Хўш, пойтахтимизда, умуман, мамлакатимизда ҳаво ҳароратининг кескин ошиб кетишига нима сабаб бўлмоқда? Ҳаво ҳароратининг бундай кўтарилиши қишлоқ хўжалиги соҳасига қандай таъсир кўрсатади? Иқлим ўзгаришларининг инсон организмига қандай таъсири бор?

Иқлим ўзгаришларининг даракчиси

— Мазкур аномал исиш дунёдаги иқлим ўзгаришининг салбий омиллари таъсирида юзага келяпти, — дейди Гидрометеорология хизмати маркази Гидрометеорологик таъминот бошқармаси бошлиғи Дониёр Турғунов. —Бугунги кунда табиий ва антропоген омиллар, хусусан, транспорт, электростанция ва саноат корхоналари чиқараётган тутун, ўрмон ёнғинлари атмосферани ифлослантираётгани айни ҳақиқат. Бу, ўз навбатида, глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўляпти. Тадқиқотлар автомобиллардан чиқаётган газ миқдори ҳавода ис гази ва бошқа ифлос газ концентрацияси ортиб боришига сабаб бўлаётганини кўрсатмоқда.

Шу йилнинг 8 июнидан юртимиздан иссиқ ҳаво оқими чекинди. Унинг ўрнига нисбатан нам ҳаво оқими кириб келди. Бу оқимлар ҳаво ҳароратининг меъёрлашувига олиб келди. Кейинги кунларда мамлакатимиз ҳудудига иссиқ ҳаво оқими кириб келмайди. Фақат жанубий вилоятлар ва чўлларда ҳарорат +40 даражадан бироз кўтарилади.

“Ўзгидромет” қисқа, ўрта ва узоқ муддатли об-ҳаво прогнозларини ишлаб чиқади. Узоқ муддатли прогнозлар айнан муайян кун учун об-ҳаво маълумотини бермайди. Қисқа муддатли прогнозлар эртанги, ўрта муддатлиси эса кейинги 5 кунлик об-ҳаво ҳақида тахминдир. Бу ташкилот, шунингдек, иссиқ об-ҳавонинг салбий таъсири олдини олиш учун тавсия бериш ваколатига эга эмас. Аммо кутилаётган иссиқ ва совуқ аномал об-ҳаво, сел, тошқин ҳодисалари, шиддатли жала ва дўл, кучли шамол ва қор кўчкиси хавфидан огоҳлантириш кўринишидаги прогноз хабарларни мунтазам бериб боради. Бу ҳақда тегишли ташкилотларни олдиндан хабардор этади.

Жазирама ғўзани стрессга туширди

— Ҳар бир қишлоқ хўжалиги экинининг ўсиши ва ривожланиши учун муайян ҳаво ҳарорати талаб этилади. Кўпгина экинлар учун энг мақбул ҳарорат +20 +25оС ни ташкил этади, — дейди Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Шуҳрат Абдуалимов. — Лекин бугунги кунда кузги буғдой пишиш даврида бўлгани учун бошоқли дон экинларига жорий йил 3–7 июнь кунлари кузатилган аномал иссиқ ҳарорат деярли салбий таъсир этмади. Аксинча, ривожи кечикаётган буғдойларнинг пишиб етилишини тезлаштирди.

Бугунги кунда республикамизнинг асосий майдонларида ғўза парваришланмоқда. Унга жазирама иссиқнинг таъсирини баҳолашдан олдин экиннинг биологик хусусиятларига тўхталиб ўтиш жоиз. Ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши учун энг мақбул ҳаво ҳарорати +25-30оС ҳисобланади. Агар ҳаво ҳарорати +37-38оС дан ошса, ғўза тўқималарини қиздириб юборади, ўсиши ва ривожланишини секинлатади. Агар +40° ва ундан юқори ҳарорат кузатилса, ғўза ўсимлигига қаттиқ салбий таъсир қилади. У ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди. Бундай ҳолатда ўсимлик ўзининг ҳимоя тизимини ишга туширади. Шунинг учун ёзнинг жазирама пайтида ғўза кўпинча тунги салқинда, яъни кундузги иссиқ қайтган вақтда ўсади, ривожланади, ҳосилга куч тўплайди.

