Буни янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсатидан тортиб, иқтисодий-ижтимоий, маданий ҳамда диний-маърифий соҳаларидаги туб ислоҳот ва эврилишларда ҳам кўриш мумкин. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва халқимиз бирдамлигида қабул қилинган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси” асосидаги янгиланишлар том маънода, халқимиз ҳаётидаги фаровонлик ва мамлакат тараққиётида ўз бўй-бастини кўрсата бошлади.
Сўнгги тўрт йилда юртимизда биргина диний-маърифат, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва унинг натижалари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланаётганида ҳам фикримиз исботи бор. Бинобарин, мамлакатимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда.
Эътиборлиси, 2017 йили 19 сентябрда Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси сифатида 2018 йили БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги ялпи сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик“ деб номланган махсус резолюция қабул қилинди. Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат лойиҳаси БМТга аъзо барча давлатлар томонидан бир овоздан маъқулланди.
Ўзбекистон таклиф этган резолюциянинг асосий мақсади — барча учун таълим олиш имкониятини тақдим этиш, саводсизлик ва билимсизликни бартараф этишдан иборат. Ҳужжатда бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни ўрнатиш, диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймасликка муҳим аҳамият қаратилган.
“Маърифат ва диний бағрикенглик” тўғрисидаги резолюция жаҳонда экстремизм, терроризм муаммоси авж олиб, турли дин ва эътиқод вакилларига нисбатан тоқатсиз, муросасиз муносабатлар кузатилаётган бир вақтда глобал таҳдидларга қарши курашишнинг самарали воситаси сифатида маърифат, таълим-тарбия масаласини илгари сургани билан, айниқса, аҳамиятлидир.
Таъкидлаш жоизки, дунёнинг турли минтақа ва давлатларида инсоннинг яшаши, таълим олиши, меҳнат қилиш ва ўз иқтидорини намойиш этиш ва ўз диний эътиқодига амал қилиш каби ҳаётий ва табиий ҳақ-ҳуқуқлари турли даражада поймол этилаётган бир даврда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бағрикенглик тамойили асосида тинч-тотув яшаб келишмоқда. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳар қандай тажовуздан бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳатдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Мустақиллик йилларида мамлакатимизда миллатлараро муносабатлар ривожида янги босқич бошланди. Бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини ривожлантириш, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни шу асосда Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш Ўзбекистонда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Буларнинг барчаси ҳаётда ўзининг тўлиқ ифодасини топди”.
Дарҳақиқат, Бош Қомусимизнинг 4-моддасида Ўзбекистон давлати ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одат ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожи учун шароит яратиши алоҳида кўрсатиб ўтилган бўлса, 18-моддада мамлакатимизда жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, барча қонун олдида тенглиги белгилаб қўйилди.
Айниқса, сўнгги йилларда кўплаб соҳалар каби миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик сиёсати янги босқичга кўтарилди. Диний-маърифат, таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва унинг натижалари халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда. Зеро, юртимизда турли миллат ва конфессиялар ўртасида ўзаро ҳурмат, бирдамлик ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ҳамда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган изчил ва пухта ўйланган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистон амалиёти ва ташаббуслари жаҳон ҳамжамиятида эътироф этиляпти.
2017 йил 19 майда Президентимизнинг “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжат орқали хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш каби масалаларнинг устувор йўналиш сифатида белгиланиши ҳам давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда мамлакатимизда 16 та диний конфессия, 153 та миллий-маданий марказ, 38 та “Дўстлик” жамияти вакиллари, 2276 та диний ташкилот (хусусан, тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтган ноисломий диний ташкилотларнинг 157 таси христианлик ташкилоти, 8 таси яҳудийлик жамоаси, 6 та Баҳоийлик, 1 та Кришначилик жамияти ва 1 та буддавийлик ибодатхонаси, шунингдек, Ўзбекистон конфессиялараро Библия жамияти) тенг ҳуқуқли ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида фаолият юритиб келмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 та тилда олиб борилмоқда. Телерадиокўрсатув ва эшиттиришлар 12 та тилда эфирга узатилиб, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этиляпти. Республикамиздаги турли элатларнинг миллий марказлари давлат тадбирлари ва умумхалқ байрамларида фаол иштирок этиб келади. Мустақиллик байрамига бағишлаб ўтказиладиган “Ўзбекистон — умумий уйимиз”, “Ватан битта, Ватан ягона”, “Бизнинг кучимиз — бирлик ва ҳамжиҳатликда” каби фестиваллар миллатлараро дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.
Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлиги, манфаатларини таъминлаш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаши, миллатига хос анъана ҳамда қадриятларини ҳурмат қилиш, ривожлантиришлари учун барча зарур шароитлар яратиб берилган. Турли миллат ва дин вакилларининг ҳар қандай тажовуздан бехавотир ўз ибодатларини эмин-эркин адо этишлари эса жамият барқарорлигида устувор жиҳат.
Бу жиҳатни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 29 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатномасида миллатлараро муносабатлар масаласига алоҳида эътибор қаратганликларидан билсак бўлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишни қайд этиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюцияси билан ҳар йили 30 июль – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонланиши, шу боис мазкур санани Ўзбекистонда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этгани юртимизда истиқомат қилувчи кўп миллатли фуқароларимизни бениҳоя қувонтирди.
Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган бу каби эзгу ғоялар дунёнинг нуфузли сиёсатчилари, давлат ва жамоат арбоблари томонидан ҳам кўтаринкилик билан кутиб олинмоқда. Хусусан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд ал-Ҳусайн ўз интервьюсида бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали замонда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувлик ва диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли давлатлар учун ўрнак бўлишга лойиқ эканлигини қайд этиб ўтди.
Мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ижобий ва ўзаро ҳурматга асосланган муҳитни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида миллатлараро ва динлараро муносабатларнинг янги тизими яратилди. Мазкур тизим турли миллат ва дин вакиллари ўртасидаги миллатлараро ва динлараро мулоқот, конструктив ёндашув ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигига асосланади.
Минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим чорраҳаси сифатида довруқ қозонган юртимизнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлгани табиий. Шунинг учун бугунги кунда ҳам ўлкамизда турли халқлар урф-одат ва анъаналари ўзаро уйғунликда ривожланиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан диний маърифат соҳасида олиб борилаётган ўткир сиёсат ҳақиқий маънода, дунё мамлакатларида тинчлик, осойишталик ва барқарорликнинг асоси бўлиб хизмат қилиши, шубҳасиз.
Шуҳрат ЁВҚОЧЕВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси биринчи проректори, сиёсий фанлар доктори, профессор