томонидан маҳсулот етказиб бериш бўйича умумий қиймати 409,4 миллиард сўмлик 2926 та шартнома расмийлаштирилганлиги маълум бўлди. Бу борада ижро этилган шартномалар миқдори 374,7 миллиард сўмни ташкил этган. Шу боис қолган шартномаларни ҳам ўз вақтида бажаришнинг аниқ чоралари кўриляпти.
ИСТИҚБОЛЛИ ЛОЙИҲАЛАР, ЯНГИ МАҲСУЛОТЛАР
«Фарғонаазот» ациядорлик жамиятида 30 турдаги минерал ўғит, кимёвий эритмалар, аммиак, нитрат кислотаси, суюқ ва газсимон кислород, азот, шунингдек 10 дан ортиқ бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Жорий этилаётган маҳаллийлаштириш дастури доирасидаги лойиҳалар мавжуд имкониятлар кўламини янада кенгайтиради.
Айни кунда корхона негизида «Меламин ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, саноат кластерини ташкил этишга замин ҳозирлайди ва 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. У автомобилсозлик, қурилиш, тўқимачилик сингари соҳалари учун жуда зарур хомашё ҳисобланади. Ламинатланган ДСП ва МДФ, қатламли қоғоз пластиклар, пресс-композиция ва идиш товоқ-маҳсулотлар, лак-буёқ эритмалар ҳамда меламин-формальдегид қатрон каби импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турларини кенгайишига йўл очади.
Жамиятда «Корд ва техник матоларни ҳамда полиефир штапель толасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳасини тадбиқ этиш бўйича ҳам иш олиб борилмоқда. Корхона фойдаланишга топширилгач, автомобиль шиналари ишлаб чиқаришда қўлланиладиган, импорт қилинаётган корд ва конвейр ленталари учун техник матолар, республикамизда кундан кунга ривожланаётган енгил саноат тармоғи учун полиефир штапель толалари тайёрлана бошланади. Бу жараёнлар 350 дан ортиқ мутахассис-ходим томонидан бажарилиши зарур. Бу — шунча янги иш ўрни дегани.
— 2025 йилгача мўлжалланган истиқболли дастурлар доирасида мавжуд аммиак, карбамид ва аммиакли селитра ишлаб чиқаришларини модернизация қилиш ҳамда азот кислотаси цехини кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилади,—дейди «Фарғонаазот» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Умидилло Миллабаев. — Бунинг натижасида аммиак, карбамид, амиакли селитра, азот кислотаси сингари маҳсулотларни тайёрлаш ҳажми янада ортади.
Корхонада кейинги пайтда янги тураги фосфомочевина минарл ўғитини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Сода цехининг халқ истеъмол моллари бўлинмасида «Темир ИИИ хилорид» маҳсулотининг тажриба намунаси яратилди. Маҳаллий хомашёдан фойдаланган холда аммиакли селитра ишлаб чиқаришда сўнгги ишлов беришда «НовоФИоw-3047 ” анти-ёпишқоқ ўрнини босувчи бу маҳсулот аммиакли селитра ишлаб чиқариш жараёнида қўлланилади.
Жамият қошида илмий-инновациялар марказ фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу ерда кимё саноати фаолияти ривожига ҳисса қўшиш, тармоқлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, таҳлилий ва илмий-тадқиқод лабораториялари, фундаментал тадқиқодлар, маркетинг бўлимлари ва тажриба -эксперимент майдончалари ташкил этилган. Бу кимё саноатини ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш имкониятини бермоқда.
ХАРИДОРГИР МАҲСУЛОТЛАР ВА ИМТИЁЗЛАР
«Қўқон» эркин иқтисодий зонаси импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш марказига айланган десак муболаға бўлмайди. Бу ерда умумий қиймати 315,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 97 та инвестиция лойиҳаси жойлаштирилган. Йил охирига қадар яна 35 та истиқболли лойиҳа ишга туширилиши мўлжалланган..
