“Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси” халқаро форуми қандай аҳамият касб этади?

Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда, Термиз шаҳрида ЮНЕСКО шафелигида “Марказий ва Жанубий Осиёнинг тарихий мероси” мавзусида халқаро форум ўтказиш таклиф этилди. Айнан ушбу шаҳарда форумни ўтказиш ташаббуси ҳам бежиз илгари сурилмаган. Бунинг учун Термиз барча маънавий, иқтисодий, географик, тарихий асосларга эга. У қадимдан нафақат савдо-иқтисодий, балки маданий алоқаларни таъминловчи, Марказий ва Жанубий Осиёни ўзаро боғловчи кўприк бўлиб келган.

Термизда ташкил этиладиган ушбу халқаро форум минтақалар халқларининг улкан тарихий, илмий, маданий-маърифий меросини ўрганиш орқали Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги фаол ҳамда очиқ мулоқот, улкан савдо-иқтисодий ва маданий-цивилизацион салоҳиятни рўёбга чиқариш йўлларини таҳлил қилиш ҳамда амалий ечимларни муҳокама этиш учун имкониятлар эшигини очади.

Шу билан бирга, Термизда ўтказилиши кўзда тутилган мазкур форум Марказий ва Жанубий Осиё аҳолисининг катта қисмини ташкил қилувчи ёшларнинг қизиқиши, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқарадиган, таълим, илм-фан, маданият ва спорт, иқтисодиёт соҳаларида қўшма дастурларни амалга оширишга қаратилган. Жумладан, “Термиз халқаро савдо маркази” ташкил этилаётгани, унда Афғонистон Ислом Республикаси фуқаролари ва ушбу давлат ҳудуди орқали кирувчи бошқа мамлакат фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг, истисно тариқасида, Ўзбекистон Республикасига кириш визасини расмийлаштирмасдан, шахсий ва паспорт назоратидан ўтган ҳолда (вақтинчалик рўйхатга олинмасдан), 10 кун давомида ҳудудга кириш, у ерда бўлиш ва чиқиб кетиш тартиби жорий қилинаётганини таъкидлаш жоиз. Шунингдек, хорижий тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилаётгани, Термизда афғон ёшларини ўқитишга қаратилган Афғон таълим маркази фаолият олиб бораётгани, Термиз давлат университетида қўшни давлатлардан келиб ўқиётган 200 дан ортиқ талабаларнинг асосий қисмини афғонистонлик ёшлар ташкил этишини эслаб ўтиш лозим.

Биргина 2021 йил май ойида Термизда ўтказилган Ўзбекистон — Афғонистон бизнес форумида қўшни давлат бизнес ҳамжамиятининг 70 дан ортиқ вакили, шунингдек, қатор вилоятларнинг ҳокимлари ва мутасаддилари иштирок этиб, ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгаши нега зарур?

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар икки минтақанинг тақдири ва истиқболлари демографик жиҳатдан “ёш авлоднинг қандай таълим ва тарбия олиши, улар учун қандай шарт- шароит ва “социал лифт”ларни яратиб беришимизга бевосита боғлиқ” эканига алоҳида урғу берди. Айнан шуларни ҳисобга олиб, давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар масаласида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида доимий фаолият юритадиган Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашини тузиш таклиф қилинди.

Марказий Осиё дунёдаги энг ёш минтақа. Аҳолисининг ўртача ёши 27,6 ёшни ташкил этади. Ўзбекистонда эса аҳолининг 18,9 миллион нафари ёки 54 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлар ва болалардан иборат. Юқоридаги  рақамлардан бу таклиф нақадар ўринли экани кўринади.

Мамлакатлар биргаликда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, истиқбол учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратиши келажак тараққиётининг кафолати бўлади.

Шу маънода, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлари кенгашининг ташкил этилиши конференция доирасида илгари сурилган ташаббуслар ва трансминтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда минтақада хавфсизликни таъминлаш ҳамда иқтисодий-инновацион ривожланишда ёшлар фаоллигини қўллаб-қувватлаш жуда катта аҳамиятга эга.

Барча имконият ва интилишлар мақсад сари етаклайди

“Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги конференция икки минтақа давлатлари ўртасида тузилган битимларнинг истиқболи, савдо, инвес тициялар, транспорт, энергетика ва инновациялар, “яшил” технологиялар йўналишларида ўзаро келишувларни ривожлантириш борасида аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, фан ва маданият  соҳаларида шерикликни кенгайтириш, икки минтақа барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш борасидаги илк геоиқтисодий ҳамда геоцивилизацион ҳамкорликнинг асосий тамойилларини белгилаб берган тарихий анжуман бўлди.

Шу билан бирга, турли таҳдидлар ва глобал  геосиёсий ўзгаришлар авж олган айни даврда Ўзбекистоннинг очиқ ташқи сиёсатидаги нафақат қўшни мамлакатлар, балки ёндош минтақалар билан ҳам яқинлашиш ҳамда иқтисодий-маданий ҳамкорликни ривожлантириш тенденциясини яққол намойиш этди.

Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ўртасидаги халқаро ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясининг амалга ошиши мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ҳар бир соҳа ва йўналиш субъектларининг шижоати ва амалий ҳаракатига ҳам боғлиқ. Бу борада олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, олимлар, зиёлилар, фаол талабалар якдил бўлиб, конференция мазмунмоҳиятини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказишда, икки минтақа университетлари, илмий марказлари ва етакчи олимлари билан илмиймаданий ҳамкорликни йўлга қўйишда кенг имкониятларга эга.

Шу жараёнда минтақалар тарихини ўрганиш, кейинги йилларда ўқитишдан четда қолган “Дипломатик муносабатлар”, “Халқаро муносабатлар”, “Жанубий Осиё ва Марказий Осиё давлатлари халқаро муносабатлари” каби қатор ўқув фанларини замонавий тусда қайта шакллантириш, сайёҳлик соҳасида ҳамкорликни такомиллаштириш ҳамда “Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатлари туризми тадқиқотлар маркази” фаолиятини йўлга қўйишда самарали ҳисса қўшишга ишонади. Президентимиз атрофида жипслашиб, халқ фаровонлиги ва Ватан равнақи, минтақалар ривожи йўлида хизмат қилиш орқали кўзланган мақсадга, албатта, эришамиз.