Асли Навоий вилоятининг Қизилтепасида туғилган Феруза Қурбонованинг анчадан буён пойтахтда истиқомат қилаётганига ижодкорлиги сабаб. Унинг болаликдан расм чизиш, тикишга меҳр қўйганини кўрган онаси астойдил қўллаб-қувватлади. Кейинчалик рассомчилик, тикувчилик тўгаракларига берди.

 Пойтахтдаги нуфузли лицейни рассомчилик йўналиши бўйича тамомлаган Ферузанинг дизайн соҳасига ҳам муҳаббати ортди. Ўқишини шу йўналишдаги коллежда давом эттирди. Тошкент давлат Техника университетида олий маълумотли бўлди. Айни пайтда магистратура босқичининг 2-курсида таҳсил олаётган қаҳрамонимиз миллий кийимлар, миллий тақинчоқларни замонавий услубда ясашга қизиқади. 2015 йилдан “Ҳунарманд” уюшмасига аъзоси.

Дастлаб республика миқёсидаги кўргазма ва фестивалларда, 2018 йилдан бошлаб эса халқаро кўргазмаларда ҳам иштирок эта бошлади. Хусусан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистонда ўтказилган нуфузли фестиваллар, Амстердам, Бельгия, Голландия, Парижда элчихоналар куни муносабати билан ўтказиладиган “Embassy day” фестивалларида Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қилиб келди.

— Сўнгги йилларда ҳунармандларга катта имкониятлар яратилди. Масалан, имтиёзли кредитлар, солиқлар масаласида. Аввал чет давлатларга кўргазмаларга чиқиш учун божхонадан қиймати 5 минг долларгача бўлган юкнигина олиб чиқиб кетишимиз мумкин эди. Ҳозир ана шу чекловлар олиб ташланган. Қолаверса, миллий каталокка кирган ҳунармандлар учун божхона хизматларида 25 фоизгача имтиёз бор. Бу имкониятларнинг барчаси учун Президентимизга раҳмат, — деди биз билан суҳбатда ёш ҳунарманд.

Дарҳақиқат, бугун “Ҳунари бор хор бўлмас” деган мақол том маънода ўз ифодасини топмоқда. Ҳунармандлар учун имтиёзлар, ҳунармандчилик марказларида уларнинг оилавий яшашлари учун алоҳида шароитлар мавжуд. Ферузанинг ҳам шахсий устахонаси, сотув дўкони бор. Дўконга ташриф буюрган туристлар миллий либос ва тақинчоқларимизга ҳайрат ва катта қизиқиш билан қараши, санъат асари сифати эътироф этиши  ёш ҳунармандни янги ғояларга, ижодга ундарди. Европа давлатларида кўп юмушлар автоматлашиб кетгани, қўл меҳнати эса жуда қадрланишига  гувоҳ бўлган.

— Улар шундай машаққатли меҳнатни аёллар уддалаётганига қойил қолишади, — дейди у. — Энг муҳими, маҳсулотларимизга Ўзбекистонда ҳам, чет элда ҳам эҳтиёж бор. Айниқса, миллий либос ва тақинчоқларимиз жозибасини қадрлаётгани қувонарли.

Қаҳрамонимизнинг айтишича, тақинчоқлар тошларининг оддий, табиийлигига қараб 200 мингдан уч миллион сўмгача сотилади. Яна бир жиҳати борки, ушбу тақинчоқларни ҳар доим тақиб бўлмаса-да, қадрлашади, асраб авайлашади.  Шу боис  Феруза ва унинг шогирдлари ҳар битта буюм  сифатини узоқ вақт сақлаб  қоладиган даражада ясашга ҳаракат қилади. Шунингдек, маҳсулотлари тери касалликларини чақирмаслигига ҳам кафолат беришади. Шунинг учун ҳам улар ясаётган тақинчоқларга буюртмалар кўп.

Ёш ҳунарманд фаолиятининг ўзига хослиги шундаки, у 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган мижозлар билан индивидуал ишлашни йўлга қўйган. Яъни барчага бир хил тақинчоқ тавсия этилмайди. Мижозларнинг бўй-басти юз шакли, терисининг рангигача эътиборга олиниб, айнан харидор хоҳлаётган буюм ясаб берилади. Зеро, ҳар ким ўзининг кўнглидаги кийими-ю буюми бўлишини истайди. Тақинчоқ дизайни жуда ёқиб қолган мижозлар талаби билан маҳсулот кумуш ёки тилладан ҳам ясаб берилади. Юқорида айтганимиздек, ҳунармандимиз тикувчиликдан ҳам хабардор. Миллий тақинчоққа уйғун либос тикиш, либосга монанд тақинчоқ ясаш бетакрор дизайнерлик ва ижодкорликни талаб қилади.

Бир пайтлар атига 12 минг сўм билан иш бошлаган Феруза бу пулга тақинчоқ учун керакли мунчоқларнигина сотиб ололган. Иш қуроли бўлмагани боис битта зиракни (қўлида чақалоғи билан) заргарлик дўконида ўтириб ясаган. Ўшанда 12 минг сўми унга 38 минг сўм бўлиб қайтган. Аввалига маҳсулотига нарх қўйишни ҳам билмаган ҳунарманд фақат меҳнати учун пул олган. Аслида тақинчоққа ишлатилган металл, меҳнат, дизайн ҳаммаси ҳисоб-китоб қилиниб, нарх белгиланади. Буларни ҳам ўрганиб олгач, унинг тадбиркорлик фаолияти бошланиб кетди. Тўғриси, ёш тадбиркор ўз фаолиятининг тезда ривожланиб кетишига ишонмаган. Лекин ўз брендини яратиш нияти уни ҳамиша ишлаш, изланишга ундади.

Айни пайтда Феруза “F.F collection” бренди остида миллийликка уйғунлаштирилган замонавий аксессуарлари, миллий либослари билан танилиб бормоқда. Бундан ташқари у миллий соатлар дизайнини ҳам ярата олди. Моҳир ҳунарманд металл қуядиган технологиялар орқали маҳсулотларига керакли метални ҳам ўзи тайёрлашни орзу қилади. Бу бўйича  ўз таклифларини ҳам берган. Ўйлаймизки, яқин келажакда унинг бу эзгу мақсади ҳам амалга ошади. Зеро, бугун юртимиз ёшларининг хайрли ишлар йўлидаги мақсадларига раҳбарлар ҳам ҳайрихоҳлик билдиряпти. Бу эса юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларнинг сезиларли даражада жонланганидан далолатдир.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири