“Ойбек “Навоий” романининг биринчи сатрларини ёзаётганда қандай ҳолга тушган, буни билмайман. Шуни биламанки, Навоий даҳосининг салобати, қудрати, буюклиги олдида Ойбекдек мумтоз ёзувчида ҳам қўрқув ва журъатсизлик бўлган.
Энди мен Ойбек даҳоси олдида “Борса гумон” йўл бошида ҳайрон турибман. Умуман, Ойбек тўғрисида бирор нима ёзишга ҳаддим сиғадими?”, деб бошлаган эди Саид Аҳмад “Йўқотганларим ва топганларим” асарини.
Мен бу жумлаларга кўз югуртираётиб, бундай бетакрор қалам соҳиби, юксак дид эгасини қандай таъриф-у мақтовлар билан қоғозга олишга ҳайрон-у ожизман. Унинг асарларини ўқиганимда, ўзимда қандайдир бир кучни сезаман. Ухлаб ётган аллақандай ҳисларни уйғотаётгандек туюлади. Саид Аҳмад жуда зийрак ва теран фикрлайдиган инсон, насрнавис, драматург, қалами ўткир ёзувчилардан бири бўлган.
Юмор отаси Саидаҳмад Ҳусанхўжаев агар тирик бўлганида бугун 102 ёшни қаршилаган бўларди. Саид Аҳмад ўз даврининг аччиқ ҳақиқатларини юмор сифатида адабиётга олиб кирган, бунга “Собиқ” ҳикояси яққол мисолдир. Ёзувчининг асарлари ҳар бир китобхон қалбига кирмай қўймаган. “Келинлар қўзғолони”спектаклини эса киши ҳар сафар кўрганида ўзи учун янги маъно кашф этади. Бу асарни ҳақиқий ўзбек оиласининг тимсоли, дейиш мумкин.
Кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган адиб мустақиллик даври келишини орзу деб билади. Айниқса, қамоқ жазосини ўташ вақтида озодликка бўлган умид бир зум бўлсада тарк этмади, қалами тебранишдан тўхтамади. Адиб ҳикояларидан аста-секин йирик жанрдаги асарлар ёзишга ўтди. 1949-йилда чоп этилган “Қадрдон далалар”, “Ҳукм” қиссалари, “Жимжитлик” ва “Уфқ” шулар жумласидандир. Иккинчи жаҳон урушининг аянчли оқибатлари акс этган асарлардан бири Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси” асари бўлса, яна бири “Уфқ” трилогиясидир. Саид Аҳмад номини халққа танитган асар ҳам айнан шу.
Эътиборимга тушган асар қаҳрамони Жаннат хола эди. Ҳар бир онанинг фарзандга бўлган муҳаббати чексиз албатта, аммо бу маъсума инсоннинг муҳаббатини таърифлашга тиллар ожиздир. Фарзанддан бир ширин сўз эшитмаган, унинг қаҳрамон бўлишини интиқлик билан кутган, ҳатто безгак тутиб касал бўлганда ҳам унинг ҳолига ачинмаган бу ўғилнинг худбинлиги дилни хира қилади, китобхоннинг ғашини келтиради. Асар ичига тушиб қолса-ю, “эй фарзанд кўзингни оч, онанг кун сайин сўлиб бормоқда, сенинг бу бадбахтлигингга ортиқ чидай олмайди онанг шўрлик”, деса...
Саид Аҳмад ўз таланти ва она халқига ишончи билан китобхонлар қалбида абадий яшайди.
Зоҳида Умрзоқова,
ЎзЖОКУ талабаси