Бу йил аномал иссиқ ҳарорат кузатилаётган пайтда ғўза экини юртимизда шоналаш ва оммавий шоналаш даврида ривожланаётган, жанубий вилоятларда гул очган эди. Ушбу қисқа муддатли жазирама кунлари ғўза экини бироз стресс ҳолатга тушгани, ўсиши ва ривожланиши сусайгани кузатилган бўлса-да, ҳосил тўплаши, ўсишида кескин ёмонлашиш ҳолатига олиб келмади. Лекин ушбу стресс оқибатларини бартараф этиш учун агротехник тадбирлар, жумладан, ғўзага стимуляторлар билан ишлов бериш, минерал ўғитлар билан озиқлантириш, қатор ораларини юмшатиш, енгил суғориш каби юмушларни бажариш талаб этилади. Айниқса, ғўзада кучли стресс кузатилган жойларда таъсир этувчи моддаси аминокислоталардан иборат бўлган аминозол стимулятори билан ишлов бериш ижобий натижа беради ва стресс ҳолатни юмшатиб, ғўзанинг мақбул ҳолатда ривожланишига қулай шароит яратиб беради.

Кузатилган жазираманинг баъзи ижобий жиҳатлари ҳам бўлди. Жумладан, у ғўзада кенг тарқалган шира, трипс, ғўза тунлами каби зарарли ҳашаротларнинг тухуми нобуд бўлишига ёки кўпайиш учун тухум қўймаслигига олиб келди. Бу эса ушбу зараркунандаларнинг салбий таъсирини камайтирди.

Турли ривожланиш даврида парваришланаётган бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари, жумладан, сабзавот ва полиз экинлари, мевали боғлар ва бошқа экинларга юқоридаги қисқа муддатли аномал иссиқ ҳаво ҳарорати сезиларли салбий таъсир этмаганини таъкидлаш лозим.

Иссиқ бизга қандай таъсир кўрсатади?

— Кучли иссиқ офтоб уришига олиб келиши мумкин, — дейди Тошкент тиббиёт академиясининг 1-ички касалликлар кафедраси мудири, тиббиёт фанлари доктори Наргиза Нуриллаева. — Бундан ташқари, юқори ҳаво ҳарорати ички органлар фаолиятига салбий таьсир қилади. — Сувсизланиш, бош айланиши, кўнгил айниши, иситма, юрак уришининг тезлашиши хавфи ошади, баъзи ҳолларда ҳушдан кетиш ва тиришишлар пайдо бўлади. Бу, айниқса, юрак-қон томир, асаб, қон ва буйрак хасталиклари, қандли диабет ва бошқа жиддий касалликларга чалинган одамлар учун жуда хавфлидир. Бундай пайтда дори-дармон қабул қилишни тўхтатмаслик тавсия этилади, лозим бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиш мақсадга мувофиқ.

Ҳаддан ташқари иссиқ кузатилаётган пайтда юраги хаста инсонларда юрак уриши тезлашади, қон босими кўтарилади, периферик қон томирлар кенгаяди, оёқлар шишади. Бундай ҳолларда кучли жисмоний фаоллик тавсия этилмайди. Жисмоний фаолликни минимал даражага тушириш зарур. Масалан, эгилиб ёки бошни эгиб ишлаш мумкин эмас. Бундай ҳолатларда бош мияда қон айланиши бузилади. Қон босимининг кескин кўтарилиши, ҳушнинг йўқотилиши ва инсульт хавфини юзага келтиради. Агар нафас сиқилиши, юрак уришидаги ўзгаришлар, ҳолсизлик, бош айланиши ёки ундан ҳам хавфлиси — кўкрак қафасида оғриқ пайдо бўлса, дарҳол ҳар қандай жисмоний фаолиятни тўхтатиш керак.

Иссиқдан қочиб жуда совуқ сувга тушиш ҳам зарарли. Юрак-қон томир касаллиги билан оғриган беморлар учун иссиқ сувга тушиш ҳам жуда хавфлидир. Бу қўшимча вазоспазмга ва шунга мос равишда ностабил стенокардия ёки миокард инфарктига олиб келиши мумкин.

Юқоридаги патологик ҳолатлар коронавирус инфекциясининг асосий асоратлари ҳисобланади. Шунинг учун пандемия пайтида об-ҳавонинг исиши бизни ҳушёрроқ бўлишга, ниқоб тақишга, масофани сақлашга, қўл бериб кўришмасликка, суюқлик ичишга ва сабабсиз кўчага чиқмасликка ундайди.

