Онгли ҳаётимнинг чорак асри университетда талабаларга дарс бериш билан ўтди. Шундан ўн тўққиз йили журналистика таълимида кечди. Кўп йиллик тажрибамга таяниб бугун келган хулосам шуки, бошқа соҳаларга қараганда журналистика таълимида ишлаш анча мураккаб. Чунки бу соҳада ўқийдиган талабалар ўзига хос, яъни бирмунча эркин фикрлайди, кўпроқ ижодкор бўлади. Уларнинг эътиборини, ҳурматини қозониш учун педагог ё билими, ё ижодий салоҳияти билан ҳайратлантириши керак. Аммо бу осон иш эмас.
Бунинг учун ўқитувчи ўз устида тинимсиз ишлаши, ўқиб ўрганиши, ўзи ҳам ижод қилиши талаб этилади. Шу сабабданми, дарсга тайёргарлик кўриш учун кўп ўқийман, мунтазам изланаман. Қаерда янгилик кўрсам, талабаларга етказишга, ўргатишга ҳаракат қиламан. Агар улар мен берган маълумотга эътибор қаратса, эшитса, топшириқни бажарса, кўзларида учқунни, ишончни кўрсам, шундан куч оламан.
Аммо беш қўл баробар эмас. Журналистикани ҳою ҳавас учун танлайдиган, журналистликни микрофон кўтариб, камера қаршисида чиройли кўринишдан иборат, деб ўйлайдиган ёшлар, афсуски, кам эмас. Ўқитувчиларнинг: “Аввал матбуот нашрига бор, матн тузишни, фикрингни ифода этишни ўрган”, дейишига қарамай, биринчи курсданоқ телевидениега югуради. Шундай талабаларни кўрган, телерадиоканалларда ишлайдиган ҳамкасбларим менга: “Талабаларга нима ўргатасизлар, оддий матн тузишни ҳам билишмайди-ку” деса, мулзам бўлиб кетаман.
Баъзан кимдир таҳрир қилиб берган битта мақоласи қайсидир газетада чоп этилгандан кейин “бўлди, устозсиз ҳам ўзим эплайман”, дейдиган, ўзини ҳар эшикка урадиган талабалар ҳам йўқ эмас. Уларнинг ортидан турли тадбирлар, учрашувларда тайёрлаётган мутахассисларимизнинг ҳозирги талабга жавоб бермаслиги ҳақида эътироз эшитамиз. Бу гапларда жон бўлса-да, очиғи, шу соҳанинг нонини еяётган мутахассис сифатида жуда оғир ботади. Ваҳоланки, журналистика соҳасини танлаган талабада Худо берган иқтидор, қобилият, ҳеч қурса, қизиқиш бўлмаса, ўн йил ўқитсангиз ҳам яхши мутахассис бўлмайди. Буни жуда яхши билсам, исботлаб беролсам-да, барибир амалиётчиларнинг баҳоси ҳақиқат.
Куни кеча Президентимиз раислигида олий таълим соҳасини ривожлантиришга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишини диққат билан кузатдим ва тингладим. Давлатимиз раҳбари олий таълим тизимидаги ўзгаришларни кенг ва атрофлича таҳлил қилиб берди. Келтирилган баъзи аниқ фактлар кишини ўйлашга мажбур қилади.
Масалан, олий таълим муассасалари 815 йўналишда тайёрлаётган мутахассисларнинг 55 фоизи меҳнат бозори талабларига жавоб бермайди. 65 фоиз аҳолининг олий таълим сифатидан кўнгли тўлмайди. Айрим соҳалар бўйича талабалар 40 йиллик фан дастурлари асосида ўқитиляпти. Икки мингга яқин фандан ўқув адабиётлари етишмайди. Булар шунчаки рақамлар эмас, балки исботланган далиллардир.
Бу камчиликларни бартараф этиш учун олий таълимнинг тўртта устувор вазифаси белгилаб берилди. Видеоселекторда асосий урғу таълим сифатини оширишга қаратилди. Давлатимиз раҳбари кадрлар тайёрлашда таълим муассасаси ва ишлаб чиқариш амалиёти ҳақида тўхталар экан, буни журналистика мисолида асослаб, талабаларнинг амалиётини ташкил қилишда оммавий ахборот воситалари таҳририятлари муҳим тажриба майдони бўлишини, 3-курсда ҳеч бўлмаганда 0,25 штатга ишга олинган талаба ўқишни битиргунга қадар тайёр мутахассис бўлишини таъкидлади.
Дарҳақиқат, журналистика таълимини амалиётсиз тасаввур қилиб бўлмади. Ташкил этилганига яқинда уч йил тўлган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети фаолиятининг дастлабки куниданоқ янги форматда ишлай бошлади. Таълим жараёнида амалиётчиларнинг фаол иштироки таъминланди.
