— Айни пайтда Республика кунининг 73 йиллиги нафақат Ҳиндистон, балки чет элларда ҳам кўтаринки руҳда нишонланмоқда. Узоқ йиллик миллат қурилишида Ҳиндистон дунёдаги энг йирик демократия, бешинчи йирик иқтисодиёт, космик, ядро, ахборот технологиялари, тиббиёт ва бошқа илмий ва технологик соҳаларда энг яхши давлатлар қаторида туриб, кўплаб ютуқларга эришганидан фахрланади. Ҳиндистон ташқи сиёсати дунёда тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилиш асосига қурилган.

Бу йил Ҳиндистон Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ва “Катта йигирматалик” раиси бўлиш вазифасини ўз зиммасига олган. Иккала ўринда ҳам мамлакатимиз инклюзив иқтисодий ўсиш, барқарор ривожланиш, пандемиядан қутулиш, молиявий барқарорлик, озиқ-овқат, ёқилғи, ўғитлар инқирозига ечим топиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ташкилотларда ислоҳотлар қилиш каби долзарб масалаларга эътибор қаратишга интилади.

Шу йилнинг январь ойи бошида Ҳиндистон “Глобал Жануб овози” онлайн саммитини ташкил қилди.  Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Жаноби Олийлари мезбонлиги доирасидаги саммитда таниқли иштирокчилар қаторида бўлди.

Саммит ривожланаётган мамлакатлар масалаларига бағишланди ва Ҳиндистон томонидан “Катта йигирматалик” раислиги остида амалга оширилган муҳим ташаббуслардан бирига айланди.

Ҳиндистон ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорлар сифатида минтақа ва дунёдаги ҳамкорликка ҳисса қўшиш, терроризм, Aфғонистон муаммоси, минтақадаги алоқа, қайта тикланувчи энергия манбалари ва инфратузилмасини барқарор ривожлантириш каби замонавий муаммоларни ҳал этишга қаратилган умумий саъй-ҳаракатларга содиқдир.

Ҳиндистон — Ўзбекистон ўзаро савдо ҳажми 650 миллион AҚШ долларини ташкил этди. Олий таълим, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш, маданият, кино ва ёшлар алмашинуви соҳаларидаги ҳамкорлигимиз жадал суръатлар билан ўсиб бормоқда.

ШҲТ саммити доирасида 2022 йилнинг сентябрь ойида Самарқанд шаҳрида Бош вазир Нарендра Моди Жаноби Олийлари ва Президент Шавкат Мирзиёев Жаноби Олийлари ўртасида самарали учрашув бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари нафақат икки томонлама, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, ШҲТ ва Ҳиндистон — Марказий Осиё саммитининг кўп томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришга қарор қилди.

Шунингдек, Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда Ҳиндистон Конституциясининг ўзбек тилига таржимаси якунлангани ҳақида ўқувчиларга мамнуният билан хабар берамиз. Ушбу таржима Ўзбекистондаги талабалар ва кузатувчиларнинг Ҳиндистон сиёсати тўғрисида хабардорлигини оширишга ёрдам беради.

Бундан ташқари, Ҳиндистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2023 йилни “Халқаро тариқ йили” деб эълон қилганини маълум қилишдан жуда хурсандмиз. Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти озиқ-овқат муаммоси тобора ортиб бораётганини ҳисобга олиб, тариқ арзон ва тўйимли озуқа эканлигини тан олади.

Бу эса озиқ-овқат истеъмол қилишда тежамкорлик билан фойдаланишни тарғиб қилиш ва барқарор ривожланишнинг глобал ҳаракатига ҳисса қўшган ҳолда, агро озиқ-овқат тизимларини такомиллаштиришга ундайди.

Маниш ПРАБҲАТ,

Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчиси