Жадидлар фаолияти яна бир неча ўн йил давом этганида, жуда яхши натижага эришган ҳамда аҳоли уларни яхши қабул қилган, ғоялари яхши тарқалган бўлар эди.

Жадидчиликнинг ўзига хослиги нимада? Энг аввало, уларнинг ақл-заковати фавқулодда юксак ривожланган, ҳам Шарқ, ҳам Ғарб маданияти ҳақида муайян билимга эга бўлган. Айни ҳол жадидларнинг фалсафий дунёқарашини белгилиб берган ва бу таълим соҳасини, умуман олганда, маърифатни ислоҳ қилиш борасидаги фаолиятида акс этган. Жадидлар нафақат бундай ислоҳот ўтказишни назарий жиҳатдан асослаб берган, балки маърифатни амалга ошириш учун амалда ҳам тинмай ҳаракат қилган: улар янги усулдаги мактаб, кутубхона, қироатхоналар очган, дарсликлар, газеталар чоп этган, илк театр ташкил этган. Бу ўша давр кишилари учун кўз кўриб, қулоқ эшитмаган янгилик бўлиб, жуда катта таъсир кучига эга бўлган ва одамлар онгида инқилоб ясаган.

Шу ўринда М. Беҳбудийнинг “Падаркуш” пьесасини эслаб ўтиш жоиз, унда билимсизлик, жоҳиллик фожиага сабаб бўлиши кўрсатиб берилган ва ёшлар онги кескин ўзгаришига ҳисса қўшган.

– Мен жадидларнинг ёш таркибини ўргандим, – дейди тарих фанлари доктори Д.Алимова. – Машҳур жадид ва ёшларнинг севимли ижодкори Чўлпон 1910 йилда 13 ёшда, Беҳбудийнинг ёши эса 30 дан ошиқроқ бўлган экан.

Дарҳақиқат, ҳаракат иштирокчилари фақат ёшлардан иборат экани яна кўплаб манбаларда ҳам таъкидлаб ўтилган. Масалага айни шу жиҳатдан ёндашиш керак бўлади. Бу ёшлар интеллектуал ривожланган ва Туркистоннинг тараққиётдан орқада қолаётгани сабабларини тушунар эди. Шунингдек, бу ҳаракат маърифатпарварликнинг чуқур илдизи бўлиб, фақат жадидчилик кўринишида зуҳур бўлгани йўқ. Унинг маърифатпарварлик илдизлари ҳам бор эди ва жадидчилик ушбу ҳаракатнинг аккумулятори – қувват йиғувчиси бўлди. Албатта, у олдинги адабиёт, олдинги фалсафа ютуқларига асосланган. Жадидлар ўзини ушбу фалсафанинг таҳлилчилари сифатида ҳам намоён қилади.

Биламизки, машҳур маърифатпарвар Аҳмад Дониш, шоирлар Муқимий, Фурқат, Ҳамза, Убайдулла Завқий, Муҳаммад Баёний, Абай Қўнонбоев ва олим Чўқон Валихоновлар ҳам ислоҳотнинг хассос тарафдорлари бўлган, улар боши берк кўчадан чиқишни маърифатда ва туркий халқлар бирлигида кўрган. Ўтмишдошларидан анча олдинлаб кетган ва маърифатпарварликдан сиёсатга ўтган жадидлар шу заминдан униб чиққан.

Маҳаллий аҳоли камситилишига қаршиликлар

Жадидчилик моҳият эътибори билан, аввало, сиёсий ҳаракат эди. Ушбу ҳаракат Туркистон, Бухоро ва Хива ҳудудида 1895 йилдан 1929 йилгача бўлган давр ичида намоён бўлди.

Биринчи даврда Туркистонда подшо Россиясининг мустаҳкам ўрнашиб олиши кузатилади. У ўз сиёсий вакиллари ёрдамида хон ва амир ваколатларини чеклайди ва уларни қўғирчоққа айлантириб, рус ва ғарб сармоядорларининг ишлаши ва яшаши учун шароит яратади. Айни чоғда маҳаллий аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари назарга олинмай қўйилди, диний эътиқоди, урф-одат ва анъаналари билан ҳисоблашмаслик, уларни менсимаслик кучайди. Ҳаётий, илмий савияси юқори бўлган қозилар тажрибасиз кишилар билан алмаштирилди, порахўрлик, ижтимоий-сиёсий адолатсизлик авж олди. Мадраса ва мактаблар фаолиятини чеклаш, маҳаллий жой номларини русча атамалар билан алмаштириш, маҳкама жараёнида қозилар бўйнига хоч тақтиришгача борилдики, ерли аҳолини бу хилда таҳқирлаш ҳоллари мустамлакачиларнинг бедодлигини яққол кўрсатарди.