—Шу кунга қадар фойдаланишга топширилган 62 та саноат корхонаси томонидан умумий қиймати 553,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди, — дейди «Қўқон» эркин иқтисодий зонаси дирекцияси директори Фаррух Раҳмонов. — Бунинг аксар қисми ички ва ташқи бозор учун ҳаридоргир бўлган қурилиш, маший теника, чарм пойабзал, авомобил бутловчи қисмлари, тўқимачилик, озиқ-овқат ва ноозиқ овқат сингари ўндан ортиқ маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади. Қарийб йигирма миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилгани уларнинг рақобатдошлигини кўрсатади.
Маълумки, махсус иқтисодий ҳудудда иш олиб бораётган лойиҳа иштирокчилари фойда, ер, мулк ва сув солиқлари бўйича имтиёзларга эга. Шунингдек, уларга маҳсулот ишлаб чиқариш ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи қисмлар, хомашё ва материалларни импорт қилганда қўшилган қиймат солиғи ҳамда божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилган. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва инвестиция битимига мувофиқ, инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун барпо этиш даврида белгиланган тартибда олиб кирилган қурилиш материаллари, тасдиқланган рўйхат бўйича технологик ускуналарнинг ўхшаши мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиганини келтириш хамда маҳсулотларни экспортга реализация қилиш учун фойдаланадиган хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилганда божхона тўловлари тўланмайди.
Айни пайтда ҳудуддаги корхоналарнинг 25 турдаги саноат маҳсулотини ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалари ҳудудий маҳаллийлаштириш дастуридан ўрин олган. Хусусан, шу йўналишда иш олиб бораётган «Cранд Арт cласс» масъулияти чекланган жамияти томонидан маҳаллий хомашёлардан тайёрланаётган маҳсулотларга талаб юқори. Малакали мутахассислар бозор талаб ва талифларидан келиб чиқиб, сифатли ва бежирим буюмлар тайёрлашга эътибор қаратмоқда.
— Маҳаллийлаштирш дастури доирасида 25 миллион АҚШ доллари қийматидаги 5 та лойиҳа бўйича иш олиб боряпмиз, — дейди корхона раҳбари Содиқжон Солиев. — Суъний тери, нотўқима маҳсулотлар, пойабзал учун тагликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.
МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЯГОНА
Марғилон шаҳрида ишга туширлган «Узwоолентех» Ўзбекитон–Хитой қўшма корхонаси ташкил этилгани юртимиз тўқимачилик тармоғида янги босқични бошлаб берди.
Корхонада жун калава ип асосида йилига 2 миллион погон метр жун аралашмали мато ишлаб чиқарилмоқда. Бу матолар асосан ҳарбийлар, аэропорт, меҳмонхона ва бошқа хизматлар ходимлари учун кийимлар тайёрлашда қўл келади.
—Халқаро сифат стандарти асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимиз ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қоплайди, — дейди корхона бош менеджери Шавкат Собиров. — Бундан ташқари, яқин қўшн давлатларга ҳам экспорт қиляпмиз. Шу пайтга қадар Марказий Осиёдаги турдош корхоналарнинг аксарият жун аралашмали матони Хитойдан харид қилган. Иннвацион технологиялар ва уни бошқараётган малакали кадрлар томониидан янги турадаги маҳсулот ишлаб чиқариш имкониятн юзага келтиридди, юзлаб янги иш ўринлари яратилди.
«Узwоолентех» корхонаси жун аралашмали матони тўқишда фойдаланадиган калава ипни корхонанинг ўзида ишлаб чиқариш қуввати ҳам ишга туширилди. Умумий қиймати 6 миллион долларидан зиёд бўлган лойиҳа йилига 840 тонна калава ип тайёрлаш имконини беради.
«Wинчемиcал» Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси наинки Марзий Осиёда, балки МДҲда ҳам ягона. Деворбоп декоратив қопламалар нам ва сув ўтказмаслик, энергия тежамкор хусусиятлари билан ажралиб туради. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати бир миллион погон метр.
