— Марказимизнинг тажрибали мутахассислари икки кун давомида қариб 150 нафар беморларни тиббий кўрикдан ўтказди. Уларга ташхис қўйилиб, даволаш бўйича тегишли тиббиёт муассасаларига йўналтирилди. Яқин келажакда барча мураккаб жарроҳлик амалиётларини ҳам вилоятда бажаришни ташкиллаштирмоқчимиз, — дейди Болалар миллий тиббий марказининг тиббий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Музаффар Юлдашев. — Қарийб тўрт йил ушбу вилоятда ишладим. Вилоят тиббиёт тизимининг имкониятларини яхши биламан. Вилоятда малакали болалар шифокорлари бор. Уларнинг касбий маҳоратини ошириб, мураккаб жарроҳлик амалиётлари бўйича маҳорат дарслари ўтказамиз. Ишончим комил, яқин келажакда Жиззахда ҳам барча мураккаб жарроҳлик амалиётларини бажариш имконияти пайдо бўлади.

— Неварамда туғма юрак нуқсони бор, — дейди Фориш тумани “Осмонсой” МФЙ яшовчи Алибек Умаров. — Бугун Тошкентдан келган шифокорлар тиббий кўрикдан ўтказиб, Болалар миллий тиббий марказида жарроҳлик амалиёти ўтказишга тавсия берди. Энди электрон йўлланма олиш учун навбатга қўяман. Навбатим келса, Тошкентда бепул жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Фарҳод НЕЪМАТОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири