Соҳага тааллуқли ютуқларимиз барчага маълум ва улар ҳақида ёзиш – бошқа мақоланинг мавзуси. Айни чоғда бизнинг мақсадимиз – мактаб таълимидаги муаммоларга жамоатчилик диққатини буриш. Мулоҳазаларимизни ҳукмингизга ҳавола қилишдан аввал Абу Наср Форобийнинг “Фозил одамлар шаҳри” асаридан бир парча келтиришни лозим топдик:

Фазилатсиз шаҳарларнинг одамлари ёмон феъллари, табиатлари туфайли кўнгиллари – руҳлари ҳам ёмонлашиб бораверади. Мободо, улар ана шу ёмон ишларида изчил саъй-ҳаракат, тобора куч-ғайрат кўрсатса, уларнинг руҳлари яна-да кўпроқ ёмонлашади ва охири майиб-мажруҳ бўлиб қолади. Шу туфайли улар ўзларига ёқадиган ёмон иллатлардан ҳузур-ҳаловат оладилар. Вужуди, жисми касал бўлган одам (масалан, безгак тутаётган киши) мижози бузилганидан, ўзига ёқмайдиган таомларни ейишдан ҳузур қилади ва табиатан медасига ёқадиган таомлар унга ёқимсиз кўринади; руҳан касал одамлар ҳам ёмон истаклари ва одатлари туфайли бузилган тасаввурларига қараб. ёмон (ахлоқсиз) феъл-ҳаракатлардан ҳузурланадилар ва гўзал қилиқларни, ишларни ёқтирмайдилар ёки умуман гўзаллигини тасаввур қилолмайдилар. Вужуди касал одамлар ўз касаллигини билмасдан ўзларини соппа-соғ деб ўйлаб, табибнинг маслаҳатларини олмагани каби руҳан касал одамлар ҳам ўзларини соппа-соғ (ва фазилатли) деб ўйлаб, раҳбари, муаллими ёки устозининг насиҳатларига қулоқ солмайдилар”.

Оммавий билимсизлик ваҳимаси

Бизни ваҳимачиликда айблашга шошилманг. Мактаб, коллеж, академик лицей, техникум ва олий ўқув юртларига тўда-тўда билимсиз ёшлар қатнашаётганини, билим олиш ўрнига Билимсизлик уммонига чўкиб боришаётганини ўзингиз ҳам яхши биласиз. Биз суҳбатлашган неча ўнлаб зиёлилар, мутасаддилар ҳам таъкидланаётган ваҳимали манзарадан хабардордир. Афсусланарлиси, улар пишиб етилган ва аллақачон газак ола бошлаган муаммони ич-ичидан била туриб, бу хусусда очиқ-ошкора сўзламайдилар ҳеч қачон. Келинг, уларни айбламайлик. Зеро, танқид у қадар хуш кўрилмайдиган муҳитда фаолият юритишнинг ўзи осонмас. Ким табиб – бошидан ўтган табиб. Ўзимиз буни бошимиздан ўтказдик ва ҳамон ҳақ сўзни айтиш жабрини тортмоқдамиз.

Гап шундаки, давлатимизнинг мактаб таълимига оид устувор сиёсатига бағишланган бир йиғилишда битирувчилар орасидаги оммавий билимсизликни кўрсатиш мақсадида “ўн бир” рақамининг русчасини “один один” дегувчилар, нуфузли университетлар математика йўналишида кўпайтириш жадвалини билмайдиганлар борлиги тўғрисида сўзладик. Табиийки, сўзларимиз мутасаддиларга ёқмади. Муаммодан хабардор ҳамкасбларимиз эса бизни қўллаб-қувватлашмади. Йиғилишдан чиққач, таниқли журналистлардан бири ёнимизга келиб, “Муаммони бўрттириб юбордингиз! Унчалик бўлмаса керак, оғайни, мактабга қора кўзойнак билан қараманг!” – деди ярим ҳазил, ярим чин. Суҳбатимиз устига келган мутасадди аёллардан бири эса “Нима сабабдан “один один” дегувчиларни айбладингиз?” – деди сал шарттакинамо. Ҳайрон бўлганимизни кўриб, у сўзларини изоҳлади: “Ўқувчи “один один” деган бўлса, демак, у “бир” русчасига “один” эканлигини билади! Бунинг учун ўша ўқувчига раҳмат. Биздаги ўқувчилар шуни ҳам билишмайди”…

