Президентимизнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси барчани бирдек тўлқинлантирди. Янги Ўзбекистон миллий тараққиётнинг юксалиш даврига дадил қадам қўйгани, бу ўзгаришлар барча соҳаларда сезилаётгани аниқ рақамларда кўрсатилди. Халқаро стандартларга кўра, бу кўрсаткичлар мамлакатимиздаги
барча фуқарони бирдек қамраб олади. Кам таъминланган оилалардан тортиб, аҳолининг ўзига тўқ, бадавлат қатламигача ҳисобга олинади.
Давлатимиз раҳбари ўтган синовли йилларнинг таъсирига, жумладан, пандемия ва жаҳонда кечаётган кескин иқтисодий, сиёсий инқирозга қарамай, халқимизнинг қаҳрамонларча меҳнати билан эришилган баъзи ютуқларни санаб ўтди. Хусусан, ялпи ички маҳсулот ҳажми 2018 йилда 52 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2022 йилда илк бор 80 миллиард доллардан ошгани, жумладан, саноат ишлаб чиқариш соҳасига 8 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция киритилиб, 19 миллиард долларлик маҳсулот экспорт қилингани айтилди. Ваҳоланки, Ўзбекистоннинг 2018 йилдаги экспорт қиймати 14 миллиард долларни ташкил этганди.
Бу йил мамлакатимиз учун халқаро майдонда янги уфқларни очиш йили бўлди. Кўҳна ва навқирон Самарқанд шаҳрида Туркий тилли давлатлар раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви юқори савияда ўтказилди. Шу саъй-ҳаракатлар боис, бугун Янги Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш билан кузатилаётган сиёсий маконлардан бирига айланди. Ёш ва қудратли давлат сифатида эътироф этилмоқда. Бундай изчил, кўп векторли демократик ва иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар интеграциялашувида Президентимиз илгари сурган “Инсон қадри учун” тамойили муҳим асос бўлмоқда.
Инсоният XXI асрга минтақа ва жаҳон тинчлигига раҳна солиб келаётган Афғонистондаги уруш ўчоғини ўчириш билан эмас, балки иқтисодий ва демографик инқирозлар, биологик хатарлар, турли сиёсий ноаниқ хавфлар билан қадам қўйди. Кўз ўнгимизда содир бўлаётган айрим тартибсизликлар, вайронкор ҳаракатлар бир томон бўлса, сайёрамиздаги иқлим ўзгариши, ер ва сув, ҳавонинг ўткир ифлосланиши, табиий ресурслар камайиши иккинчи томон бўлди. Ушбу хатарли омиллар барча мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам сезиларли даражада таъсир қилаётгани сир эмас.
Мурожаатномада таъкидланганидек, аҳоли фаровонлигини ошириш, шаффоф муҳит яратиш, коррупциясиз жамият сари дадил қадам ташлаш натижасида кўплаб ютуқларга эришилди. Жумладан, рақамлаштирилган платформаларнинг жадал ишга туширилиши мактаб, боғча ва шифохоналарни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, маҳаллаларда йўл, сув, электр, транспорт муаммоларини ҳал қилиш, иш ўринлари очиш, тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратиш ва адолатни таъминлашда инсон омилини камайтириб, оворагарчилик, бюрократия ва коррупциянинг олди олинишига асос бўлмоқда.
2023 йилга юртимизда “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб ном бериш таклиф қилинди. Бунда ҳам катта ҳикмат бор, албатта. Унинг замирида меҳнаткаш, одамийлиги юксак, орзу-умидлари чароғон, буюк келажакка аниқ мақсад билан интилаётган қудратли халқ яшаётган Ўзбекистондаги давлат сиёсати меҳварида инсон қадри, ҳуқуқ ва манфаатлари турганидан далолатдир.
Зотан, ўтган даврда мамлакатимизда барча жабҳаларни ривожлантиришга институционал ёндашув кенг татбиқ этилди. Бу жараёнда фуқаролик жамияти институтлари, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллиги ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги янада ошди. Дунёқараши ўзгарди. Янгиланишлар, биринчи навбатда, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш институти бўлган маҳаллаларда намоён бўлмоқда.
Президентимиз давлат инвестиция дастурлари маҳалла даражасига туширилиши ҳақида сўз юритаркан, бу гўшадаги турмуш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратди. Айнан 2023 йилда сув, электр, йўл, мактаб каби лойиҳалар учун аҳоли таклифи ҳисобга олинган ҳолда, қарийб 3 баробар кўп, яъни 8 триллион сўм йўналтирилиши фикримиз тасдиғидир.