— Маҳсулотларимиз ички ва ташқи бозорда харидоргир, — дейди истиқболли ривожлантириш ва инвестициялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аброржон Ҳожиболаев. — Айни кунда деворбоп декоратив қопламаларни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Россия Федерациясига экспорт қиляпмиз. Эндиги мақсадимиз ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, турларини кўпайтириш ва янги иш ўринларини яратишга қаратиляпти.
ИҚТИСОДИЙ ТEЖАМКОРЛИК САМАРАЛАРИ
Мазкур маълумот эътиборимизни тортди. Маҳаллийлаштириш доирасида жорий этилган янги лойиҳалар «Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси «АЖга йилига 40 миллиард сўмдан ортиқ маблағни иқтисод қилиш имконини беряпти. Хўш, бундай тежамкорликка қандай қилиб эришилди?
— Масалан, электр узатиш тармоқларини модернизация қилиш ва янгиларини қуришда кўтарма изоляцияланган симлардан фойдаланилади, —дейди жамиятнинг иқтисодиёт ва истиқболлаш бўлими бошлиғи Икромжон Мадумаров. — Ишлаб чиқаришга жорий этилган янги технология 6 хил ўлчамга эга бўлган мазкур маҳсулот учун арматуралар тайёрлаб беради. Натижада, маҳсулот таннархи камайди. Агар ЭС-1500 русумли маҳсулот ташқи бозорда 20 минг 700 сўм турса, корхонада уни тайёрлашга 12 минг 724 сўм сарфланади. Натижада йилига 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ тежаб колинмоқда.
Жамиятда қиймати 601 миллион сўм бўлган лойиҳа доирасида бетон танячлари ишлаб чиқариш цехи ҳам ташкил этилган. Янги қувватнинг ишга туширилиши натижасида ортиқча сарф-харажатлар камайди. Темир-бетон таянчлар ишлаб чиқарилиши билан уларни ўзаро мустаҳкамлаш ва симларни осиш учун қўлланиладаиган металл констуциялар шу кунга қадар «Электроқишлоққурилиш» АЖнинг Наманган шаҳрида жойлашга корхонасидан сотиб олинган. Эндиликда бунга ҳожат қолмади. Янги сеҳда тайёрланадиган металл констукцияларнинг таннархи бошқа корхоналардан олинаётган маҳсулотларга исбатан бирмунча арзон. Мисол учун бир дона ОГ-2 траверсини ишлаб чиқариш 87 минг 813 сўмни ташкил қилади. Авввалари эса бу маҳсулот 231 минг сўмдан харид қилинган. Янги лойиҳани ишга тушиши туфайли йилига 287 миллион сўмдан ортиқ маблағ иқтисод қилинмоқда.
Ишлаб чиқариш тармоғида амалга оширилаётган истиқболли ташаббуслар туфайли шу кунга қадар 26 турдаги электр қурилма ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйидди.
Фарғона вилоятида маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган ва импорт ўрнини босаётган лойиҳалар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Улар ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишини таъминлашда импорт бўлаётган тайёр маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва маҳаллий саноатни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутяпти.
Олдинда турган вазифалар кўлами катта. Маҳаллийлаштириш борасида саноат тармоқлари, йирик корхоналар билан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида «маҳсулотбай» кооперацияни йўлга қўйиш, маҳаллий корхоналарни янги рақобат муҳитига мослашишини тезлаштириш учун илм ва инновациядан кенг фойдаланиш, янги бозорларга кириш учун маҳаллий саноатга халқаро стандартларни кенг жорий қилиш каби долзарб вазифаларни бажариш зарур бўлади. Улар ижроси муваффаққиятлар салмоғини янада оширади, рақобатбардош маҳсулотларнинг энг замонавий турларини ўзлаштириш ва янги иш ўринларини кўпайишига кенг йўл очади.
Расулжон КАМОЛОВ,
Абдурауф ҚОРЖОВОВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбирлари