Бугун ҳар бир фуқаро, албатта, давлат хизматлари марказига бирор бир юмуш билан мурожаат қилади. Марказлар орқали тадбиркор ва фуқароларга 180 га яқин хизматлар кўрсатилмоқда.
Нурафшон шаҳар адлия бўлими Давлат хизматлари марказида шаҳардаги умумтаълим мактаби битирувчилари учун “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди.
Тадбирда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизими такомиллашаётгани аҳолининг ҳаёт сифати, ишчанлик муҳитини яхшилаш, бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.
— Давлат хизматлари марказлари фаолияти, вазифалари ва асосий мақсадлари ҳақида бугун катта ҳаёт остонасида турган ўғил-қизларни таништириш жуда муҳим, — дейди Нурафшон шаҳар халқ таълими бўлими услубчиси Марҳабо Султонова. — Уларда бу борада етарли билим ва тажрибалар шаклланиши зарур. Сабаби, улар эртага турли давлат хизматларидан фойдаланади. Жорий ўқув йилида Нурафшон шаҳридаги 13 та умумтаълим мактабини 430 нафар ўқувчи битирмоқда. Айни кунгача 278 нафар битирувчи паспорт (ID-карта) олган. Бугундан бошлаб қолган битирувчиларга ҳам режа асосида ID-карта берилиши таъминланади.
“Очиқ эшиклар куни” тадбирида битирувчилар шаҳар Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлимларида фуқаролар учун яратилган қулайликлар, хизмат кўрсатиш, шу билан бирга давлат хизматларини олиш жараёни билан таништирилди. Иштирокчилар марказдаги ўз-ўзига хизмат кўрсатиш бурчагида мутахассислар ёрдамида керакли давлат хизматларидан мустақил фойдаланди. Шунингдек, масъул ходимлар томонидан айрим масалалар юзасидан ҳуқуқий маслаҳат ҳам берилди.
Мусажон Каримов,
Тошкент вилояти адлия бошқармаси
масъул ходими