Орадан бироз муддат ўтгач, ижодий гуруҳимиз билан Нодира Рашидованинг “Усмоннома” номли икки жилдли биографик романини нашрга тайёрладик. Китоб Наманган вилояти ҳокимлиги ҳомийлигида чоп этилди ва вилоятдаги ҳар бир мактабга икки тўпламдан совға сифатида берилди. Мактаб директорлари учун мўлжалланган бир семинарда шукуҳ билан “Усмоннома”ни сўраб-суриштирдик. Бизни мактаб таълимидаги муаммоларни бўрттиришда айблаган касбдошимиз бир неча директордан интервью оларкан, ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасида “Усмоннома”нинг мутолааси қандай бораётгани билан қизиқди. Жавоблар эса устоз журналистни “шок”ка туширди. Маълум бўлишича, биз суҳбатга тортган директорлар “Усмоннома”ни диний китоб сифатида қабул қилиб, сейфга яшириб қўйишибди. “Китоб устидаги Усмон Носирнинг суратига қарамадингларми? Сизларки шундай ўйласангиз, ўқувчидан нима кутамиз?” – дедик уларга қизишиб, асабийлашиб. Мактаб директорлари эса хайр-маъзурни насия қилиб, жўнаб қолишди. Ёнимиздаги журналист акамиз эса кафтлари билан пешанасига шапатилар ва тинимсиз “Ё тавба, ё тавба! Наҳотки? Наҳотки?!” – дея такрорларди.

Ҳа, мактаб таълимининг бугунги ҳавоси шундай. Бир сабаб боис мутасаддилар бизга жиддий эътироз билдиришмади. Эътирозлар ва айбловлар бўлишини сезиб, биз мутасаддиларни йиғилишдан сўнг ўзлари танлаган мактабга бирга боришимизни ва уларнинг кўз ўнгида ўқувчилар билан савол-жавоб ўтказишимиз мумкинлигини айтгандик. Билдикки, улар ҳақиқатнинг кўзига тик боқишдан чўчишди. Бизнинг ёнимизда хижолат тортишдан ўзларини олиб қочишди. Мулоҳазаларимизни ўқиётган газетхонларга ҳам айтамиз: “Ўзингиз ўқиган мактаб ўқувчиларини, фарзандларингиз ёки жиянларингизни биз каби саволга тутинг ва мактаб таълимидаги ҳақиқий аҳволни билиб олинг. Ҳозирги ҳолатда мактаб таълимидаги ҳақиқий аҳволни, оммавий билимсизликни аниқлаш у қадар қийинчилик туғдирмайди. Бунинг учун озгина ҳафсала қилинса, бас!”

Эътибор беринг: биз мактаб ўқувчилари, хусусан, битирувчилар нималарни билмаслигидан ўкинмоқдамиз. Карра жадвалини билмаслик ёки ўзга тилда ҳатто санай олмаслик битирувчининг билим даражасини белгиламаслигини ҳар биримиз яхши тушунамиз, элементар тушунчалар ва давлат таълим стандартларининг фарқига борамиз-у, лекин мактабдаги вазият ўта мураккаб эканлиги тўғрисида жиддий бош қотирмаймиз. Бош қотирсак ҳам масаланинг амалий ечимини топишга интилмаймиз. Шуниси аламли…

Ўқувчилар расман Навоий ғазалиётидан бебаҳра

Улуғ Чўлпон “Адабиёт яшаса – миллат яшар”, деганида минг бор ҳақ эди. Энди ўйлаб кўринг: адабиётимизнинг ядросини қайси ижод белгилайди?  Албатта, ҳазрат Алишер Навоий ижоди! Бундан хулоса қилиш мумкинки, ҳазрат Алишер Навоий ижоди яшаса, сиз билан биз мансуб миллат яшайди, тараққий топади, гуллаб-яшнайди. Хўш, бу ижод яшашининг, ҳар бир авлод онгу шуурига сингишининг асоси нима? Ўз-ўзидан равшанки, буюк ижод намуналарини мактабда ўқиш, ўрганиш, унинг моҳиятини англаш. Алишер Навоий – ғазал мулкининг султони! Ғазал – мумтоз шеъриятимизнинг шоҳ жанри. Шундай экан, мактаб таълимида ҳар бир синф ўқувчиси Алишер Навоий ғазалларини ўқиши, ёдлаши, улардаги бадиий ғояни ҳис қилиши, тушуниши – миллий руҳ ва тафаккур такомилининг энг муҳим шартидир. Бу исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир, аксиомадир.

