Давлат божхона қўмитасининг божхона институти соҳада мутахассис кадрлар тайёрлаш бўйича нафақат Ўзбекистонда, балки минтақада ягона ҳисобланади. Шу маънода, институт 2018 йилда божхона органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассасасига айлантирилди.
Шиддат билан ривожланаётган бугунги давр нафақат бўлажак божхоначиларни, балки янги авлод вакилларининг барчасини миллий ғоямиз руҳида, ҳар томонлама етук, муносиб кадрлар этиб тарбиялашни тақазо этмоқда. Бу борада аввало ватанпарварлик туйғусини шакллантириш, ёшларни юртга садоқат, касбга муҳаббат руҳида тарбиялаш муҳим ўрин тутади. Зеро, миллий онгига Ватан ҳимоясининг шарафли ва муқаддас бурч экани сингиб улғайган ёшлар ҳар қандай шароитда ҳам юрт ҳимоясига шай тура олади.
Ватанпарварлик сифатлари билан йўғрилган тафаккурга, дунёқарашга эга ёшлар ҳеч қачон ўз ватанига, оиласига, дўстига хиёнат қилмайди. Айниқса, эгнида давлат размлари туширилган форма кийиб, ватанга сидқидилдан хизмат қилишга бел боғлаган ёш курсантлар учун адабиётга ошно тутиниш, миллатимиз фахри ва ғурури бўлган, юрт истиқлоли ва истиқболи учун не-не заҳматлар чекиб, истибдодга қарши курашнинг мафкуравий қалқонини шакллантириш йўлида ижод қилган мутафаккирларимиз асарларини қунт билан ўрганиш ва улардаги ғоя ва мазмунни юракларига жо этиш фавқулодда муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, Президентимиз раҳнамолигида бошланган мана шундай эзгулик, маърифат ва маънавият карвони ёшларимиз онгу-шуурини ўзгартириб, ҳақиқий юрт фидойиси, ватан ҳимоячиси бўлишдек пировард манзилга етаклашига ишончимиз комил.
Шу маънода институтда маънавий-ахлоқий, тарбиявий ишларни тизимли ва самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда қўшма тадбирлар тизимли равишда ташкил этилмоқда.
Бундан ташқари, Давлат божхона қўмитасининг маънавий-маърифий ишларни янги босқичга кўтариш, буюк аждодлар меросига ҳурмат, мустақилликка садоқат, юксак ҳарбий ватанпарварлик руҳини кучайтиришга қаратилган “Йўл харитаси” ҳамда институтнинг маънавий-маърифий режалари асосидаги тадбирлар мунтазам ўтказиб келиняпти.
Айниқса, Қуролли Кучларимиз ташкил этилган сана ва Ватан ҳимоячиларини улуғлаб ўтказилаётган ҳарбий ватанпарварлик тадбирлари курсантларда ўзгача таассурот қолдираётганини айтиш жоиз.
Хусусан, “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендирман ўша!”, “Мен Жалолиддин Мангуберди ва Амир Темур каби буюк саркардалар авлодиман” каби тадбирлар бўлажак юрт ҳимоячиларида миллий ғурурни уйғотиш, Ватанга муҳаббатни зиёда этиши билан юксак аҳамият касб этади. “Мард, жасур ва садоқатли ватанпарварларни тарбиялаш – мактабдан бошланади!” шиори остида мактабларда ўтказилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари эса, эндигина ўсиб келаётган, касб танлаш орзусида бўлган ўқувчи ёшларда Ватан ҳимояси билан боғлиқ касбларга қизиқиш уйғотишга хизмат қилади.
Миллий ғоямиз, ўзига хос тарихимиз ҳақида гап кетар экан, миллий давлатчилигимиз тарихида чуқур из қолдирган аждодларнинг бой маънавий меросини кенг ўрганиши мақсадида йирик давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси, моҳир саркарда Соҳибқирон Амир Темур таваллуди муносабати билан Темурийлар тарихи давлат музейида ташкил этиладиган тадбирлар ҳам алоҳида ўрин тутади. Жумладан, ўтган йили республика Маънавият ва маърифат маркази, Халқаро Амир Темур жамғармаси билан ҳамкорликда “Юксак маънавиятли шахс тарбиясида Амир Темур ўгитларининг аҳамияти” мавзусида ташкил этилган илмий-маърифий анжуман курсантларимиз маънавиятини янада бойитишда муҳим омил бўлди.
Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган “Шон-шараф” республика ҳарбий фестивалида ҳам институт курсантларининг фаол иштироки таъминлаб келинмоқда. Бундай нуфузли тадбирлардаги тантанаворлик руҳи курсантларда жанговарлик, ватанпарварлик руҳини янада кучайтириши аниқ.
Шунингдек, Давлат тилига юксак ҳурматни ифодалаш, ўзбек тилининг жозибадорлиги, бетакрорлигини тараннум этиш мақсадида Давлат божхона қўмитасининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими билан ҳамкорликдаги “Она тилим — фахрим” хештегида курсантларимизнинг фаол иштирок этгани, курсант Умарали Кенжаевнинг “Она тилим” шеърига байрам ролиги тайёрланиб, ижтимоий тармоқлар орқали тарғибот қилингани барчамизда ифтихор туйғусини уйғотди. Вазирлар Маҳкамасининг Маънавият ва давлат тилини ривожлантириш масалалари департаменти ташаббуси билан Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойида ташкил этилган Ўзбек тили байрамида институт курсанти Г.Абдураззоқованинг шеърий чиқиши бўлажак божхоначиларга ўзгача ғурур бағишлади. Шеъриятга иқтидори бор бу каби курсант ва офицерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан “Юртга қалқон ҳарбийлар”, “Соғинч дафтари”, “Қалб гавҳарлари” каби шеърий тўпламлар чоп этилди.
Бугуннинг долзарб мавзуси бўлган “Маънавий юксалиш – Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам пойдевори” ва шу каби тадбирларда ёшлар аждодларимизнинг илмий салоҳияти билан фахрланган ҳолда ўзлари ҳам уларга муносиб ворислар бўлишни дилга тугади. Божхона хизмати идоралари таркибий тузилмалари учун ташкил этилаётган бу тадбирлар Президентимизнинг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, шунингдек, 2021 йил 19 январдаги Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишидаги маърузасида белгилаб берилган вазифалари ижросига қаратилмоқда.
Институтда шунингдек курсантларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, улар орасида китобхонликни кенг тарғиб этиш, миллий маданиятимиз тарихида чуқур из қолдирган алломаларнинг таваллуд айёмларида ёзувчи ва олимлар билан ижодий кечаларни ташкил этиш ҳам анъанага айланган. Бу борада пойтахтимиздаги Адиблар хиёбони чинакамига адабиёт бўстони бўлиб, курсантларимизни ўз бағрига чорлайди. Айни пайтда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудлари муносабати билан “Қуёшлиқ истасанг, касби камол эт”, “Жаҳон тамаддунида – Темурийлар даври ренесcанси” каби мавзулардаги тадбирларга тайёргарлик ишлари бошланган. Зеро, ўтмишига, буюк аждодларига чуқур ҳурмат ҳиссида тарбия топган баркамол авлодларгина порлоқ келажагимизнинг мустаҳкам устунлари, ишончли қалқонларига айланади.
Раҳматилло Гаипназаров,
Божхона институтининг Маънавият ва
ёшлар тарбияси маркази бошлиғи