Миллат истиқболини ўйловчи тараққийпарвар кучлар халқнинг деярли барча табақалари — ҳунарманд, деҳқон, савдогар, мулкдор, уламолар орасида мавжуд эди. Зиёлилар дастлаб чоризмга қарши курашни халқни асрий қолоқликдан уйғотиш — сиёсий-маърифий жабҳадан бошлашга қарор қилди. Жадидчилик ҳаракати ана шундай тарихий бир шароитда Туркистон минтақасида ривожланиш учун ўзига қулай замин топди.

Жадидчиликнинг асосий ғоя ва мақсадлари Туркистонни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш, шариатни ислоҳ қилиш, халққа маърифат тарқатиш, Туркистонда мухторият ҳукуматини барпо этиш учун кураш, Бухоро ва Хивада конституциявий монархия ва парламент, кейинчалик демократик республика тузумини ўрнатиш орқали озод ва фаровон жамият қуриш, барқарор миллий валютани жорий қилиш ва миллий қўшин тузиш эди. Тошкент, Фарғона, Бухоро, Самарқанд ва Хивада ҳур фикрли ва айрим тараққийпарвар кишилар томонидан очилган маданий-маърифий йўналишдаги жамият ва уюшмалардан Жадидчилик ҳаракати шаклланди.

Тарқалиш жойи ва йўналишига кўра Туркистон, Бухоро ва Хива жадидчилиги фаолият юритган. Туркистон жадидлари билан Бухоро ва Хива жадидлари ўртасида бир мунча фарқ бор. Туркистон ўлкасидаги Жадидчиликнинг ижтимоий асосини зиёлилар ташкил қилиб, улар мустамлакачиликка қарши курашнинг олдинги сафларида туриб, хомашё манбаига айлантирилган Туркистоннинг дастлаб мухтор, сўнг мустақил давлат бўлишини ёқлаб чиқди.

Бухородаги ҳаракат Туркистондагига нисбатан оғир ижтимоий-сиёсий шароитда юзага келди. Унинг таркиби асосан Бухоро шаҳар аҳолисининг тараққийпарвар қисми – зиёлилар, майда дўкондорлар ва маъмурлар, ҳунармандлар, савдогарлардан иборат бўлиб, жадидларнинг деҳқон ва аскарлар ўртасида нуфузи аввалига паст бўлган. Жадидлар иқтисод ва бошқарув соҳасида бир қатор талаблар, чунончи, солиқларни камайтириш талаби билан чиқишди. Улар дастлаб Бухородаги амирлик тузуми доирасида ислоҳотлар жорий қилмоқчи бўлишди. Бухорода вобкентлик деҳқон Жўрабой илк янги усул мактабини очган. Лекин Жадидчилик ҳаракатига айрим жоҳил муллалар, ҳар қандай янгилик ва ислоҳотнинг душмани бўлган қадимчилар оқими қарши чиқди. XX аср бошларида Бухоро жамияти Икром домла раҳбарлигидаги тараққийпарварлар ва Мулла Абдураззоқ бошчилигидаги қадимчиларга бўлинган эди. 1908 йил “Бухорои шариф ширкати” тузилиб, дарсликлар нашр этиш ва китоб савдоси билан шуғулланди. Аҳмаджон Ҳамдий (Абусаидов), Усмонхўжа Пўлатхўжаев (Усмон Хўжа), Ҳомидхўжа Меҳрий, Абдулвоҳид Бурҳонов, Абдулқодир Муҳиддинов, Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий ширкатнинг ташкилотчилари эди.