Иссиқда сувсизланишнинг олдини олиш учун кўпроқ тоза сув ичиш зарур. Сувнинг асосий қисмини соғлом одамлар кечқурун ва эрталаб ичгани маъқул. Бу вақтда организм тўқималарда намликни сақлаш қобилиятига эга бўлади. Иссиқ ҳавода озроқ сув ичиш, музқаймоқ ёки сабзавот ва мева, масалан, помидор, тарвуз, бодринг истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Иссиқ кунларда фақат сув ичиш етарли эмас, таркибида калий, кальций ва магний бўлган минерал сувдан фойдаланиш афзалроқ. Чунки ўта иссиқ об-ҳаво нафақат тананинг сувсизланишига, балки тер билан бирга тузларнинг чиқиб кетишига ҳам сабаб бўлади. Ушбу тузлар организмга керак, шунинг учун уларнинг ўрнини тўлдириш лозим.

Ширин газланган ичимликлар, лимонад ичиш тавсия этилмайди. Чунки улар буйрак ва жигар фаолияти бузилишига олиб келади. Барча органларнинг нормал ишлашини таьминлаш учун ётишдан олдин қийин ҳазм бўладиган овқатлар ейишдан воз кечиш керак. Уларни ҳазм қилиш тана ҳарорати кўтарилишига олиб келади ва терлашни кучайтиради.

Аномал иссиқ пайтида совуқ сувга шўнғиш тавсия этилмайди. Тана ҳароратининг кескин пасайиши юрак-қон томир спазмини келтириб чиқариши мумкин. Ҳовузга сакрашдан олдин сояда салқинлаб олиш лозим. Музли душдан ҳам воз кечиш керак, қон томирлари совуқ сувдан торайиб, кейин янада кенгаяди. Иссиқ об-ҳавода илиқ душ қабул қилиш яхшироқдир, шундан кейин тана ҳарорати аввалгидан пастлаши сезилади. Иммунитетнинг пасайиши фонида совуқ сув ичиш, тана ҳароратининг кескин ўзгариши пневмония, ўткир бронхит ёки сурункали ўпка касалликлари ривожланишига олиб келиши мумкин.

Жуда иссиқ об-ҳаво инсон организмига зарарлидир. Чунки бу вақтда қуёш фаоллигининг кучайиши кузатилади. Шу сабабли, барча эҳтиёт чораларига риоя қилган ҳолда, қуёшдан сақланиш ва бош кийим кийиб юриш тавсия этилади. Ҳаддан ташқари иссиқда шарфингизни намлашингиз ва у билан бошингизни ўрашингиз мумкин. Иссиқ кунларда ультрабинафша нурланиш даражаси ошади, шунинг учун танани қуёш нуридан сақловчи крем суртиш ва қуёшдан сақловчи кўзойнак тақиш керак.

Пахта ва читдан тикилган либосларни кийиш керак, улар намликнинг буғланишига тўсқинлик қилмайди. Синтетик матолар иссиқлик узатилишига тўсқинлик қилади ва терининг “нафас олиши”ни қийинлаштиради. Бундан ташқари, иссиқ об-ҳаво шароитида юзга суртадиган крем ва упадан фойдаланмаган маъқул. Улар тери тешикларини ёпади ва “нафас олиши”га халал беради.

Аномал иссиқ об-ҳаво — чекиш ва спиртли ичимлик ичишни ташлаш учун энг қулай вақт. Чунки иссиқ пайтда алкоголли ичимликлар ичиш қатъиян ман этилади. Бундай об-ҳаво шароитида чекиш кашандаларнинг ўзи ҳамда атрофдагиларнинг соғлиғи учун жуда зарарлидир.

Ўта иссиқ ҳаво ҳарорати кузатиладиган кунларда, айниқса, барча беморларга шифокор кўрсатмасига риоя қилиш, болаларни нурланишдан ва қарияларни сувсизланишдан, шунингдек, ўзингизни ва оила аьзоларингизни юқумли ва вирусли касалликлардан ҳимоя қилиш тавсия этилади.

Шаҳзод ҒАФФОРОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири