Вазирлик матбуот хизмати маълум қилишича, айни пайтда республикадаги барча умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг дарсларга қатнашиши ва фанларни ўзлаштириш баҳолари “e-maktab.uz” электрон журнал тизими орқали юритиб келинмоқда. Ушбу тизим ўқитувчиларнинг иш юкламасини камайтириш, ўқув жараёнига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида татбиқ этилган бўлиб, халқаро тажрибада ҳам ўз самарасини кўрсатган.
Маълумотларга кўра, ота-оналар учун “e-maktab.uz” платформасидан фойдаланишнинг бир календарь йиллик обуна нархи ҳозирда 5 минг сўмни ташкил этади. Қайд этилишича, мазкур тўлов миқдори йилдан йилга камайиб бормоқда (2020 йилда 9 200 сўм бўлган).
Электрон тизим жорий этилгани натижасида ота-оналар фарзандларининг ўқув жараёни ва баҳоларини масофавий кузатиш имкониятига эга бўлди, ўқувчиларни баҳолашда шаффофлик таъминланди ҳамда педагоглар фаолиятидаги қоғозбозлик сезиларли даражада қисқарди.
Шу билан бирга, вазирлик мактабларда анъанавий кундаликлар ва синф журналларига қайтиш бўйича ҳеч қандай кўрсатма берилмаганини таъкидлади. Қайд этилишича, юртимизда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари ортга қайтмас хусусиятга эга.