Учрашувда афғон инқирозини тинч йўл билан ҳал этиш, мамлакат иқтисодиётини тиклаш ҳамда сиёсий жараёнларни ривожлантиришда афғон халқининг етакчилик роли тамойилини ҳурмат қилиш бўйича минтақавий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

Халқаро терроризм таҳдидларига қарши биргаликда курашиш, Марказий Осиё давлатлари томонидан ушбу йўналишда амалий саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқиш муҳимлигига эътибор қаратилди.

Томонлар Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш ҳамда кенгайтиришни қўллаб-қувватлашини билдирди. Шу нуқтаи назардан, Афғонистоннинг минтақавий интеграция жараёнларига кенг жалб қилиниши мамлакатда барқарор ва узоқ муддатли тинчликни қарор топишига ёрдам беради.

Минтақа давлатлари кўмаги билан Афғонистон ҳудудида энергетика, транспорт-коммуникация соҳаларида турли инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари қайд этилди.

Шунингдек, шу ойда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган "Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференциясининг аҳамияти ҳақида алоҳида сўз юритилди.

Афғонистонга кенг кўламда кўмаклашиш, жумладан пандемия даврида инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишнинг устувор йўналишлари бўйича ҳам атрофлича фикр алмашилди.