Давлатимиз раҳбари дунёдаги ҳозирги мураккаб вазиятда ҳар бир давлат турист жалб қилиш учун барча имкониятларини ишга солаётганини кўрсатиб ўтди. Биз ҳам бундай кескин рақобат шароитига мос бўлиб ишлашимиз шартлиги қайд этилди.

Ўтган 8 ойда:

- юртимизга хориждан 4,3 миллион турист келди, улардан 1,4 миллиард доллар тушум бўлди;

- 15 мингта янги меҳмон ўринлари яратилиб, уларнинг сони 137 мингтага етди;

- 540 та дам олиш ва кўнгилочар маскан барпо этилди, 70 та туризм маршрути очилди.

Шунингдек, 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади, янги 23 та самолёт олиб келинди, 20 та халқаро ва 6 та ички қатнов йўлга қўйилди, Самарқанд аэропортида ҳафталик халқаро рейслар 46 тадан 85 тага кўпайди, 1 минг 300 та замонавий автобус харид қилиниб, 38 та маршрут очилди.

Қўшимча дам олиш кунлари ва чегирма берилгани ҳисобига ички сайёҳлар сони 15 миллион нафарни ташкил қилиб, ўтган йилга қараганда 2 баробарга ўсди.

Президент туристларни жалб қилиш бўйича янги имкониятларга тўхталиб ўтди.

Бунда, энг аввало, қўшни давлатлардан, Россия ва Хитойдан сайёҳларни жалб қилиш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. 

Масалан, Хитойнинг ҳамма провинцияларига бориб, ҳудудларимиз туристик салоҳиятини кенг тарғибот қилиш, Хитойдан Самарқанд, Бухоро, Хоразмга, Сурхондарё ва Фарғона водийсига авиақатновларни йўлга қўйиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. 

Мамлакатимизга узоқ давлатлардан келаётган туристлар оқими 3-4 баробар ошди.

Мисол учун, бу йил Ҳиндистондан, Япониядан, АҚШдан, Италиядан сайёҳ кўпайди. Лекин, Малайзия, Индонезия, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Миср, Қатардан ҳамда Европадан туристларни жалб қилиш ишлари суст экани таъкидланди.

Ушбу мамлакатлардаги элчиларга ва вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига туристларни жалб қилиш бўйича ишларни кучайтириш топширилди.