Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи фуқарога ноқонуний равишда ҳарбий гувоҳнома расмийлаштириб бериш эвазига ўз хизмат автомашинасида ундан 600 АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди, деб хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси.
Бошқа бир ҳолатда эса Сирдарё вилоятидаги Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларидан бирининг директори ёшларни касбга ўргатиш билан шуғулланувчи МЧЖ раҳбаридан унинг ўқув марказида таҳсил олаётганларнинг дарсларга қатнашиш ҳолатини мониторинг қилмаслик ва МЧЖ фаолияти бўйича текширув ўтказмаслик эвазига 300 АҚШ доллари талаб қилиб, муқаддам 2 миллион сўм олган. Тезкор тадбирда у қолган 1,4 миллион сўмни ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланди.
Ҳозирда мазкур мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.