Ёш академиклар уюшмаси томонидан ташкил этилган тадбирнинг очилиш маросимида Туркия ва хориждан кўплаб ёш олимлар билан бир қаторда Туркия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Явуз Селим Киран, Турк ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (TIKA) вице-президенти Раҳман Нурдун ва хориждаги қардош халқлар иштирок этди.
Туркия Президенти Миллий кутубхонасида бўлиб ўтган конгрессда Явуз Селим Киран сўзга чиқиб, “Биз илмий тараққиёсиз иқтисодий ривожланиш заиф бўлиб қолади, деб ўйлаймиз. Шу боис, бугунги кунда туркий халқаларнинг илм йўлида бирлашиши айни муддаодир”, дея таъкидлади.
ЙТБ вице президенти Юсуф Туркий Республикалар ўртасида ўтмишда талабалар алмашинувида муаммолар бўлганини эслаб: “Сўнгги йилларда катта ўзгаришлар бўлди. Туркий тиллий давлатлар билан ўрнатган муносабатларимиз бугун турғун ҳолатга келди”, – деди.
Ёш академиклар уюшмаси раҳбари Юнус Каcабйик, Конгресс Туркия ва Турк дунёсида таълим фаолиятини давом эттираётган университетлар ва ёш тадқиқотчиларни муштарак интеллектуал мақсад атрофида бирлаштириб, ҳамкорликни ошириш учун ташкил этилганини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Конгрессда 15 давлатдан 80 нафар тадқиқотчи-олим иштирок этмоқда.
Мазкур тадбирда Ўзбекистондан қатнашаётган 7 нафар ёш олим давлатимиз таълим тизимини Турк дунёси ёш академикларига таништиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Жумладан, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти таянч докторанти Камолиддин Умаров Конгресс давомида “Ўзбекистон таълим тизимида санъат ва маданиятнинг ўрни” мавзусида маъруза қилиб, таълимда санъат ва маданиятга қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар борасида сўз юритди.
– Мамлакатимиз раҳбарлари бошлаб берган ҳамкорлик бўйича ташаббуслар барча соҳаларда давом этмоқда. Турк дунёси ёш олимлари конгресси ҳам ана шундай тадбирлардан биридир. Илмий салоҳиятимизни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, тажриба алмашишга қаратилган бу каби саъй-ҳаракатлар биз – ёш тадқиқотчилар учун айни муддао бўлди, – деди у.
Маълумот учун: мазкур Конгресс делегацияси сифатида мамлакатимиздан Фанлар Aкадемияси Шарқшунослик институти, Миллий археология маркази, Хоразм Маъмун академияси, Тошкент давлат юридик университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти таянч доктарантлари, кичик илмий ходимлари иштирок этди.
Ситора Йўлчиева