Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари иштирокидаги “Ҳиндистон – Марказий Осиё” виртуал саммити савдо-коммуникация, маданий алмашинув ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини қамраб олгани, 2021 йил декабрь ойида қайта тикланадиган энергия манбалари, рақамли технологиялар, киберхавфсизлик ва жамиятни ривожлантириш лойиҳалари каби соҳаларда тўққизта битим имзолангани таъкидланади.

Ўзбекистон Эроннинг Чабаҳор портидан биргаликда фойдаланиш мақсадида тузилган Ҳиндистон-Ўзбекистон-Эрон-Афғонистон тўрт томонлама ишчи гуруҳи аъзоси. 2021 йил бошида Ҳиндистон Чабаҳор портини Шимол-Жануб халқаро транспорт йўлаги (INSTC) таркибига киритишни таклиф қилиб, Ўзбекистон ва Афғонистонни кўп томонлама коридор лойиҳасига қўшилишга таклиф қилди. INSTC – бу Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Озарбайжон, Россия, Марказий Осиё ва Европани боғловчи 7 минг 200 километр узунликдаги мультимодаль лойиҳа, дейилади мақолада.

Янги экспорт йўлларига муҳтож бўлган Марказий Осиё республикалари Эрон Чабаҳорини Ҳиндистон ва унинг 1,4 миллиард аҳолиси бўлган бозори билан савдо қилишнинг энг яхши муқобили, деб ҳисоблаши мумкин. Покистон бозори 212 миллион кишини ташкил этади ва ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) аҳоли жон бошига Ҳиндистон кўрсаткичининг учдан икки қисмини ташкил этади. Ҳиндистоннинг технология соҳаси билан ҳамкорлик Тошкентнинг 2026 йилга келиб ЯИМни аҳоли жон бошига 1,6 баробарга ошириш мақсадига эришиш учун муҳим аҳамият касб этади, дея хулоса қилади «The Hill».