Бу ишлар аввалдан тизимли бажариб келинаётганини таъкидлаш жоиз. Шу йилнинг 11 октябрь куни давлатимиз раҳбари раислигида маҳаллаларда аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2022 йилнинг охирги икки ойида 5 минг 284 та маҳалла инфратузилмасини яхшилаш учун 2 триллион 700 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Ички йўлларни таъмирлашга ажратиладиган маблағ миқдори 2,2 баробар оширилиб, “Ташаббусли бюджет” доирасида 1,5 мингта маҳалладаги лойиҳалар учун 1 триллион 300 миллиард сўм йўналтириладиган бўлди.
Албатта, бу пул халқ манфаатига хизмат қилиши шарт. 17 октябрь куни Президентимиз ҳузурида маҳаллалар инфратузилмасига ажратилаётган маблағнинг сарфланиши бўйича ўтказилган йиғилишда мазкур йўналишдаги масалалар кўриб чиқилгани сабаби шундан. Ёшлар маҳаллада улғаяди. Шу боис, уларни маҳалла таъсирида китобга жалб қилиш таълим-тарбиядаги энг самарали усуллардан. Мурожаатномада энди ҳар бир қишлоқ ва овулнинг, маҳалланинг ўз кутубхонаси ҳамда руҳан тетиклик бахш этувчи спорт майдончаси бўлиши ҳақидаги ташаббуслар давлатнинг ёшларга қаратган эътиборининг яна бир далилидир.
Энг катта янгилик ва қўллаб-қувватловлардан бири шуки, маҳалла ўзининг муаммосини мустақил ҳал қилиши учун “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади. Бу механизм 1 январдан ишга туширилиб, мол-мулк ва ер солиқларининг бир қисми маҳалланинг ўзида қолади. Ҳақиқатан ҳам, маҳаллада ҳар бир фуқаро эътиборда. Айниқса, жамиятда аёлларнинг ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари маҳалла олдига муҳим вазифаларни қўймоқда.
Шу мақсадда, вилоят, шаҳар (туман), ҳатто чекка қишлоқ ва овулларда ҳам хотин-қизлар жамоатчилик кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди. Нотинч оилаларда жабрдийда аёлларга махсус ордер берилиб, зўравонликдан ҳимоя қилинмоқда. Бундай аёллар ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда. Бу ҳам инсонпарварликнинг яна бир кўриниши, десак муболаға бўлмайди.
Ҳудудларда Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказлари иш бошлади. Корхона, ташкилот ва муассасаларда хотин-қизларнинг 34 мингдан ортиқ бошланғич ташкилоти тузилди. Бунинг натижасида қарийб 100 минг аёл-қизнинг бандлиги таъминланиб, 40 мингдан зиёди тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди. Банклар томонидан 11 минг хотин-қизга 1 триллион сўмдан ортиқ кредит, 3 минг 335 нафарига кичик бизнес лойиҳалари учун Хотин-қизлар ва оилани қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан жами 70 миллиард 922 миллион сўм миқдорида маблағ ажратилди.
Касб-ҳунарга ўқитиш, уй-жой билан таъминлаш масаласида ҳам маҳалла қонуний жиҳатдан ёрдам кўрсатяпти. Эришилган бундай натижаларни эса рақамларда ҳали узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ аёлларнинг миннатдор чеҳраси, фаровон яшашга иштиёқи ортиб бораётгани ҳар қандай натижадан устун, назаримда.
Мурожаатномада аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисида Асосий қонунимизга янги моддаларни киритиш лозимлиги таъкидлангани ҳар бир ёш, ҳар бир фуқарога катта умид бахш этди. Шу билан бирга, айрим кичик хонадонларда иккита-учта оила бўлиб яшаётганлар учун катта имкониятлар эшигини очиши шубҳасиз. Келгусида янги уй-жойлар қуриш ҳажми 1,5 баробар оширилиб, 90 мингга етказилади.
Хусусан, 2023 йилда Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланиши, унинг доирасида турар жойга эҳтиёжманд ҳамда ёш оилалар учун энг
қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилиши ташаббуси илгари сурилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, юртимизда маҳалла тизимига ҳам шундай вазифа юклатиляптики, одамлар бандлигини таъминлаш учун омилларни яратиш лозим. Яъни энг чекка ҳудудларда ҳам тадбиркорликни ривожлантириш, саноат корхоналарини кўпайтириш, кичик бизнесга кенг йўл очиш, инвестицияларни жалб этиш каби йўналишларни янада фаоллаштириш талаб этилмоқда.
Маҳалла институтини шакллантириш ҳисобига охирги йилларда 1,08 миллиондан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланиб, 519,2 минг нафари жамоат ишларига жалб қилинди. Яна 371,2 минг фуқарога ўзини ўзи банд қилиш орқали вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари расмийлаштирилгани ижтимоийлашувнинг очиқлигини кўрсатади.