Бироқ мактаб таълимида икки йилдан буён Алишер Навоий ғазаллари бирорта синфда ўқитилмаётганини биласизми? Биз бу савол билан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларига, мактаб раҳбарларига, таълимнинг ўрта бўғини мутасаддиларига мурожаат қилдик. Лекин жўяли жавоб эшитмадик. Улар бирорта синфда Алишер Навоий ғазаллари ўқитилмаётганини билгач, “Наҳотки, шундай бўлса? Бўлиши мумкин эмас!” – дея елка қисишди, кейин эса фактлар қаршисида бош эгишди, мум тишлашди. Реал воқелик шундайки, 5-синфда “Шер билан дуррож” ҳикояти, 6-синфда рубоийлар, 7-синфда қитъалар ва фардлар, 8-синфда рубоийлар, туюқлар ва фардлар, 9-синфда “Фарҳод ва Ширин” достони, 10-синфда “Садди Искандарий” достони, 11-синфда ҳам яна шу достон ўқитилмоқда. Шундай қилиб, бирорта синф адабиёт дарслигида Алишер Навоий ғазаллари учрамайди. Кимдир “Шунга шунчами, ҳар бир синфда Алишер Навоийнинг қайсидир асари ўқитилар экан-ку!” – дея эътироз билдириши мумкин. Бошқаларда ҳам шу эътирозни қабул қилишга мойиллик сезилишининг ўзи миллат сифатида инқирозга юз тутаётганимиздан далолат. Бундай эътирознинг бўлиши – миллат бадиий тафаккурига хиёнат билан баробар.

Бугун юқори синф ўқувчиларидан Алишер Навоий ғазалларидан бирортасини ёддан айтиб беришини сўраб кўринг-чи. Йўқ, аввал ўзингиздан “Мен Алишер Навоийнинг бирорта ғазалини ёд биламанми?” – деб сўранг, кейин шу савол билан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиларига юзланинг. Минг афсуски, саволингизга хуш-хандон жавоб қайтмайди. Ўқув дастурларининг ўзгартирилавериши, дарсликларнинг янги авлодини яратиш ва чоп этишдаги маромнинг бузилиши натижасида шундай муаммо келиб чиқди. Муаммо қачон ва қандай тартибда бартараф этилиши бизга қоронғи. Таклифимиз шуки, мактаб таълими мутасаддилари мазкур мақолани ўқибоқ қуйи бўғин масъулларига Алишер Навоий ғазалларини ўқитиш борасида топшириқ беришлари ғоят маъқул ва зарур иш бўларди.

Нега “Ўткан кунлар” романи ўқитилмаяпти?

Надомат билан яна маълум қиламизки, бугун мактаб битирувчиси нафақат Алишер Навоий ғазалларидан, балки ХХ аср ўзбек адабиётининг шоҳ асари ҳисобланмиш “Ўткан кунлар” романи мутолаасидан ҳам маҳрум. Битирувчи “Ўткан кунлар”ни ўқимай, Отабек ва Кумуш фожиасини англамай мактабни тамомлайди. Айни пайтда мактаб таълимида Абдулҳамид Чўлпон қаламига мансуб ва ХХ асрдаги энг яхши шеър деб эътироф этилган “Гўзал” ўқитилмаяпти. Мактаб ўқувчилари бу шеърнинг лирик кайфиятидан, унинг моҳиятини билишдан расман бенасибдирлар. Нима сабабдан мактаб таълими шундай муаммолар гирдобида? Назаримизда, мактаб таълими ягона концепция асосида ишламаяпти. Бошқарувдаги ҳар бир ўзгариш унга таъсир ўтказмоқда. Ваҳоланки, таълим мутасаддилари белгиланган ва маъқулланган ягона концепцияга бўйсунишлари шарт. Кимгадир мактаб таълимидаги бош концепция маъқул келмаса, уни ислоҳ қилишга ҳақли эмас. Мободо, ислоҳотларга зарурат туғилса, уларни юқорида қайд этилган оғриқли масалаларнинг олдини олган ҳолда амалга ошириш даркор.

