Лойиҳага кўра, Ўзбекистонда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашни янги босқичга олиб чиқиш, инфратузилма ва ўқув тизими, китобхонлик билан боғлиқ муаммоларга самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида, 2020-2025 йилларга мўлжалланган китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланади.

Дастурни амалга оширишнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • китобхонлик маданиятини ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда моддий-техник базасини такомиллаштириш;
  • халқимиз, аввало, ёшларнинг маънавий-маърифий, бадиий-эстетик талабларига жавоб берадиган китобларни юксак сифат билан чоп этиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни белгилаш;
  • жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда китоб етказиш тизимини тубдан такомиллаштириш чораларини кўриш;
  • миллий ва жаҳон адабиётининг энг сара намуналарини таржима қилиш, мутолаа маданиятини юксалтириш билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этишга қаратилган тизимли ишларни ташкил этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш;
  • таълим муассасалари ва ҳудудий кутубхоналарни марказлашган кутубхона – “Ягона электрон кутубхона” лойиҳаси асосида бирлаштиришга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни белгилаш;
  • ҳудудлар, аҳоли пунктларида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган аниқ механизмлар ишлаб чиқиш;
    ҳар йили ёш ижодкорларнинг инновацион лойиҳаларини амалиётга жорий қилиш орқали мамлакатимизга киритилаётган инвестициялардаги ёш ижодкорларнинг улуши ошишини таъминлаш;
  • ўқувчиларнинг қизиқишини ўрганиш, социологик сўровлар ўтказиш орқали китоб маҳсулотлари ишлаб чиқишни йўлга қўйиш;
  • китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган китобларни, айниқса, болаларга мўлжалланган адабиётларни чоп этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини белгилаш;
  • китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган лойиҳа ва танловларни ташкил этиш.

Лойиҳада келтирилишича, Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб ҳар йили апрель ойининг биринчи ҳафтасини “Китобхонлик ҳафталиги” этиб белгиланади.

Дастур уч босқичда амалга оширилади:

  • биринчи босқич – 2020-2021 йилларда ташкилий-ҳуқуқий механизмлар яратиш ва чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
  • иккинчи босқич – 2022-2023 йилларда китобхонликка оид инфратузилмани мустаҳкамлаш;
  • учинчи босқич – 2024-2025 йилларда ёшларнинг китобхонлик маданиятини жадал ривожлантириш, уларнинг маданий саводхонлиги ўсиши ҳисобига инсон капитали сифатини яхшилаш.