Қишлоқ жойларда аҳолининг тирикчилиги ер билан боғлиқлигини яхши биламиз. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 100 минг гектар экин ернинг деҳқончилик қилиш учун ёшларга, айниқса, муҳтож оилаларга хатлаб берилиши натижасида 1,5 миллион тонна қўшимча озиқ-овқат ғамланди. Қишлоқларда 400 мингта янги деҳқон хўжалиги ташкил қилинди, 1 миллион 200 мингдан зиёд юртдошимиз банд бўлиб, даромад олди. Бу чиндан-да халқчил ва оқилона тадбир бўлди.
Бундай халқчил ишларни давом эттирган ҳолда, 2023 йилда ҳам сув таъминоти яхши 100 минг гектар қўшимча экин майдони аҳолига ажратилиши айтиб ўтилди. Айниқса, кооперацияни фаол қўллаб-қувватлаш, кичик ва ўрта қувватли сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш жараёни изчил амалга оширилади. Озиқ-овқат хавфсизлиги ва иш билан бандлик даражасини ошириш учун аграр соҳада юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш лойиҳаларига 2023 йилда 1 миллиард доллар ажратилади.
Мурожаатномада давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда аҳолиси бир миллиондан ошган шаҳарлар сони 7 тага етгани, жумладан, Самарқанд ва Наманган шаҳарлари “ўсиш нуқтасига” айланиб бораётгани, ўз навбатида, жаҳонга машҳур мегаполис ва халқаро туризм, бизнес марказларига айланганини қайд этди. Масалан, Наманган шаҳри саноат, тадбиркорлик, таълим, маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ривожланмоқда. Бу икки азим шаҳарнинг алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида республика бўйсунувига ўтказилиши ташаббуси ижтимоий юксалишнинг яна бир тимсолидир.
Янги Ўзбекистонни қуришда маъмурий буйруқбозликдан воз кечиб, “ижтимоий давлат” сари жадал одимлашнинг Конституцияда мустаҳкамланиши ҳақидаги таклиф ижтимоий тармоқларда катта олқишларга сабаб бўлди. Бу жараённи кузатиб, халқчил ислоҳотдан аҳоли рози бўлаётганини, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланаётганини илғаш қийин эмас.
Японларда “Сен фарзандингнинг миясини болаликда билим билан тўлдир, катта бўлса, уни ақли боқади”, мазмунида айтилган нақл нечоғлиқ ҳақиқат экани Мурожаатномада, биринчи навбатда, эътибор Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши мисолида ўз тасдиғини топди. Хусусан, ўқитувчилар мақомини, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш ҳамда 2023 йилдан бошланғич синфларда мутлақо янгича методика асосида яратилган дарсликлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилиши соҳадаги энг катта қадамлардан бири бўлди.
Президентимиз таъкидлаганидек, мактабдан она тили ва чет тилларни ўқиш ва уқиш, компьютерни билиш даражасини ошириш, касб-ҳунар, санъат ва маданиятга қизиқтириш ёшларнинг баркамол инсон бўлиб улғайишини таъминлаш билан бирга, маданиятини ҳам тарбиялайди. Эркин ва демократик жамият қурар эканмиз, ўқувчиларда эркин, танқидий ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарурлиги илгари сурилаётгани эртанги кунимиз эгалари учун муҳим ҳуқуқий ислоҳотлар бошланаётганини англатади.
Анжуманда хусусий секторни ривожлантиришда ҳудудлар ўртасидаги иқтисодий тенгсизликни қисқартириш, барча туман ва шаҳарларни бир маромда ривожлантиришда туман ва шаҳарларнинг ички имкониятидан келиб чиқиб 5 тоифага ажратиш юзасидан фикрлар билдирилди. Жумладан, тадбиркорлар учун субсидия, кредит ва компенсациялар тоифалар бўйича ажратилиб, улар учун солиқ ставкалари ҳам алоҳида ҳисоблаб чиқилади. Бизнесга солиқ юкини камайтириш бўйича ишлар давом эттирилади.
1 январдан қўшилган қиймат солиғи ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга пасайтириш ҳисобига тадбиркорлар ихтиёрида йилига камида 14 триллион сўм қолади. Халқчил, очиқ ва прагматик, кенг миқёсли ижтимоий-иқтисодий масалаларни қамраб олган мазкур Мурожаатнома том маънода халқимизнинг дилидаги гаплар ифода этилган тарихий дастур бўлди. У барчамизни улуғвор мақсадлар йўлида бирлашиб, келажак авлод фаровонлиги ва Янги Ўзбекистонни барпо этишга сафарбар этади.