Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги республикамиз ҳудудларидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини ишончли бошқарувга бериш муносабатларини тартибга солиш ҳамда тадбиркорлик субъектларини янада рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини хусусий сектор вакилларига ишончли бошқарув асосида бериш тартибини белгилаш тўғрисида”ги қарор лойиҳасини regulation.gov.uz сайтида муҳокама учун эълон қилди.

Мазкур қарор лойиҳаси доирасида Халқ таълими вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ навбатлилик коэффициенти паст умумтаълим муассасаларини ишончли бошқарув асосида хусусий сектор вакилларига бериш билан умумтаълим муассасаларнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш, натижадорлик кўрсаткичларини юқори даражага олиб чиқиш кўзланган.

Маълумот учун: Навбатлилик коэффициенти паст умумтаълим муассасаси – бинонинг қувватининг ўқувчилар сонига нисбатан коэффициенти 0,7 дан паст бўлган умумтаълим мактаблари.

Ишончли бошқарув асосида хусусий сектор вакилларига берилган умумтаълим муассасасида таълим олаётган ҳамда унга бириктирилган микроҳудуд ўқувчиларига бепул таълим берилиши таъминланади.

Қарор лойиҳаси давлат умумий ўрта таълим мактабларини ишончли бошқарув асосида хусусий сектор вакилларига бериш ҳамда талабгорлардан келиб тушган лойиҳа таклифлари кўриб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ таркибини ўз ичига олган бўлиб, муҳокамалар давомида қарор лойиҳасига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Қарор лойиҳаси “Навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини хусусий сектор вакилларига ишончли бошқарув асосида бериш тартиби тўғрисида”ги низом ҳамда “Навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини хусусий сектор вакилларига ишончли бошқарув асосида беришда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар ажратиш тартиби тўғрисида”ги низомни ўз ичига олган.

Барча қизиқиш билдирган шахсларни мазкур қарор лойиҳаси юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини қуйидаги ҳавола орқали билдиришлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз.