БМТнинг болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) тавсиялари асосида яратилган ушбу қарор лойиҳасида «COVID-19» пандемияси даврида халқ таълими тизимидаги муассасалар маъмурияти, тиббиёт ходимлари, педагоглар, техник ходимлар, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун алоҳида тавсиялар акс этган.  

Унга кўра:

Мактаб раҳбарларига:

мактабларда санитария қоидаларига риоя қилиш, жумладан, қўлларни мунтазам равишда ювиш жадвалини тузиш, қўл ювиш жойларини ҳозирлаш ҳамда уларни совун ва сув, шунингдек, ичимлик суви билан таъминлаш;

мактаб тасарруфидаги ўқув ва маиший биноларга кириб-чиқишда дезинфекция воситаларини жойлаштириш, синфхоналар шароитини ўқувчилар орасида масофа сақланишига мослаб қайта кўриб чиқиш;

мактабларда “эрталабки филтрлар” ва “изоляция” хоналари ташкил этиш ва бошқа вазифалар;

Педагогларга:

мактабларда гигиена кўникмаларини ва соғлом турмуш тарзи қоидаларини доимо тарғиб қилиш;

синф хоналари, сув ва санитария иншоотларини мунтазам тозалаш ва дезинфекциялаш, ўқувчиларнинг доимий  равишда қўлларни  ювиб туриши, масофа сақлаши ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишини назорат қилиш;

хоналарни шамоллатиш ва дезинфекциялаш каби чоралар ҳамма учун фойда эканлигини ўқувчиларга ва уларнинг ота-оналарига қаратилган қисқа-қисқа суҳбатлар орқали  тушунтириш ва бошқа вазифалар;

Тиббиёт ходимларига:

“эрталабки филтрлар” ишларини ва касаллик аниқланганда беморни зудлик билан изоляциялашни ташкиллаштиришда кўмак бериш;

дезинфекция воситаларини тайёрлашда мактаб ходимларига кўрсатмалар бериш;

маъмурият кўмаги билан ўқувчилар ва мактаб ходимларининг тиббий билим ва маданиятини оширишда иштирок этиш каби вазифалар;

Техник ходимларга:

сув, совун ва ювиш воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳар куни 3 марта нам тозалашни ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган дезинфекциялаш воситаларидан фойдаланган ҳолда кунига 1 марта ва ҳафтада камида бир марта умумий тозалашни амалга ошириш;

дезинфекциялаш воситалари ва ювиш воситаларини ҳамда уларнинг ишчи эритмаларини ўқувчилар қўли етмайдиган жойда сақлаш ва уларни инфекцион хавфсизлигига жавобгар бўлиш ва бошқа вазифалар;

Ота-оналарга:

фарзандларига гигиена қоидаларини ўргатиш;

таълим муассасаси  маъмурияти ва педагоглари  билан маълумот алмашиш мақсадида доимий мулоқотда бўлиб, мактаб хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш ва бошқа вазифалар юклатитиши кўзда тутилмоқда.