Дарсликлар доди

Бундан беш йил муқаддам айнан шу мавзуда ЎзА сайтида бонг ургандик. Ўшанда дарсликлар билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш ҳаракатлари бошланганди. Аммо мактаб таълими бошқарувидаги ўзгаришлар таъсирида ҳаракатлар ўлда-жўлда қолиб кетди, дарсликлардаги меъёр издан чиқди. Кўпчилик биладими ёки йўқ – икки йилдан буён ўнинчи синфларда адабиёт сабоқлари дарсликларсиз ўтилмоқда. Ўқитувчи ва ўқувчилар янги тайёрланган “Адабиёт” дарслигининг электрон нусхасидан фойдаланишмоқда. Яна ўша мулоҳаза: кимдир ўтиш ёки ислоҳотлар даврида шунақа муаммолар бўлиб туришини табиий қабул қилар, бу мавзуда жиддий бош қотириш шарт эмас, деб ўйлар. Йўқ, кимлардир шундай ўйлаётгани аниқ. Акс ҳолда, аллақачон мактабларга 10-синф адабиёт дарсликлари етказиб бериларди. Бир авлод ўқувчиларини фан китобисиз қолдирилиши тараққиётнинг қайсидир босқичида, барибир, ўзининг салбий сўзини айтади. Бугун мазкур масалага бефарқ қараётган мутасаддилар эртага айнан шу муаммодан панд ейишади. Зеро, дарсликларнинг янги авлодини яратиш ва чоп этишни манфаатлар тўқнашувига айлантириш – миллат болаларига, мактаб таълимига кечирилмас ва катта душманликдир!

Дарсликларнинг янги авлодини яратиш ва чоп этиш билан боғлиқ маром бузилиши натижасида ўтган ўқув йилида миллий дастур ҳосиласи – “Она тили” дарслигини ўрганган 7-синф ўқувчиси 8-синфда яна бултурги “Она тили” дарслигини ўзлаштиришга мажбур. Дидактиканинг олтин қоидаси бўлмиш таълимдаги узлуксизлик унутилди. Бу тўғрида ўйлаб ҳам кўришмаяпти. Ўқувчи у шохдан бу шохга сакраётган читтак каби гоҳ у-гоҳ бу тамойил асосида ёзилган дарсликларни ўқимоқда ва охир-оқибат билимсизлик сари бормоқда. Билимни қўя туринг, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳатто оддий мантиқ асосида мулоҳаза-мушоҳада юритишга қийналишмоқда.

Биз жорий ўқув йилининг ўзида ўнлаб мактабларда бўлдик, қатор адабий-маърифий тадбирларда иштирок этдик. Ўқитувчию ўқувчилардан Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” қасидаси биринчи бандидаги “Кумуш диёр” эпитети сирини сўрадик. “Хўш, “Кумуш диёр” деганда қайси ўлкани тушунасиз?” деган саволга улар жўровозликда “Ўзбекистон!” – дея жавоб қайтаришди. Биз эса уларга “Достони битилмаган юрт-чи?” – дея янги савол билан мурожаат қилдик. Ўқитувчи ва ўқувчиларнинг саволимиздан довдириб қолишларини кузатиш ғоят аянчли ва ноқулайдир. Биз йиллар мобайнида мамлакатимиздаги юзлаб мактабларда бўлиб, она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари шу эпитет – тасвирий ифода моҳиятини билиш-билмасликларига эътибор қаратдик. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, 99 фоиз ҳолатда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси “кумуш диёр”ни Ўзбекистон сифатида тушунмоқда, уни совуқ ўлкага ишора сифатида таъкидланаётганини хаёлига ҳам келтиролмаяпти. 

Аҳвол шу даражада, уч-тўрт йилдирки, мактаб таълимида Ойбекнинг “Наъматак” шеъри мутлақо бузилган вариантда ўқувчиларга ёдлатилмоқда. Аслида, тўрт бандли, ҳар бир банди беш мисрадан иборат бўлган шеър 8-синф “Адабиёт” дарслигида беш банд кўринишида бузиб берилган. Она тили ва адабиёт ўқитувчиси шеър матнида техник камчилик мавжудлигини ва у ўқиш ритмига салбий таъсир кўрсатишини тушунмаяпти, сезмаяпти. Ўқитувчи ва ўқувчиларга кўмак бериш учун биз “Репетитор” газетасида муаммога аталган махсус мақола эълон қилдик, ижтимоий тармоқларда огоҳлантириш пости ёздик. Таассуфки, ҳаракатларимизга, ёзганларимизга деярли эътибор бўлмади ва “Наъматак” ҳамон бузилганича ўргатилмоқда.                                   

Хулоса ўрнида

Муаммолар уммонини бир мақола доирасига сиғдириш мумкин эмаслиги – ҳар биримизга аён. Биз уммондаги қатра томчи ҳақидагина мулоҳаза юритдик, холос. Ниятимиз мактаб таълимидаги нуқсонларнинг ечимини кўрсатиш эмас, балки уларга жамоатчилик эътиборини қаратишдан иборат. Аминмизки, бизда мактаб таълими муаммоларини тизимли тарзда бартараф этишга салоҳият, потенциал етарли. Бу жараённинг иштирокчиси бўлиш эса ҳар биримизнинг вазифамиз, шарафли бурчимиздир!

Муҳаммад ВАЛИ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, адабиётшунос