Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги педагог ходимларнинг муаммолари ва тизимни янада ривожлантиришга доир таклифлар учун «Вазирга мурожаат» портали ишлаб чиқилди.
Вазирнинг таъкидлашича, жорий йилнинг март ойининг илк кунларида ишга тушган ушбу порталга (илк 10 кунлик давомида) ҳозирга қадар 1200 дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
Айни вақтда мурожаатларнинг сони бўйича Тошкент шаҳри, Қашқадарё ҳамда Тошкент вилояти етакчилик қилмоқда. Мурожаатларнинг:
- 21 фоиздан ортиғи таълим тизими бўйича таклифлар;
- 12 фоизи иш ҳақи, устамалар;
- 7 фоизи малака тоифаси учун аттестация ҳамда сертификациялаш;
- 9 фоизи мактабларнинг моддий-техник базаси, инфратузилмасини яхшилаш билан боғлиқ масалалардир.
Энг ачинарли жиҳати, мурожаатларда ҳудудлардаги раҳбар кадрлар фаолиятига доир норозилик, мактаблардаги носоғлом муҳит билан боғлиқ масалалар ҳам талайгина.
"Биламизки, соҳадаги энг кўп танқидлар таълим муассасаларидаги носоғлом муҳит билан боғлиқ, шу боис вазирликнинг биринчи галдаги вазифаси ва мақсади тизимидаги барча таълим муассасаларида соғлом ва хавфсиз муҳитни шакллантиришдан иборатдир.
Халқаро тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, бола хавфсиз ва соғлом муҳитдагина сифатли таълим ололади. Бу муҳитни яратиш эса замонавий раҳбар ва малакали ўқитувчилар қўлида. Шундай экан, янги вазирлик тизимидаги таълим ташкилотларига замонга мослаша оладиган, соҳада инновациялар қилишга қодир замонавий кадрларни тайинлаш бўйича иш олиб борилмоқда, деб ёзади вазир ўз телеграм каналида.
Шунингдек, 2023 йилда юртимизда:
- 57 та мактабгача таълим ташкилоти;
- 24 та мактаб;
- 6 та ихтисослаштирилган мактаб бинолари
янгидан қурилади.
- 111 та мактабгача таълим ташкилоти;
- 206 та умумтаълим мактаблари
- 3 та ихтисослаштирилган мактаблар
реконструкция қилинади.
- 2 та мактабгача таълим ташкилоти;
- 9 та мактабнинг бино ва иншоотлари
мукаммал таъмирланади.