Замонавий дунё дуч келаётган жадал глобал ўзгаришлар нуқтаи назаридан қараганда, Марказий Осиё ҳудуди минтақавий ривожланишнинг барча жиҳатларига — сиёсат ва иқтисодиёт, экология ва маданий-гуманитар мезонларга таъсир кўрсатувчи жиддий геосиёсий ўзгаришлар даврини босиб ўтаётганини кузатиш мумкин.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йили Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувида қайд этганидек, “Маълумки, Марказий Осиё геостратегик жойлашувига кўра, минг йиллар давомида жаҳон миқёсидаги жараёнлар марказида бўлиб келган. Бизнинг минтақамиз доимо ўзининг бой маданий-тарихий мероси билан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни боғлайдиган ноёб кўприк бўлиб хизмат қилган.

Ушбу қутлуғ заминда дунё цивилизацияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк гуманист олимлар, мутафаккир ва шоирлар яшаб ижод қилган. Бу ерда улкан табиий захиралар, катта инсоний салоҳият мавжуд”.

Марказий Осиё тамаддунининг ўзига хослиги

Марказий Осиё бўйича олиб борилган кўп сонли тадқиқотлар натижалари минтақанинг инсоният ривожланишидаги ўрни нечоғли муҳим эканидан далолат беради. ЮНЕСКО шафелигида чоп этилган олти жилдлик “Марказий Осиё цивилизациясининг тарихи” китоби ана шу масалани ёритишга бағишланган.

Биринчи хусусият. Бу кўҳна заминда археологлар томонидан аниқланган кашфиётлар, бир томондан, уларнинг бетакрорлигидан, иккинчи томондан — қўшни цивилизациялар билан эрта ва яқин алоқалардан далолат беради.

Бу ерда қарийб уч минг йил аввал Марказий Осиё, Афғонистон ва Эрон халқларининг кўп қиррали маънавий-тарихий ёдгорлиги — “Авесто” яратилган. Илмий тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ушбу қадимий ёзма асар яккахудолик (монотеизм) ғоясини илгари суриб, инсоният дунёқарашига, фалсафа, давлат ва ҳуқуқ тизимининг ривожланишига, дунёда яхшиликнинг ёмонлик устидан ғалабаси ғоялари тарқалишига, адолатли ижтимоий бошқарув, эзгу иш ва эзгу амал, муносабатларнинг ўзаро ҳурмат ва ишонч т амойиллари асосида қурилиши каби омилларга жиддий таъсир кўрсатган.

Иккинчи хусусият. Марказий Осиё минтақасида давлатчилик асослари шаклланган ва Ҳараппа цивилизацияси, Сўғдиёна, Бақтрия, Хоразм, аҳамонийлар давлати, Юнон-Бақтрия ва Кушон подшолиги, Турк хоқонлиги, Т емурийлар ва Бобурийлар салтанатлари тарихда чуқур из қолдирган.

Учинчи хусусият. Ривожланган инфратузилма минтақа халқларига асрлар давомида Қадимги Рим, Қадимги Хитой (Буюк ипак йўли) билан муваффақиятли савдо-сотиқ олиб бориш имконини берди. Ҳиндистон билан савдо ишларини юритишда энг оммавий йўналишлардан бири (Буюк ҳинд йўли) Қадимги Бақтрия орқали ўтган. Жадал савдо алоқалари, миграция оқими, илмий ғоялар ва ўзаро маданиятлар алмашинуви Марказий Осиё билан қўшни Жанубий Осиё ўртасида яқин ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни шакллантирди.

Тўртинчи хусусият. Ушбу икки минтақанинг ўзаро ҳамкорлиги тарихи умумжаҳон ривожланиш жараёнига жиддий таъсир кўрсатди. Бу улкан ҳудудни ҳақли равишда жаҳон цивилизациясининг энг қадимги бешиги, деб аташ мумкин. Масалан, Марказий Осиёнинг Жануби-ғарбий ҳудудидаги энг кўп ўрганилган маданий ёдгорликлар орасида Олтинтепа цивилизацияси мавжуд. Археологларнинг топилмалари Олтинтепа цивилизациясининг Месопотамия ва Ҳинд водийси маданиятлари, шунингдек, Яқин Шарқдаги Элам давлати билан яқин алоқаларидан далолат беради.