1909 йилнинг декабрь ойида жадидлар Бухорода “Тарбияи атфол” (“Болалар тарбияси”) махфий жамиятини тузишди (асосчилари Абдулвоҳид Бурҳонов, Ҳомидхўжа Меҳрий, Аҳмаджон Ҳамдий, Мукаммил Бурҳонов, Ҳожи Рафе). Бу жамият туркистонлик ва бухоролик ёшларни Истанбулдаги “Бухоро таълими маориф жамияти” бўлимига ўқишга жўнатди. Хориждаги таълим ёшлар дунёқарашида тубдан бурилиш ясади. Жадидчилик Бухоро ва Туркистонда бир вақтда бошланган бўлса ҳам, амирликдаги оғир муҳит унинг тараққиётини тезлаштирди. 1910 йилдан бошлаб Бухорода Жадидчилик ҳаракати ташкилий тус олди ва “Тарбияи атфол” махфий жамияти асосида партия ташкил топди.

Таълим тизими Европа таълимига яқинлаштирилди

Жадидлар ҳаракатида қримлик Исмоил Гаспиринский алоҳида ўрин тутади. У Россия мусулмонлари орасида биринчи мактаб – жадид мактаби – “Усули жадид”га асос солди. Ундаги мактаб тизими, дарсликлар, ўқув методлари Европа таълим тизимига яқин бўлди.

 Китоб ва дарсликлар нашр қилишда Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқорининг хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Жадидлар ўзлари дарсликлар чоп қилишган. Мунавварқори ва Беҳбудий жуда кўп дарсликлар ёзган. Беҳбудий жамоат арбоби, исломшунос, географ, педагог олим эди. У Туркистонда мактаб маорифида биринчи бўлиб янги усул мактаблари ташкилотчисидир.

 Жадидларнинг тарбия ҳақидаги қарашлари ислом динида қадимдан қарор топган одоб-аҳлоқ негизида шаклланган эди. Маҳмудхўжа Беҳбудий Гаспринскийнинг мактаб усулини, унинг мақолаларини ўрганди. “Усули жадид” мактаблари учун бир қатор дарсликлар ёзди:  “Қисқача умумий география”, “Болалар мактуби”, “Аҳоли географиясига карши”, “Россиянинг қисқача географияси”, “Амалиёт исломи”, “Исломнинг қисқача тарихи”.

 Беҳбудийнинг янги мактаб учун ёзган асарлари мактаб ислоҳотида муҳим роль ўйнайди. Бу дарсликлар назарий, илмий ва амалий жиҳатдан кенг кўлланилади. У Туркистон келажагида ёш кадрларни тарбиялаш масаласига жиддий эътибор берди.

Мунавварқори Абдурашидхонов XX асрнинг биринчи чорагида Туркистон ва Россия зиёлилари орасида машҳур эди. У янги усул мактабларининг асосчиси, моҳир муаллим дарслик ва ўқув китоблар муаллифи, жамоат арбоби эди. Мунавварқори Тошкентда “усули савтия” мактабини очади. Унинг фикрича, мактабни ислоҳ қилмасдан одамлар онгида ўзгариш қилиб бўлмайди. Мунавварқори ёшларни чет элга ўқишга юбориш, хориж илмини ўрганишни тарғиб қилди. Шунингдек, болаларни Германияда ўқитиш тарафдори бўлиб, кейинчалик улар Ватанга хизмат қилишини истаган эди. Мунавварқори кўп (форс, араб, рус, турк) тилларни яхши билган, ўз атрофида илғор кишиларни тўплаган.

Абдулла Авлоний 1907 йилда Миробод, кейинчалик Дегрез маҳалласида янги усул мактаблари очди. Бу мактабларда дарс тизими она тилида юритилиши билан эски усул мактабларидан фарқ қилар эди. У ўз мактабида – табиат, география, тарих, адабиёт, тил, ҳисоб бўйича сабоқлар ташкил қилди. Авлоний мактабида табиий фанлар ривожланган бўлиб, унда ўсимликлар, ҳайвонлар хилма-хиллиги, парвариш масалалари қизиқарли ўтиларди.

Хуллас, уларнинг ўз дарсликларини тайёрлаш Туркистон ёшларининг илм-маърифати учун туб бурилиш бўлди. “Китоби аввал” ёки математика, адабиёт, география бўйича дарсликларни олайлик. Албатта, улар қайсидир даражада хорижий дарсликлардан ўзлаштирилган бўлиши мумкин, лекин шунга қарамай, бу жуда катта олға силжиш эди. Жадид мактаблари синфларида глобуслар турган. Бу эски миқёс билан солиштирганда, бутунлай янги нарса эди ва албатта, ажойиб натижалар берган.