Агар эътибор берилса, ҳар йили ижодий имтиҳонларга марказий ОАВнинг кўзга кўринган журналистлари, вазирлик ва идораларнинг илғор ахборот хизматлари ходимлари, ҳатто блогерлар таклиф қилинади. Ана шу тажриба йўлга қўйилгандан кейин кадрлар тайёрлаш жараёнига журналистлар бевосита ўзи ҳисса қўшадиган бўлди. Шунга қарамай, амалиётчи журналистларни ўқув жараёнига иложи борича кўпроқ жалб этишга ҳаракат қиламиз. Чунки соҳада аксарият ҳолларда амалиёт назариядан олдинда юради.
Университетнинг медиа назарияси ва амалиёти кафедрасида фаолият кўрсатаётган 34 нафар профессор-ўқитувчининг тенг ярми амалиётчилар — етакчи нашрларнинг бош муҳаррирлари, таниқли журналистлар. Жумладан, кафедрада “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири А.Мелибоев, “Бошланғич таълим” журнали бош муҳаррири Ҳ.Саидов, “Спорт”, “Ўзбекистон футболи” газеталари бош муҳаррири М.Тўхтамирзаев, “Спорт” телеканали директори З.Каримов, таниқли журналистлар К.Баҳриев, Ў.Мирзаёров, Н.Ниёзов, А.Терёхина ишлайди.
Очиқ айтиш керак, бу мутахассисларни кафедрада ишлатиш осон эмас. Олий таълимдаги профессор-ўқитувчиларга қўйилган талаблар бўйича, айтайлик, дарс материалларини тайёрлаш ва платформага жойлаштириш ёки бошқа услубий ишларга жалб қилинадиган бўлса, ижод аҳли бунақанги қоғозбозликка тоқат қилолмайди. Шу боис, уларнинг ҳар бирига асосий ставкада ишлайдиган педагог ёки ёш ўқитувчини бириктириб, диққатини дарсдан ташқари ишларга чалғитмасликка ҳаракат қилинади. Мақсад битта — талабалар кўпроқ амалий кўникмага эга бўлсин.
Университетда ўқиш истагидаги талабгорлар сони йилдан йилга ортяпти. Шунга яраша қабул квотаси ҳам кўпаймоқда. Бироқ журналистикада олимлар, мутахассислар бошқа соҳалардагига нисбатан анча кам. Яъни профессор-ўқитувчиларга эҳтиёж катта. Шунинг учун босма ОАВ ва сайтлар орқали кафедралардаги лавозимларга танлов асосида ишга қабул қилиш ҳақида эълонлар бериляпти, ҳамкорликка чорланяпти.
Президентимиз йиғилишда: “Энди ҳар бир кафедра камида иккита хорижий олий ўқув юрти кафедраси билан ҳамкорлик қилади. Ҳар бир кафедрадан биттадан ўқитувчи хорижий ОТМга стажировкага бориши шарт”, деди. Бу — кафедралар учун жуда катта имконият. Тўғри, кўпчилик ўқитувчилар хорижга боришни хоҳлайди. Аммо стажировка ёки малака оширишга бориш фақат ўша университетнинг тажрибасини ўрганиш дегани эмас. Педагог ўзи хоҳлаган соҳа, фан бўйича ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, режа тузиб борсагина, сафари самарали ва фойдали бўлади. Буни бошимдан ўтказганим учун айтяпман. Охирги марта 2018 йили Россиянинг Санкт-Петербург университетига ўқув қўлланма яратиш ниятида стажировкага бордим. У ердаги ҳамкасблар билан қўлланманинг режаси, бўлимлари, уларда ёзиладиган фикрларни кўп муҳокама қилдик. Журналистика бўйича россиялик Г.Мельник, Г.Корконосенко, В.Месеженников, М.Ким сингари таниқли олимларнинг маслаҳатини олдим. “Таҳлилий журналистика” деган ўқув қўлланмани сафарда ёзиб тугатдим. Юртимизга келиб, мутахассисларга кўрсатдим ва чоп эттирдим.
Журналистика соҳасида етарли тажриба ва малакага эга, замонавий билимлардан хабардор, янги технологияларни пухта ўзлаштирган, қалами ўткир амалиётчи мутахассислар жуда зарур. Президентимиз айтганидек, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги чегарани олиб ташлаш, меҳнат бозорида ўз маҳсулотимизга харидор топишимиз бугунги куннинг талаби.
Назира ТОШПЎЛАТОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети доценти,
“Дўстлик” ордени соҳиби