Регуляторнинг таъкидлашича, иқтисодий фаоллик кутилганидан юқори бўлиб, инфляция пасайиш динамикасини давом эттирмоқда. Хусусан, 2025 йил декабрь ойида йиллик инфляция 7,3 фоизни, базавий инфляция эса 5,7 фоизни ташкил этди.
Шунга қарамай, хизматлар инфляциясининг юқорилиги ва озиқ-овқат нархларидаги эҳтимолий хатарлар пул-кредит сиёсатини амалдаги қатъий даражада сақлаб қолишни тақозо этмоқда.
2025 йил давомида ички валюта бозоридаги ижобий муҳит ва экспорт тушумларининг ортиши натижасида миллий валюта — сўм 6,9 фоизга мустаҳкамланди.
Бу жараён импорт инфляцияси босимини пасайтиришга ва ташқи қарзга хизмат қилиш харажатларини камайтиришга хизмат қилди. Шунингдек, олтин нархининг юқорилиги экспорт ва бюджет даромадлари учун муҳим таянч бўлиб қолмоқда.
Янгиланган прогнозларга кўра, 2026 йил якуни билан инфляция 6,5 фоиз атрофида бўлиши, иқтисодий ўсиш суръатлари эса 6,5-7 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Марказий банк келгуси чоракларда инфляцион кутилмалар барқарор пасайган тақдирда, асосий ставкани пасайтириш имкониятини кўриб чиқиши мумкин. Асосий мақсад — ўрта муддатда инфляцияни 5 фоизлик таргет даражасига тушириш ва аҳолининг харид қобилиятини ҳимоя қилишдир. Регулятор бошқарувининг асосий ставка бўйича навбатдаги йиғилиши 2026 йил 18 март кунига белгиланди.