Таълим-тарбия, илм-фан — инсоният тамаддунининг тамал тоши, мамлакатни тенглар ичра тенг қиладиган, миллатни буюк қиладиган куч. Шу боис, бугун мамлакатимизда таълим соҳасини тубдан такомиллаштириш давр талабига айланган. Барча соҳалар қатори олий таълим тизимига рақамли технологиялар ҳамда замонавий усулларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Пандемия шароити мазкур жараённи тезлаштирди.
Мамлакатимизда олий таълимни ривожлантиришга қаратилган стратегик мақсад ва вазифалар кейинги бир неча ўн йилликларга мўлжалланган талаб ва эҳтиёждан келиб чиқиб, олий маълумотли кадрларни тайёрлаш масаласини ҳам қамраб олган.
Мазкур вазифа ижроси, шубҳасиз, олий таълимга қамровни оширишни тақозо этади. Юртимизда олийгоҳлар сони 141 тага етказилгани, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилгани натижасида олий таълимга қабул квотаси уч баробар оширилди. Мисол учун, жорий йилда 182 минг нафар ёш талабалар сафидан жой олди.
Таққослаш учун: 2016 йилда мамлакатимиздаги олийгоҳлар сони 77 та бўлиб, олий таълимга қамров 9 фоизни ташкил этарди. Қисқа муддатда олий таълим муассасалари сонининг икки баробар ортгани ва умумий қамров 28 фоизни ташкил этгани нафақат ёшларнинг, балки жамиятнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга хизмат қилди. Қувонарлиси, олий таълимга қамров ўсиши изчил давом этиб, 50 фоизга оширилиши Ўзбекистон ёшларининг глобал меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлайди.
Молиявий мустақиллик самараси
Мамлакатимиздаги таълим ислоҳотларида олий таълим муассасаларининг мустақиллиги муҳим аҳамиятга эга. Зеро, олийгоҳларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-шартнома миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилашга босқичма-босқич ўтиши давр талабидир.
Ривожланган давлатлар тажрибасидан маълумки, академик ва молиявий мустақилликнинг энг муҳим омили олий таълимни ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш ҳисобланади. Бу олий таълим муассасаларининг илм-фан ва инновацион йўналишдаги истиқболли масалаларини юқори турувчи ташкилотлардан мустақил ҳолда ҳал этиш имконини беради.
Мамлакатимизда 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори асосида 10 та олий таълим муассасаси қатори Тошкент давлат юридик университети ҳам ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказилди.
Янги тизим миллий ва хорижий юксак малакали мутахассислар фаолият юритиши учун университет жозибадорлигини оширишга, хусусан, ходимларга бериладиган устамалар ва моддий рағбатлантиришнинг бошқа турлари миқдорини мустақил белгилаш, таълимда аутсорсинг имкониятларидан фойдаланиш имкониятини берди.
Бундан ташқари, иқтидорли, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга кирувчи талабаларни моддий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратишга хизмат қилади.
Адлия вазирлиги билан келишган ҳолда, талабаларни тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилиш параметрларини белгилаш, янги бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларини очиш, ўзини ўзи тўлиқ молиявий таъминлаш миқдоридан келиб чиқиб, тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш каби имкониятлар олийгоҳнинг бозор иқтисодиёти шароитига тезроқ мослашувига хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, университетларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, мавжуд моддий-техник базани мунтазам такомиллаштириб боришда хорижий тажрибани ўрганиш, кейин миллий олий таълим тизимига жорий этиш йўллари ва усулларини тадқиқ этиш ғоят долзарб ҳисобланади.
Айни пайтда илғор тажрибани ўрганган ҳолда, ўзини ўзи молиялаштиришга ўтган олий таълим муассасаларининг ҳуқуқий мақомини аниқ белгилаш, давлатга қарашли олийгоҳлар босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов-контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаш, олий таълим муассасаси инфратузилмасига сервис хизматлари кўрсатишнинг алоҳида турлари, жумладан, бино ва иншоотлар, талабалар турар жойлари, спорт объектларидан фойдаланиш, уларни тозалаш, таъмирлаш, компьютер техникаси ва телекоммуникация тармоқларини сақлаш ва юридик хизматлар кўрсатишни аутсорсинг шартларида ташкил этиш тизимига ўтиш ишларини жадаллаштириш мақсадга мувофиқ.
Педагоглар ва тадқиқотчиларнинг халқаро интеграцияси
Олий таълим тизимини ижтимоий соҳа ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам интеграциясини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.
Жумладан, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан молиялаштириладиган “Faculty Enrichment Program” (FEP) дастурини келтириш мумкин. Ушбу дастур мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари ўқитувчиларига тўрт ой давомида АҚШ университетларида ўз педагогик маҳорати ва касбий йўналишлар бў йича тажрибасини ошириш имкониятини беради.
Дастур давомида иштирокчилар дарс жараёнини кузатади, илмий конференцияларда иштирок этади ва ўзи бириктирилган АҚШ университетларининг факультет аъзолари билан ҳамкорлик қилади. Тингловчиларнинг АҚШда ўзи бириктирилган университет ва Ўзбекистонда фаолият олиб борадиган олийгоҳи ўртасида ҳамкорлик ўрнатиши дастурнинг асосий мақсадларидан ҳисобланади.
Бу йил AҚШнинг нуфузли 13 та университетида биз — ўзбекистонлик 29 нафар ўқитувчи бир академик семестр давомида глобал олий таълимдаги сўнгги тенденциялар билан танишиш, янги профессионал алоқалар ўрнатиш имкониятига эга бўлмоқдамиз.
Айни пайтда олий таълим муассасалари талабалари, тадқиқотчи ва педагоглари учун хорижда таълим олиш, малака ошириш имконияти бениҳоя кенг. Айниқса, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали эркин ва ижодий фикрлайдиган ёшлар, шунингдек, олий таълим муассасалари ходимларини нуфузли хорижий олийгоҳлардаги бакалавриат, магистратура ва докторантурага юбориш кўлами икки баробар оширилиши бу имкониятлар кўламини кенгайтиради. Ўз навбатида, илғор хорижий тажриба ва кўникмага эга малакали профессор-ўқитувчилар сонининг кўпайиши таълим сифати ва ривожига катта ҳисса бўлиб қўшилади.