Ер юзида тириклик пайдо бўлгандан бери инсон томонидан барпо этилган энг хайрли иш, бетакрор мўъжизалардан бири мактабдир, десак адашмаймиз. Зеро, улуғлардан бири таъкидлаганидек, агар дунёда китоб ва мактаб бўлмаганда инсон тафаккури зулматда қолар эди.
Сир эмаски, ўтиш йилларида ўрта умумтаълим мактабларидаги маънавий-маърифий муҳит, педагогик шарт-шароит, инновацион таълим технологияларини жорий этишдаги юзакичилик, сифат даражасига эътибор қаратмаслик, мактаб таълими методикасининг анча эскириб давр ривожланишидан ортда қолганлиги соҳада бир қатор жиддий муаммоларни келтириб чиқарди, ҳатто ўқитувчи касбининг жамиятдаги нуфузи пасайиб кетишига ҳам сабаб бўлди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда мактаб таълим тизими билан боғлиқ муаммоларни ижобий ҳал этиш, янги давр педагог-кадрларини тайёрлашнинг янги механизмларини жорий этиш, соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Юртбошимиз томонидан халқ таълими тизимига оид қатор фармон ва қарорлар, Вазирлар Маҳкамасининг соҳа ривожига қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича қарорлари мазкур соҳадаги ислоҳотларнинг ҳуқуқий-меъёрий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Жумладан,
Республикамиздаги барча умумтаълим мактаблари таъмирланган ёки янги замонавий биноларда фаолият кўрсатмоқда. Кенг жамоатчилик таклифлари асосида 11 йиллик таълим тизимига ўтган мактабларимизга, ҳатто чекка ҳудудлардаги қишлоқ мактабларигача компьютер технологиялари, смарт доскалар кириб борди.
Улуғ аждодларимиз Мирзо Улуғбек, Муҳаммад Хоразмий, Исҳоқхон Ибрат, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Юсупов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги иқтидорли болалар ва ижод мактаблари, республикамизнинг ҳар бир вилоятида ташкил этилган Темурбеклар мактаби, Президент мактаблари, шунингдек, хусусий мактаблар фаолиятининг йўлга қўйилиши ‒ илмга чанқоқ иқтидорли фарзандларимизнинг янги ва замонавий илм даргоҳларида таълим-тарбия олишлари учун янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб бермоқда.
Педагог-ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, устама маош асосида рағбатлантириш, нафақага чиқиб фаолиятини давом эттираётган ўқитувчиларга пенсиясини тўлиқ миқдорда тўлаб бериш тизимида ҳам катта ишлар қилинмоқда. Ҳа, юртбошимиз таъкидлаганларидек: “Келажак авлодимиз тақдири, бутун миллатимиз, халқимиз, давлатимиз тақдири муҳтарам муаллимларга боғлиқ.”
Жорий йилнинг 11 май санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ‒134-сонли “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши мазкур соҳада туб ўзгаришлар учун дастуриламал ёки улкан ислоҳотлар дебочаси бўлди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби, халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастур ва уни амалга ошириш борасидаги фармон билан танишар эканмиз, ўрта умумтаълим тизимида ҳали бу даражада катта ва туб ислоҳотга қўл урилмаганлигини ич-ичимиздан сезиб турамиз.
Фармонда, аввало, мактаб ўқувчиларининг билими ва кўникмаларини шакллантириш, уларни миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, ўқитувчи касби нуфузини ва педагогларнинг сифат таркибини ошириш, дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларни замон талаблари асосида такомиллаштириш, халқ таълими муассасаларининг халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий моделларини барпо этиш мақсади қўйилган. Шунингдек, умумий ўрта таълим муассасаларининг навбатлилик коэффициентини оптимал даражага етказиш, замонавий моделлар бўйича мактабларни қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ҳамда зарур жиҳозлар билан таъминлаш. Табиийки, бу дилбандларимиз таҳсил олаётган мактабларнинг техник таъминотини бойитади, мактаб биноларининг замонавий типлари барпо этилади.
Рақамли иқтисодга тўлиқ ўтиш фаоллашади
2022 йил якунига қадар махсус электрон тизимлар (S-testing, Onlineedu, Raqamli darsliklar ва б.) орқали янги авлод дарсликлари учун 10та мобил электрон ресурс ва 100 та мультимедиа маҳсулотларини яратиш. Техника тараққиёти юксалган даврда яшаяпмиз. Бугуннинг болалари ҳеч бир соҳани интернет тизимисиз, компьютер бошқарувисиз, юқори технологияларсиз тасаввур этиб билмайдиган бир даврда янги авлод дарсликлари учун мобил электрон ресурс, мультимедиа маҳсулотларини яратиш ҳаводек зарурлигини инкор этиб бўлмайди.
