Натижалари бўйича "қизил" тоифага киритилган аксарият мактаб директорлари лавозимидан озод этилгани туфайли ҳозирги кунда халқ таълими тизимидаги 617 та (6,1 %) умумтаълим мактабларининг директор лавозимларига директорларни танлаш ва тайинлаш жараёни кечмоқда.

Танловда иштирок этишни истаган номзодлар ish.uzedu.uz (мактаб таълим жараёнини бошқариш тизими) сайти орқали рўйхатдан ўтиб вакант бўлган лавозимга сўралган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиб борадилар.

Номзодлар ҳудудий халқ таълими бошқармаси бошлиғи номенклатурасига киритилган лавозимларга танлов ўтказиш бўйича комиссия томонидан суҳбатдан ўтказилиб маҳаллий Кенгаш депутатлари муҳокамасига тақдим қилиб борилмоқда.

Лавозимга тайинланган янги мактаб директорлари ҳар йили Кенгаш олдида ҳисобот бериб туради.

Мактаб директорларини лавозимга тайинлашнинг бу усули мактабларда замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш мақсадида амалга оширилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги маҳаллий кенгаш депутатларидан ҳамда жамоатчилик вакилларидан ушбу жараёнларни очиқлик, ошкоралик ва шаффофлик асосида ўтказилишига алоҳида эътибор қаратишларини ва барча жараёнларни видеога олиб, интернетга юклаб боришларини ҳамда ОАВ орқали ёритиб боришларини сўрайди.