Кескин ва қизиқарли кечган баҳсда “шаҳарликлар” 2:0 ҳисобида ғалаба қозониб, 2025/26 йилги мавсумдаги илк совринни қўлга киритди.

Учрашув тақдири иккинчи бўлимда ҳал бўлди. “Сити” футболчиси Нико О’Райли 60 ва 64-дақиқаларда гол уриб, дубл муаллифига айланди. “Арсенал” эса қанча уринмасин, жавоб голини кирита олмади.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувни асосий таркибда бошлаб, тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. У 32-дақиқада Виктор Дьёкерешга нисбатан қўпол ҳаракати учун сариқ карточка олди.

Шу тариқа, Ҳусанов Англия Лига кубогини қўлга киритган илк ўзбекистонлик футболчи сифатида тарихга кирди. Бу соврин унинг “Манчестер Сити” сафидаги илк трофейи бўлди.

Ушбу ғалаба орқали “Манчестер Сити” ўз тарихида 9-марта Лига кубогини ютиб, Ливерпуль (10 та) рекордига янада яқинлашди. “Арсенал” эса 7-марта финалда мағлуб бўлиб, мусобақадаги омадсиз сериясини давом эттирди.