Тошкент шаҳар Яккасарой тумани 135-мактабида болажонларнинг ёзги таътил даврини мароқли ўтказишлари ва ривожланишлари учун «SCHOOL SUNRISE» номли болалар соғломлаштириш майдончаси фаолият юритяпти.
Мактабда оромгоҳнинг иккинчи мавсуми айни қизғин паллада давом этяпти. Майдонча фаолиятини ота-оналарга таништириш мақсадида очиқ эшиклар куни ташкил этилди. Унда меҳмонлар ҳудудда болалар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Тумандаги Белариқ МФЙ ҳудудидаги ушбу майдончада болажонлар бир вақтнинг ўзида «Мусиқа», «Спорт» «Рассомчилик» «IT-дастурлаш» тўгараклари, «Инглиз тили», «Лайф-хак», «Китобхонлик» каби турли тўгараклар билан банд бўлишлари мумкин.
Энг қизиғи, китобхонлик тўгарагида болалар учун ҳафтанинг маълум кунларида ёзувчи ва шоирлар иштирокида қизғин суҳбатлар ўтказилади. Бу гал Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нурулла Чори ва Наргиза Aсадова билан «Китоб-тафаккур тимсоли» номли давра суҳбати ўтказилди. Унда тараққий этган даврда китобнинг инсон маънавиятидаги ўрни ҳақида гап борди. Унда ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Фаол ўқувчиларга китоблар улашилди.
Сабоҳат Сaидризо,
Ўз ЖОКУ талабаси.