Ўзбекистон ривожланиш бўйича ҳамкорлар ва донорлар, шунингдек, қўшма лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этувчи вазирликлар, идоралар ва ижрочи агентликлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Мамлакат платформаси усулини синовдан ўтказган илк давлатлардан бири бўлди.

Йиғилиш давомида ҳозирги пайтда Ўзбекистонда умумий ҳажми 14,5 млрд долларга тенг ҳамда 20дан ортиқ йўналиш ва тармоқларни қамраб олган 305та шундай лойиҳа амалга оширилаётгани таъкидланди. Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни илгари суриш, энергетика, транспорт, авиация, инфраструктуравий тараққиёт, соғлиқни сақлаш, таълим ва тадбиркорликни  қўллаб-қувватлаш соҳаларида ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилган.

Мамлакат платформасининг тизимлаштириш ҳамда истиқболли лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш учун молиявий ҳамда техник кўмакни жалб қилишда самарадорликни ошириш воситаси сифатидаги роли эътироф этилди. Ўзбекистон томонидан бундай мувофиқлаштиришнинг институционал асосини кучайтириш мақсадида Президентнинг махсус қарорига мувофиқ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида  Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги ташкил этилган бўлиб, у ривожланиш бўйича ҳамкорлар билан самарали ҳамкорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Мамлакат платформасининг самарадорлиги, айниқса, пандемия даврида яққол исботини топди: донорлар билан фаол ҳамкорлик қисқа фурсатларда пандемияга қарши молиявий ҳамда техник кўмакнинг салмоқли улушини мобиллаштиришга имкон яратди – ушбу мақсадларга 2 миллиард доллардан ортиқ кредит ва грантлар ажратилди.

Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ишлаб чиқилган мувофиқлаштирувчи комплекс тадбирлар дастурини ривожлантириш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорлар билан биргаликдаги фаолиятнинг барча йўналишларида Мамлакат платформаси механизмларини жорий қилишда давом этиши қайд этилди.

Йиғилиш доирасида иштирокчилар Мамлакат платформасининг роли ва аҳамиятига оид фикрларини ўртоқлашди, шунингдек, кўп томонлама ҳамкорликни келгусида чуқурлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.  

Осиё тараққиёт банки президенти Масатсугу Асакава давом этаётган форум муҳим воқеа эканлигини, чунки бундай платформа орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни максимал даражада ошириш мумкинлигини таъкидлади. У 2020 йилдаги G20 саммити давомида бу каби платформалар биринчи навбатда иштирокчи давлатларнинг устувор мақсадларига йўналтирилгани ва уларни ривожлантиришнинг асосий йўналишларига мослаштирилгани айтилган эди.

 “Биз ҳамкорликни, жумладан, хусусий секторда ҳам синергия ва тажриба алмашиш орқали мустаҳкамлашимиз керак. Биз барча мамлакат платформаларини тараққиётни кузатишга чорлаймиз. ОТБ Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ҳамкори эканлигини ва бизнинг ҳамкорлигимиз мамлакат тараққиётига қаратилганини алоҳида таъкидламоқчиман”, — деди ОТБ президенти ўз нутқида.

Халқаро молия корпорациясининг минтақавий вице-президенти Хела Шайхруҳу ушбу халқаро инвестиция форумини 2019 йилда ўтказиш режалаштирилганини, бироқ коронавирус пандемияси режаларга тузатишлар киритганини таъкидлади.

Мамлакат платформаси доирасида Халқаро молия корпорацияси (ХМК) вакили ушбу халқаро ташкилот билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган лойиҳалардан бирини қайд этди.

Осиё инфратузилмавий инвестиция банки (ОИИБ) вице-президенти Константин Лимитовский Ўзбекистонга кейинги бир ой давомида иккинчи бор ташриф буюраётгани ва сезиларли ютуқларни пайқаганини қайд этди. Ўзбекистон янги Тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқди, деди у, мамлакат ўрта ва узоқ муддатли режаларни белгиламоқда, унда банк вакиллари ҳам иштирок этишни режалаштирмоқда.

“Мамлакатда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида кўп ишлар қилинди”, – деди Константин Лимитовский. - Ўзбекистоннинг улкан мақсадлари ОТБнинг яшил энергия, инфратузилмани ривожлантириш ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар бўйича мақсадлари билан мос келишидан мамнунмиз. Банкимиз ёрдами Ўзбекистон томонидан қўйилган мақсадларни амалга оширишга ижобий таъсир кўрсатишини истаймиз”.

Учрашув якунлари бўйича умумий қиймати 617 миллион долларлик қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 6 та, 160 миллион долларлик 2 та мандат хати, консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича 2та шартнома имзоланди. Хусусан, ОИИБ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ўртасида “Бухоро-Мискен-Урганч-Хива” темир йўлини электрлаштириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича 108 миллион долларлик шартнома имзоланди. ОТБ Автомобил йўллари қўмитаси билан Ўзбекистонда автомобил йўлларини ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш бўйича 274 миллион долларлик шартнома имзолади.

Экология давлат қўмитаси ЕТТБ билан Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қаттиқ маиший чиқиндилар полигонларини қуриш ва мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 50 миллион долларлик 2 та шартнома имзолади. Шунингдек, Нукус шаҳри учун электробуслар харид қилишни молиялаштириш, Андижон ва Навоий вилоятларида сув таъминоти ва канализация тизимларини қуриш ва модернизация қилиш лойиҳаларини амалга ошириш, шамол ва электр энергиясини таъминлаш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш бўйича келишувлар имзоланди. Қуёш электр станциялари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линияси ажратиш, шунингдек, Франция тараққиёт агентлигининг Ўзбекистон чорвачилик тармоғига инклюзив ва иқлимий инвестициялар бўйича грант дастурида иштирок этиш бўйича шартномалар имзоланди.

Манба