Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг Президентимиз раислигида 22 декабрь куни бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида бугунимиз ва эртамиз билан боғлиқ жиддий масалалар атрофида билдирилган фикрлар, илгари сурилган ташаббуслар ҳар биримизнинг кўнглимиздаги гап бўлди. Дунёда, атрофимизда юзага келган таҳликали вазият, жиддий қарама-қаршиликлар, маънавий ахлоқсизлик, зўравонликлар жиддий хулоса чиқаришга ундайди.
Президентимиз савол қўйганидек, биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми? Ёш авлод тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб беряптими? Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Шунинг учун давлатимиз раҳбари маънавият масаласига, ёшлар тарбиясига доимий эътибор қаратиб келади. Зеро, маънавиятли инсон тўғри йўлда юради, жиноятга, порахўрликка қўл урмайди, бировнинг ҳақига хиёнат қилмайди. Энг муҳими, сиёсий уйғоқ бўлади, Ватанни сотмайди.
Йиғилишда ҳам бу ҳақда турли фикрлар билдирилди. Президентнинг маърифатпарвар боболар ғояларини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича қарори қабул қилиниши белгиланди. Мутасаддиларга жадидлар тарихини ўрганаётган тадқиқотчиларга мақсадли грантлар ажратиш, улар ҳақида ҳужжатли ва бадиий фильмлар олиш, матбуот ва интернет нашрларда материаллар чоп этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилади, “Жадид” номли янги газета ташкил этилади. Бу бежиз эмас. Зеро, бугун ота-боболаримизнинг ёшларимизга ибрат бўладиган жасоратли йўлини очиб берувчи манбалар керак ва шарт. Жадидлар юртимизни озод этишга, қолоқликдан олиб чиқиб, ҳамма соҳаларни ривожлантиришга борини бағишлаган. Бунинг бадалини жони билан тўлаган. Биз бугунги мустақиллик, тинчлик, эркинлик шароитида уларни эслашимиз, эъзозлашимиз ҳам қарз, ҳам фарз.
Юқорида белгиланган ишлар қатағон сиёсат сабаб қарийб бир аср ортга сурилиб кетган Уйғониш даври пойдеворига қайта ғишт қўйиб, армонга айланган орзулар қайта уйғониб, амалга ошишига йўл очади.
Инсоний қадр-қиммат, шаън ва ор-номус учун кураш, эҳтимолки, жадидчилик ҳаракати юзага келишига сабаб бўлган. Зеро, Чор ҳукумати истилосида бўлган Шарқ халқлари, хусусан, туркий қавмлар жамиятлари таълиму маориф, умуман, илм соҳасидаги консерватив қарашлар, онгдаги ақидавий стереотиплар туфайли таназзул ёқасига келганини тарихдан хабари бор одамлар яхши билади. Албатта, тафаккур ва миллий онгдаги бундай фалажлик истилочилар учун айни муддао эди. Агар биз жадид боболаримиз фаолияти ва ҳаётига шу ракурсдан қарасак, улар миллат ва ватан учун нақадар керакли ва зарур ишга қўл урганини осонроқ пайқаймиз.
Сўнгги йилларда маънавий-маърифий соҳаларда катта ишлар амалга оширилаётир. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимидаги ходимлар сони икки карра оширилди, уларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди. “Маданий фаолият ва маданият ташкилотлари тўғрисида”ги қонун қабул қилингани соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Миллий анъаналаримизни асраб-авайлаш ва бойитиш мақсадида мақом, бахшичилик ва аския санъати марказлари ташкил этилди.
Умуман, маданият ва санъат соҳасини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ҳажми 2017 йилдагидан 5 карра ошиб, 2023 йилда бу мақсадлар учун 712 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Мақом, бахшичилик, ҳунармандлик каби халқаро фестиваллар анъанага айланди. 24 та хорижий, жумладан, қўшни давлатларда Ўзбекистон маданияти кунлари юқори савияда ўтказилди. ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига яна 9 та миллий меросимиз намунаси, Бухоро шаҳри “Ижодкор шаҳарлар тармоғи”га киритилди. Шу йил сентябрда ЮНЕСКО бош қароргоҳида буюк бобомиз Абу Райҳон Беруний таваллуди кенг нишонланди.
Буларнинг барчаси ислоҳотлар, очиқлик ва прагматизмга асосланган сиёсат мевалари эмасми? Йиғилишида давлатимиз раҳбари жудаям ҳақ гапни айтди: “Бугун замон шиддат билан ўзгаряпти. Бу ўзгаришларни ҳаммадан ҳам кўпроқ ҳис этадиган ким – ёшлар. Майли, ёшлар ўз даврининг талаблари билан уйғун бўлсин. Лекин айни пайтда ўзлигини ҳам унутмасин. Биз киммиз, қандай улуғ зотларнинг авлодимиз, деган даъват уларнинг қалбида доимо акс-садо бериб, ўзлигига содиқ қолишга ундаб турсин”.
Хуллас, ҳозир шиддатли замон, ҳаётнинг ўзи барчамизнинг олдимизга ўта муҳим ва мураккаб вазифаларни қўймоқда. Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида белгиланган чора-тадбирлар, айтилган фикрлар эса бу вазифаларни сидқидилдан бажариш учун “йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади ва халқимиз маънавиятини юксалтириш борасида янги давр бошланаётганидан дарак беради.
Тошпўлат Матибоев,
социология фанлари доктори, профессор