Жадидларнинг кўпчилиги рус тилини яхши билган. Тил концепцияси Беҳбудийнинг “Бир тил эмас, тўрт тил лозим”, номли мақоласида очиб берилган. Унга кўра, ягона империя таркибида яшаётганимиз сабабли, айниқса, рус тилини билишимиз зарур. Биз ҳаракатимиз тактикасини ишлаб чиқиш учун қандай бошқарилаётганимизни тушуниб олишимиз шарт. Жадид мактабларида рус тили ҳам ўқитилган. Ёшлар Европа адабиётига жуда қизиққан.

Мусулмон модернизми илдизлари нимада эди?

Биз жадидчиликни мусулмон модернизми деб аташимиз мумкинми? Бу саволга қисман “ҳа” деб жавоб берса ҳам бўлади, чунки улар фаолиятининг анча-мунча қисми аҳолига Аллоҳ бандасига “ўқи” деб айтганини исботлашдан иборат бўлган. Ҳадисларда илмни Чинда (Хитойда) бўлса ҳам ўрганинглар, қабилида зикр этилган. Унинг риторик тузилмаси илдизлари Ўрта Осиёнинг мусулмон анъанасига бориб тақалади, шунинг учун жадидлар, анъанага кўра, ислом динига таянган. Замонавийлик ислом динининг ҳақиқий мазмунига боғланган, фақат асрлар давомида пайдо бўлган ёт ғоялардан тозаланган ислом мусулмонлар фаровонлигини таъминлаши мумкин. Жадидларнинг ғояси шу бўлган. Дунёга янгича назар билан боқар экан, жадидлар исломни тушунди, мусулмонлик нима эканини англади. Уларнинг жамиятни янгилаш назариясида тараққиётда жуда олдинлаб кетган Европа билан яқинлашиш, энг яхши ютуқларини ўзлаштириш ҳақидаги масала жиддий ўрин тутган. Туркистоннинг мустамлака истибдодидан, инқирозли вазиятдан чиқиш, энг аввало, Европа тажрибасидан фойдаланган ҳолда маданий ислоҳотлар ўтказишда кўрилган.

Ўша пайтларда ҳам баъзи кишилар Шарқ, жумладан, Ўрта Осиё Европага жуда кўп нарса берган, деб ҳисоблаган. Улар IX – XII асрлардаги Ренессансни ҳамда Темур ва Темурийлар давридаги иккинчи Ренессансни ҳисобга олиб, Европа илм-фан ва тиббиёт ривожланиши (Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” асари) соҳасида жуда кўп нарса олган, деб билган. Энди эса улар, биз Европадан оладиган вақтимиз келди, чунки ушбу Ренессанс XVI асрда Маърифат асридан бошланиб, Европага кўчиб ўтган, деб ҳисоблайди.

Улар энди қайта ўзлаштириш вақти келганини тушунади. Фитрат шундай деб ёзади: “Таассуфки, агар биз йўқотилган маданиятимизни, тамаддунимизни қайтариш учун, ҳеч бўлмаса, бир ҳаракат қилмасак, уламомиз, сен кофир бўлдинг, деб айтади ва бизга халақит бера бошлайди”. Маҳмудхўжа Беҳбудий замонасидан илгарилаб кетган эди. Масалан, Баҳовуддин Нақшбанд мақбарасига борганда, унинг атрофида шунчалик кўп масжид қурилганини кўриб, ўша вақт учун жасорат бўлган бир гапни айтади: “Бир мусулмон учун бунчалик кўп масжидларнинг кераги йўқ, унга ибодат қилиши учун битта жойнамознинг ўзи етади. Бунчалик кўп масжид қургандан кўра, унга сарфланган маблағга фарзандларимизни чет элга ўқишга юбориш вақти келмадимикан?” Умуман, улар ғоялари, ислом динини ислоҳ қилишга интилиши бошқа динларга нисбатан бағрикенгликни тарбиялаш ва Ғарбдан билим ўзлаштириш эди.

Эҳ, бу ерда қандай талаба йигит-қизлар ўқиётганини қаранг!

Жадидлар одамлар онгида ўзига хос ўзгариш ясашнинг уддасидан чиқа билди. Жамиятни ўзгартириш концепциясини ярата олди ва концепция барча масалаларни қамраб олди. Янги жадидлар адабиёти, янги драматургияга асос солди. Туркистонда биринчи театр фаолияти йўлга қўйилди. Таълимнинг янги шаклларини яратди. Улар эҳтимол, кичик кўринишда бўлгандир, аммо, бутунлай янги маданият яратди. Одамлар онгида аёлларга нисбатан кичик бўлса-да, ўзгариш ясай билди, чунки асарларида аёлларнинг жамиятни ривожлантиришдаги аҳамияти ҳақида фикр юритилади. Албатта, бирдан паранжини ташлаб, юзни очиб, жамият ишларида иштирок этишга даъват этмайди.

