Ўзбекистон Республикаси Президентининг 21.02.2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-4966-сонли Фармони билан маъмурий судлар ташкил этилиб, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар, шунингдек маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар маъмурий судларга тааллуқлилиги белгиланди ва 01.06.2017 йилдан бошлаб маъмурий судлар ўз фаолиятини бошлади.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқиш ҳамда ҳал этишда маъмурий суд ишларини юритишни амалга ошириш тартибини белгилаш мақсадида, 25.01.2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс қабул қилиниб, 01.04.2018 йилдан қонуний кучга кирди.

Мазкур Кодекс билан маъмурий судлар кўрадиган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар тоифаси белгиланди.

Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24.07.2020 йилдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–6034-сонли Фармонининг 1-бандига асосан, 01.01.2021 йилдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди, маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, қолган туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилди. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинди.

Унга кўра, 01.01.2021 йилдан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг марказларида 1 тадан маъмурий
ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган туманлараро маъмурий суди ўз фаолиятини бошлади.

Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан 25.12.2023 йилдаги ЎРҚ-889-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, ушбу қонун 01.01.2024 йилдан қонуний кучга киритилди.

Унга кўра, вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган маъмурий судларда ишлар апелляция ёки кассация ва тафтиш тартибида кўрилиши, ишлар тафтиш тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатида ва алоҳида ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатида кўрилиши ҳамда юқори инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тартиби бекор қилиниши тартиби белгиланди.

Мазкур Қонун фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида назарда тутилган суд орқали ҳимоя қилиниш ва судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатларини янада оширишга, уларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини кенгроқ ҳимоя қилишга хизмат қилиб келмоқда.

Бироқ, бизга маълумки ҳеч бир қонун мукаммал бўлмаганидек ҳамда қабул қилинганидан бошлаб эскира бошлаганидек, ушбу қонун ҳам кучга кирганидан ҳамда амалиётда қўллана бошланганидан сўнг, айрим бўшлиқларга эга эканлигини, бу эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

01.01.2024 йилдан амалга кирган қонун натижасида Олий суднинг ишларни кассация тартибида иш юритиш институти тугатилиб, кассация тартибида иш кўриш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари ваколатига ўтказилди. Шунингдек, ушбу Қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судларида қўшимча тафтиш инстанциясида иш кўриш жорий этилди.

Оқибатда, ушбу судларнинг апелляция ёки кассация тартибида чиқарган қарори устидан бериладиган тарафларнинг шикояти ёки прокурорнинг протести худди шу суд томонидан тафтиш тартибида кўриладиган бўлди. Фақатгина ишни апелляция ёки кассация инстанцияси судида кўришда иштирок этган судья шу ишни тафтиш инстанцияси судида кўришда иштирок этиши мумкин эмаслиги белгиланди.

Бу эса ўз навбатида ушбу судларнинг судьялари ўртасида манфаатлари тўқнашувига олиб келади, яъни бир судьянинг апелляция ёки кассация тартибида чиқарган қарори иккинчи судья томонидан тафтиш тартибида, иккинчи судьянинг апелляция ёки кассация тартибида чиқарган қарори биринчи судья томонидан тафтиш тартибида кўришга, натижада улар бир-бирларининг қарорларини бекор қилиш ёки бекор қилмаслигидан бевосита манфаатдорликни вужудга келтиради.

“Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, манфаатлар тўқнашуви деганда шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият тушунилади.

Агарда судьянинг қарори бекор қилинадиган ёки ўзгарадиган бўлса, Судьялар олий кенгаши томонидан жорий қилинган судьяларнинг рейтинг кўрсаткичига таъсир қилиши, бунинг оқибатида қарор чиқарган судьяга нисбатан тегишли чоралар кўрилишига сабаб бўлади.

Бугунги кунда фуқаролардан келаётган мурожаатлар, ижтимоий тармоқлардаги ҳар хил чиқишлар ҳамда статистик маълумотлар ҳам апелляция ёки кассация инстанциясида чиқарилган суд қарорларини ушбу суднинг тафтиш инстанциясида камдан кам ҳолларда бекор қилинаётганлигини кўрсатмоқда.

Суд қарорларини қайта кўриш институтининг таҳлили мазкур институтни такомиллаштириш орқали амалдаги тартибни қайта кўриб чиқиш зарурлигини англатмоқда.

Шу сабабли, процессуал қонунчиликдаги бўшлиқни бартараф этиш мақсадида, ҳар икки ёки учта ҳудуд учун алоҳида вилоятлараро маъмурий судларни ташкил этиш ҳамда вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлардан суд қарорларини тафтиш тартибида кўриш ваколатини тугатиб, ушбу ваколатни янги ташкил этиладиган вилоятлараро маъмурий судларга бериш лозим.

Мазкур таклиф қонунга киритилиб, амалиётга жорий этиладиган бўлса, судлар томонидан ишларнинг сифатли кўрилишига, натижаси бўйича асосли ва қонуний қарорлар қабул қилишга ҳамда фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, одил судловга эришиш даражасини янада оширишга ва ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига хизмат қилади деган умиддамиз.

Зотан, Давлат раҳбаримизнинг суд-ҳуқуқ ислоҳотларидан кўзлаган мақсади ҳам инсоннинг қадр - қиммати устуворлигини таъминлашдан иборатдир.

Аҳрор Кенжаев,
Ўзбекистон Республикаси

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси магистри