Муҳаммад Кабир Баходирхонов ана шундай беназир педагог, ташкилотчи, таниқли олим, том маънода бош ҳарфлар билан ёзиладиган УСТОД эди.
Донишманд халқимизда хикматли ва пурмаъно иборалар жуда кўп. «Олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин» - шулардан биридир. Муҳаммад Кабир ака ҳам одамийлик, ҳам олимлик борасида кўпчиликка ўрнак бўла олган инсонлар сирасидан эдилар.
«Бировнинг кимлигини билмоқчи бўлсанг, унга амал ёки давлат бериб кўр», деган гaп халқимиз орасида юради. Муҳаммад Кабир акага Оллох давлат ҳам берди, катта-катта лавозимларга ҳам сазовор қилди. Аммо домла хеч ҳам ўзгармадилар. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, Олий Аттестация Комиссиясининг раисини биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритганларида ҳам уларда заррача манманлик ва кибру хаво кўрмадик. Аксинча, камтарлик ва меҳнатсеварликни ўзларига янада яқинроқ дўст тутдилар.
У киши катта раҳбарлик лавозимларида ишлаганларида ҳам ўта камтарликларича қолдилар, қавм-қариндош ва ёру-биродарлари, касбдошлар, шогирдлар билан самимийлик ва ҳурматни канда қилмадилар.
Мени, айниқса, у кишининг ўз туғишганларига меҳрибонлиги, уларга бетиним ғамхўрликлари ҳайратлантиради. Одамийликни олимлик фазилатлари билан уйғунлашганини мен Муҳаммад Кабир ака тимсолида рўй-рост кўрдим. У кишининг исломга, қуръон ва хадис илмига маънавият ва маданиятга ихлослари баланд эди. Ул зотнинг сўзлашув одоби ва мулоқот маданияти юксак эди.
Муҳаммад Кабир ака инсонларга айниқса илми толибларга яхшилик қилишдан чарчамас эдилар. У киши каби бировларга ёрдам қўлини чўзганидан ўзи роҳатланадиган одамлар кам деярли, йўқ ҳисоби.
Улуғ Хитой донишманди Конфуций айтганидек, “Агар бир йиллигингни ўйласанг, буғдой эк, ўн йиллигингни десанг кўчат ўтқаз, юз йиллигингни мўлжалласанг, ўзингга муносиб шогирдлар тайёрлa”. Дарҳақиқат, шундай. Муҳаммад Кабир ака илм-фан ўзанига солган ўқувчилари бунга яққол мисолдир. Улар ўзларининг муносиб фаолиятлари билан устоз умрига умр, обрўсига обрў қўшмоқдалар, устоз бошлаган хайрли ишларнинг кўлами ва ҳажми янада барокатли бўлишини таъминламоқда.
Олтин олма, дуо ол, дейди доно ҳалқимиз. Муҳаммад Кабир ака ҳақиқий ҳалқнинг дуосини олган, эл ҳурматини қозонган, қариндош-уруғлари, фарзандлари эъзозига сазовор бўлган, кишилар, орзу қилса арзигулик умр кечирган азиз инсон эдилар.
Уларни таниганлардан, домла ҳақида фақат яхши, миннатдорлик сўзларини эшитамиз. Мана у киши дунёдан ўтганларига бир йилдан ошган бўлса ҳам, йиғилишларда, улуғ айём кунларида, республика фаоллари ҳамма вақт номларини ҳурмат билан тилга олишади. Устознинг одамийлиги, кек сақламасликлари, яхши фикр ва ташаббуслар эгаси, янгиликка интилган инсон бўлганликлари сабабли инсонлар юрагидан чуқур ўрин олган.
Устознинг барча хислатлари ёшларга тарбия воситаси эди. Муомалалари ҳар доим самимий, табассум аримайдиган юзлари баҳор каби нурли, юришлари виқорли шу билан бирга қўллари кўкракда, саломда эди.
Муҳаммад Кабир акадан кўплаб илмий асарлар, дарсликлар, илмий-ижодий маҳсулотлар, кўплаб содиқ шогирдлар, солиҳ ва солиҳа фарзандлар, вафоли дўстлар қолди. Бизлар устоз руҳини доимо ёд этиб, ул азиз инсоннинг ишларини давом этишига ишонамиз.
Устознинг кўпчилик хавас қилса арзийдиган сермазмун хаёт йўллар, илмга бағишланган умрлари мангуликка дахлдордир.
Садриддин Турабджанов,
Тошкент давлат техника университети
ректори, техника фанлари доктори, профессор