Унда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Корея Республикаси савдо, саноат ва ресурслар вазири Ким Жунг-кван, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг тегишли идоралари раҳбарлари иштирок этди.
Янги вазирлар формати сиёсий мулоқотни саноат, савдо ва технологиялар соҳасидаги аниқ кун тартиби билан тўлдириш, шунингдек, минтақа корхоналари ва Корея бизнеси ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
2025 йил якунига кўра, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё мамлакатлари ва Корея Республикаси билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб 10 фоизга ошиб, 10 миллиард доллардан ошган. 2026 йилнинг январь–июль ойларида эса ушбу кўрсаткич 25 фоиз ўсиб, 6,5 миллиард долларга етган.
Айни пайтда Ўзбекистонда Корея ва минтақа мамлакатлари капитали иштирокидаги 3 мингдан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон томони техник тўсиқларни бартараф этиш, сертификатлар ва синов натижаларини ўзаро тан олиш, аниқ юқори технологияли лойиҳаларни қамраб олган Саноат кооперацияси дастурини ишлаб чиқиш, саноат ташаббусларининг ягона рақамли платформасини яратиш ҳамда вазир ўринбосарлари даражасида доимий фаолият юритувчи экспертлар гуруҳини шакллантиришни таклиф қилди.
Ушбу ташаббусларнинг барчаси Корея томони томонидан қўллаб-қувватланди.
Томонлар савдо, инвестициялар, саноат инфратузилмаси, муҳим минераллар соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, ишлаб чиқаришга сунъий интеллектни жорий этиш ва кадрлар тайёрлаш масалаларини ҳам муҳокама қилди.
Автоматлаштирилган сифат назорати, ускуналарга прогнозли техник хизмат кўрсатиш, энергия самарадорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш маълумотларини таҳлил қилиш истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Йиғилиш якунида саноат ва таъминот занжирлари соҳасида ҳамкорлик бўйича қўшма меморандум имзоланди. Шунингдек, «Корея Республикаси — Марказий Осиё» саноат вазирларининг Маслаҳатлашув механизми биринчи йиғилишининг Қўшма баёноти қабул қилинди.
Тадбир доирасида Лазиз Қудратов Корея Республикаси савдо, саноат ва ресурслар вазири Ким Жунг-кван билан музокара ўтказди.
Учрашувлар якунида стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмаларни излаш ва ўзлаштириш бўйича Ўзбекистон–Корея платформасини яратиш, шунингдек, экспорт салоҳияти ва савдо ҳамкорлигини ривожлантиришга қаратилган келишувлар имзоланди.