Абдурауф Фитратнинг юқорида тилга олинган оила ҳақидаги китобининг асосий қисми аёлга, уни қандай ҳурмат қилиш ва унга қандай муносабатда бўлишга бағишланган. Ўша китобда “Қиз болалар ўқиши керакми?”, деган банд ҳам бор. Муаллифга кўра, инсоннинг интеллектуал ҳолати, оладиган таълими кўп жиҳатдан аёлларга, оналарга боғлиқ. Ёзишича, эркак тирикчилик учун егулик-ичгулик топиш билан банд, аёл эса эркакдан кўра маълумотлироқ бўлиши шарт, чунки у, асосан, болалар билан шуғулланади. Дарҳақиқат, шундай. Аёллар таълими ривожланганини ва аёллар мактаби бўлганини, уларда аёллар таълим олиб, Шарқ мумтоз адабиёти ўқитилганини биламиз. Тўғри, биз техникага оид фанлар ҳақида гапираётганимиз йўқ, лекин шундай бўлса-да, аёллар таълим олган. Бу – бизнинг маданий меросимиз. Умуман, бу  нафақат Ўзбекистоннинг, қолаверса, барча халқларнинг мероси, чунки бу интеллектуал муҳит мавжудлигини, онги ва интилишлари қандай бўлганини кўрсатади. Масалан, Беҳбудий ҳажга борганида Байрут университетини зиёрат қилади. Ҳайратга тушиб, “Эй Худо, буларнинг лабораторияларини қаранглар”, деб ёзади. У кимё лабораторияси билан танишади. “Бу ерда қандай талабалар ва қизлар ўқиётганини қаранг! Ютуқлар ҳам шунча бўладими! Нега бу мусулмон мамлакатида бундай университет бор, биз ҳам мусулмон мамлакатимиз, лекин Туркистонда олий даражадаги бирорта ҳам, ҳа-ҳа, бирорта ҳам таълим муассасаси йўқ”.

Турли мамлакатлардаги маърифатпарварлик ҳаракатларига хос бўлган ўзига хос хусусиятлар билан бир қаторда умумий хусусиятлар ҳам мавжуд бўлган. Бу Туркистон жадидлари фаолиятида ҳам ўз ифодасини топди. Улар сиёсий қолоқликка, мавжуд тузумнинг ижтимоий-ҳуқуқий кўриниши ва камчиликларига қарши курашдилар, маърифатни шакллантириш, озодлик, маънавий маданиятни бойитиш, халқ оммаси манфаатларини ҳимоя қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш тарафдори эдилар.

Туркистон илғор зиёлиларининг энг муҳим ютуғи халқ таълими тизими ҳукмрон мафкурадан холи, шунингдек, илғор ғояларни тарқатишнинг энг муҳим воситаси сифатида миллий матбуот асосларини яратиш бўлди.

Бир томондан, улар Европа илмий-техникавий тафаккури, маданияти ютуқларини, иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий ҳаёт меъёрларини тарғиб қилдилар. Бошқа томондан, ўтмишни қайта тиклашга, шариат талабларига зид бўлган буржуа одатларининг кириб келишига қандайдир тарзда қаршилик кўрсатиш истагини уйғотишга, ислом тарихига қизиқиш уйғотишга ҳаракат қилдилар. Жадидлар дунёвий таълим ва билимли мутахассислар тайёрлаш зарурлиги ҳақида гапирар экан, ўз фикрларини Қуръон ва ҳадислардан излади ва тасдиқлашди, ўз матнларига Туркистондаги ижтимоий, маънавий ва иқтисодий тараққиёт эҳтиёжларига жавоб берадиган маъно бердилар.

Мухтасар айтганда, миллат истиқболи учун курашган маърифатпарвар боболаримиз саъй-ҳаракати замирида ҳуқуқий демократик давлат учун асос бўладиган юксак ғоялар пойдевори мужассам эди.

Жасурбек НОРМАТОВ,

Бешариқ тумани ахборот-кутубхона маркази директори