Ўқитувчи аёл эртанги дарсга тайёргарлик кўряпти. Мавзуни ўқувчиларга янада қизиқарли ва тушунарли бўлиши учун турли кўргазмали қуроллар тайёрламоқда. Болаларининг эса унга айтарлари кўп.

Пахта далалари, унда эгилиб-букилиб ишлаган ўқитувчию, ўқувчилар, мурғак болалар узоқ ўтмишда қолган хотиралар эмас. Афсуски, Ўзбекистон 2016 йилгача ана шундай ачинарли ҳолатга йўл қўйган, мажбурий меҳнат оғизда йўқ дейилсада, амалда қўлланган мамлакатлар қаторида эди. Қишлоқ болалари ҳамон пахта теримига олиб чиқилар, отадек улуғ зотга қиёсланган устозлар эса мажбурий меҳнат аталмиш азобни тез-тез бошидан кечирарди. Бунинг оқибатлари эса мамлакат иқтисодиёти, айниқса, инсон қадри тушиб кетишига олиб келгани рост.

 Далаларнинг “болалари”

 “... Иккинчи курсда пахтага бордик. Бўка районига. Четдаги бир колхозига. Мана шу ўзимизнинг Сурхон воҳасига ўхшаб кетадиган жойлар экан: ҳар қадамда қиёқлар ўсган. Боғ-боғ ёш қамишни таги билан ўтқазиб қўйгандай. Ери жиққа ажриқзор. Мол ўтлайдиган, болалар чиллак ўйнайдиган ер-да!”

Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбеклар” ҳикояси шундай бошланади. Негадир пахта далаларини кўрганимда шу асар ёдимга тушади. Балки унда ҳам пахта терими ҳақида гап боргани учундир. Ҳар ҳолда, асарда пахта теримининг завқи тасвирланмаган. Аксинча, яқин йилларгача мажбурий меҳнатга айлантирилган бу машаққатли ишнинг оғир шароитлардаги ачинарли ҳолати акс этади.

 

 

Ҳозирги авлодни билмадигу лекин катта авлод вакилларидан кўп  йиллар давомида “оқ олтин”, дея эъзозлаб келинган пахта ҳақида фикр сўрасангиз, афсуски, ижобий жавоб ололмайсиз. Чунки пахта машаққатини улар жуда яхши билишади. Шу боис, улар пахта билан боғлиқ ўнлаб, юзлаб нохуш воқеа ва манзараларни қаторлаштириб тасвирлаб беришлари мумкин.

Чиндан ҳам, Ўзбекистонда оқ пахтанинг қора ўтмиши бор. Мана шу ўтмиш, том маънода бизнинг яқин йиллардаги тарихимизга катта таъсир қилди. Ўзбек деҳқони, ўзбек мулкдори пешона тери билан етиштирган пахтасини ўзи истагандек жаҳон бозорига сота олмади,  агар мабодо сотган тақдирдаям, ўртадаги олибсотарларга анча арзон нархда пуллашга мажбур эди.  Тадбиркорларимизнинг эса уни қайта ишлашга қурбиям, имкониятиям етмасди.  Бунинг бари халқаро доирада Ўзбекистон  пахтасига босилган тамға — мажбурий меҳнат сабабчи эди. 

Ўзбекистон — мустақил давлат. Лекин ҳалигача жаҳон миқёсида бу ерда пахта мажбурий меҳнат  асосида етиштирилади, деган тасаввур бор эди ва унинг асоратлари кўп йиллар Ўзбекистон тўқимачилик саноати ривожига ҳам тушов бўлиб келаётганди.

Мажбурий меҳнат — бирор бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади. Ҳеч ким шахсни ишдан бўшатиб юбораман, ойлигингни камайтираман, лавозимингни тушираман ва ҳоказо таҳдидлар билан мажбурий меҳнатга жалб қилишга ҳақли эмас. 

Замон талаби ёки дадил қадам имкониятлари?!

Аммо Янги Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг энг аввалида мана шу тизимга қарши чоралар ишга тушди. 2017 йилдан қатъий ташланган қадамлар ўз самарасини берди. Ниҳоят, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига буткул барҳам берилди.

 

Бу ҳар кимга ўз иши билан машғул бўлиш имконини берди. Ўзларига тааллуқли бўлмаган мажбуриятдан озод бўлган ўқитувчилар энди бошқа юмушларга чалғимасдан асосий эътиборини бевосита ўзининг ишига — таълим беришга, талабалар ва ўқувчилар ойлаб вақтини пахта даласида ўтказмасдан, диққат-эътиборини билим олишга қаратадиган бўлди.  Бу таълим сифатининг ошишига, ўқувчиларнинг дарсларни қолдирмасдан ҳар бир мавзуни пухта ўзлаштиришига замин яратди.

Аммо кўрилган чора-тадбирларга қарамай аввалги йилларда педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган тадбирларга ноқонуний жалб этиш ҳолатлари учраб турди. Мисол учун, Андижон вилояти Избоскан туманида ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган мактаб директори маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ана шундай мажбурий меҳнатга йўл қўйиш ҳолатларининг олдини олиш, унга йўл қўйган шахсларга қонуний чораларни кучайтиришнинг зарурати юзага келганди. Шу боис 2023 йилнинг 27 март куни “Педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Жиноят кодексига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди.