Дастурда белгиланган “умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқув жараёнига халқаро тан олинган таълим дастурларини жорий қилиш” ҳамда “таълим соҳасида хизмат кўрсатувчи хорижий ташкилотлар билан музокаралар олиб бориш ҳамда дастурларни сотиб олиш ва амалиётга татбиқ этиш учун зарур маблағларни ажратиш” мактаб таълимини маҳаллий қобиқдан олиб чиқиб дунё стандартларига мослашиш имконини беради. Шунингдек, дастурда таълим-тарбия соҳасида замонавий ва оқилона тизим яратиш, ўқитиш методлари, таълим стандартлари, дарслик ва ўқув қўлланмаларини янгилаш зарурлиги, билим беришда хорижнинг илғор тажрибаларидан фойдаланиш, тарбияда эса миллий анъана ва қадриятларга суяниш муҳимлигига ҳам алоҳида урғу берилган.
Халқ таълими вазирлигининг “педагог кадрларни компетенцияларга асосланган ва касбий кўникмаларни шакллантиришга қаратилган методикалар бўйича ўқитиш амалиётини жорий қилиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши” ҳам жуда ўринли. Инсон зоти тўлақонли яшаши учун бешикдан қабргача илм излайди, ўрганади, билганларини ўзгалар билан баҳам кўради. Зеро, устозсиз, унинг ташаббускорлиги, зеҳни, тафаккур чироғисиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дастурда унинг ижроси учун, аввало, ўқитувчи-методистларни янгича таълим жараёнига мослаштириш, тўғрироғи, уларни янгича руҳ, янгича методикалар асосида дарс ўтишлари учун ўқитиш ‒ уларда зарурий компетентликни мустаҳкамлаш керак бўлади.
2022/2023 ўқув йилидан бошлаб “Тошкент давлат педагогика университетининг кундузги таълим шаклида таҳсил олаётган 2-4-босқич талабалари учун ҳафталик ўқув машғулотлари “4+2” тартибида, шу жумладан, дарсларнинг 4 куни олий таълим муассасасида, 2 куни умумий ўрта таълим муассасаларида амалиёт ўташ тартибида олиб борилишини таъминлаш” амалиётининг кейинги йилларда республикамиздаги барча ОТМларида жорий этилиши тарафдоримизки, бунда, албатта, талаба фаолиятида таълим ва амалиёт уйғунлигига эришилади.
Шунингдек, дастурда 2024 йил 1 январга қадар педагог кадрларнинг умумтаълим фанлари бўйича билим даражаси ва касбий маҳоратини баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб беришини сертификациядан ўтказиш масаласига ҳам эътибор қаратилганки, фикримизча, бу мактабда ҳар бир ўқув предмети ўқитувчисини ўз устида тинимсиз ишлашини тақозо этади.
Мактаб директори лавозимига номзодлар фақат менежерлик сертификатига эга бўлган шахслар орасидан танлаб олиниши ва келишиш учун халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига тақдим этилиши ҳам бу борадаги кадрларни ўз ўрнига қўйиш муаммоси ечими учун бир қадар хизмат қила олади.
Умуман олганда, ўрта умумтаълим тизимидаги ислоҳотларни кечиктириб бўлмайди. Ўзбекистон фарзандлари мактаб таълим-тарбиясида, Абдураҳмон Жомий айтганидек: “Фақат фойдаси тегадиган илмни олишлари керак, фойдасиз фазилатдан қочмоқ ва фақат зарур нарсага қулоқ очмоқлари лозим.” Бунинг учун, табиийки, мактаб ҳам болага “фақат фойдаси тегадиган илмни” бериш билан шуғулланмоғи шарт. Мактаб соҳасида бугунги ислоҳотларнинг туб замирида ҳам шу мақсад турибди.
Зеро, юртимизда мактаб таълими пойдевори бугундан мустаҳкам қўйилиши учун ҳуқуқий асос ‒ фармон қабул қилинди. Бу борада танланган йўл машаққатли ва масъулиятли. Катта ислоҳот йўлига чиққан мактаб карвонининг кўзланган нурли манзилларга узоқ йиллар такрор-такрор етиши учун юрт раҳбарлари, мутасаддиларининг бутун эътибори ҳамда зарурий ресурслар сафарбар этилмоқда. Ишонамизки, мактаб муаммолари ечимида танланган энг тўғри йўл шу бўлади.
Обиджон ҲАМИДОВ,
Бухоро давлат университети ректори,
иқтисод фанлари доктори, профессор