Қонунга мувофиқ Жиноят кодексига педагог ходимларни меҳнатга мажбурлаганлик учун маъмурий жазо қўлланганидан кейин худди шундай қилмишни такроран содир этганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи норма киритилди. Бундан ташқари, таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш ёки қонунга хилоф равишда аралашиш, таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун ҳам жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Бугун мамлакатимизда инсон ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга тўлиқ барҳам беришга доир аниқ ҳамда амалий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бунда мазкур йўналишда мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилгани ҳам айни муддао бўлди. Халқаро меҳнат ташкилотининг 14 та, жумладан, 8 та асосий конвенцияси, шунингдек, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенцияси ратификация қилинди. Ушбу ташкилот экспертларининг бевосита иштирокида қишлоқ хўжалигида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мониторинги олиб бориляпти.

Кўрилган чора-тадбирлар болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш, шунингдек, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва бунга йўл қўймаслик учун етарли норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш имконини берди, бу жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланди.

Буни халқаро экспертлар ҳам тасдиқламоқда. Ҳатто, 2022 йил 10 март санасида “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингани расман эълон қилинди.

 

Маълумот учун, Cotton Campaign коалицияси инсон ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари, мустақил касаба уюшмалари, бренд ва ритейлерлар, масъулиятли инвестор ташкилотлари, таъминот занжири шаффофлиги гуруҳлари ва академик ҳамкорларнинг глобал коалициясидир.

Яъни, ушбу тарихий кундан эътиборан узоқ йиллар давомида муҳим саноат хомашёси ва у асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларимизга қўйилган глобал тақиқ ечилди. 12 йилдан ортиқ амал қилган бойкот мамлакатимизда 2021 йилги пахта терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан бекор бўлди. 

Мамлакатимиз пахта ва тўқимачилик саноатида бошланган янги ислоҳотларни охирги 6-7 йил билан боғлашимиз бежиз эмас. Чунки юқоридаги рақамлардан ҳам маълумки, шу йиллардан бошлаб ўзбек ўз пахтасига ўзи эга чиқа бошлади. Қийматни, қадрни англаш баробарида, бунинг исботини амалда ҳам кўрсатди. Ана шу қисқа вақтда диёримизда пахта хомашёсини қайта ишлаш тизими йўлга қўйилди. Жумладан, соҳада тўлиқ кластер тизими жорий этилди, бугун юртимизда 121 та пахта-тўқимачилик кластери фаолият кўрсатмоқда. Сўнгги уч йилда ушбу йўналишдаги кластерларга 23 триллион сўмдан зиёд имтиёзли маблағ ажратилди. Тўқимачилик йўналишида 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилиб, ишлаб чиқариш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5 баробарга ошди, экспорт эса 4 баробарга ўсиб, қарийб 3 миллиард долларга етди. Беш йил аввал юртимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда 100 фоиз ўзимизда қайта ишланмоқда.

2017—2022 йилларда Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг ривожланиши кўрсаткичлари

Инсон қадрининг тикланиши иқтисодий ўсишга ҳам йўл очди

Бу тўқимачилик саноатида ўсиш кўрсаткичи ҳам шунга мос дегани. Яъни, мамлакатимиз пахтасига нисбатан бойкотнинг бекор қилиниши жаҳондаги тўқимачилик саноати корхоналарининг Ўзбекистон бозорига киришига имкон берса, бошқа томондан, республикамизда янги иш ўринларини ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига халқаро стадартларни жорий қилиш, тўқимачилик маҳсулотлари экспортини ошириш ва ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга ёрдам беради. Энди Ўзбекистон тўқимачилик ва тикувчилик тармоқларида янги қувватлардан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқариш-сотиш занжирини янада юқори ўринларга кўтариш имконияти мавжуд бўлди.

Маълумотларга кўра, ўтган йили Ўзбекистон хорижий давлатларга қиймати 1,1 миллиард доллардан зиёд бўлган тайёр тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатимизда 11,9 минг тонна тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,9 фоизга кўп экани қайд этилди.

Шу тариқа, тўқимачилик ва тикувчилик саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланиб, сўнгги йилларда халқаро технологиялар ва сифат стандартларини жорий этишда етакчилик қилмоқда. Асосан ички бозорга маҳсулот етказиб берган саноатдан экспортга йўналтирилган саноатга айланиб, чет элга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини йил сайин оширяпмиз.

Айниқса, Европа бозорига чиқиш маҳаллий тадбиркорларимиз учун улкан имкониятлар эшигини очяпти. Шу боис, бу йил мамлакатимиз тўқимачилик саноатида экспорт ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган.

Муаллифлар: Ирода ТОШМАТОВА, Феруза ЖЎРАЕВА, Дилшод УЛУҒМУРОДОВ

Фото ва видеолар: Музаффар АБДУЛЛАЕВ

Монтаж: Музаффар АБДУЛЛАЕВ

Тайёрловчилар: Рисолат МАДИЕВА, Шаҳзод ҒАФФОРОВ, Башорат ОТАЖОНОВА, Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ

Лойиҳа координатори: Ирода ТОШМАТОВА