Бешинчи хусусият. Марказий ва Жанубий Осиё халқлари умумий маънавий-ахлоқий қадриятларга эга бўлиб, бу уларнинг буюк шоиру алломалари — Юсуф Хос Ҳожиб, Жалолиддин Румий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Муҳаммад Ҳайдар, Махтумқули, Мирзо Ғолиб, Рабиндранат Тагор, Абай, Садриддин Айний ва бошқаларнинг ижодида ўз ифодасини топган. Янги тарихий давр, яъни жаҳон салтанатларининг “катта ўйини” даврига келиб эса, асрлар давомида қарор топган узвий алоқалар,  афсуски, узилиб қолди. 

Ўзбекистон Президентининг минтақавий ўзаро муносабатларни тиклаш бўйича ташаббуслари

Ўзбекистон Республикаси Президенти  Шавкат Мирзиёев минтақамизнинг жадал ривож ланиш истиқболлари ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувини стратегик жиҳатдан теран кўра билгани туфайли Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги тарихий алоқаларни тиклаш ташаббусини илгари сурди.

Ушбу геосиёсий ёндашув ташқи алоқаларнинг истиқболли йўналишларини ривожлантириш орқали минтақамизнинг улкан савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-транзит, илмий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш учун вужудга келаётган янги имкониятларни тушунишга асосланган.

Ҳозирги пайтда ҳар икки минтақа ўртасида ўзаро алоқаларни тиклаш учун объектив омиллар мавжуд. Бугунги кунда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари изчиллик билан амалга оширилаётган миллий стратегиялар ва тузилмавий ислоҳотлар туфайли иқтисодий ўсиш ва барқарор ривожланиш йўлидан изчил ҳаракатланмоқда. Шу билан бирга, энг аввало, савдо, саноат, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари ва инфратузилма, сувдан фойдаланиш, таълим, хавфсизлик, экология, ижтимоий муҳит сифати ва аҳоли турмуш шароитини яхшилаш соҳаларида минтақавий ривожланишнинг долзарб масалаларини самарали ҳал қилишга интилмоқда.

АҚШлик эксперт Ф.Старрнинг фикрича, “Президент Шавкат Мирзиёевнинг трансминтақавий ўзаро боғлиқлик ташаббуси халқаро аҳамиятга эга. Шу маънода, ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши Ўзбекистоннинг глобал кун тартибини шакллантирувчи саноқли давлатлар сафидан ўрин эгаллашига олиб келади”.

Бу, ўз навбатида,  Шавкат Мирзиёевнинг Президентлиги даврида Ўзбекистон нафақат ўз атрофида Марказий Осиё давлатларини бирлаштира оладиган минтақавий етакчи мақомини мустаҳкамлашга, балки қўшни мамлакатлар учун ҳам уларнинг манфаатларини илгари сурувчи ишончли етакчи бўлишга қодир давлатга айланганини яққол намоён этади.

Марказий Осиё — хавфсизлик, изчиллик ва барқарор ривожланиш минтақаси

Хорижлик халқаро экспертларнинг эътирофича, ҳозирги пайтда бунинг учун зарур ва қулай шарт-шароитлар яратилган. Сўнгги йилларда Марказий Осиёда оламшумул ўзгаришлар амалга оширилди ва буларнинг барчаси сиёсий ишончнинг мустаҳкамланиши, яқин қўшничилик алоқаларининг изчиллик билан ривожланиши, кўп қиррали ҳамкорлик ва стратегик шериклик тимсолида ўз ифодасини топмоқда. Аввалги тарқоқлик ўрнини эндиликда минтақа мамлакатларининг ўзаро аҳиллиги, қалин дўстона муносабатлари ва янада фаол ҳамда манфаатли ҳамкорлиги эгалламоқда.

Ушбу ижобий ўзгаришларнинг замирида  Ўзбекистон Президентининг ташаббуси билан бошланган ташқи сиёсатнинг “қайта йўлга қўйилиши” турибди. Бу муҳим  жараён аввалбошданоқ қўшни мамлакатлар билан мураккаб масалалар ечимини излашга йўналтирилди. Бундай тўғри ёндашув минтақанинг ялпи сиёсий-иқтисодий ва маданий-гуманитар манзарасига ижобий таъсир кўрсатмай қолмади. Ушбу сиёсат асосини “Марказий Осиёни хавфсизлик, изчиллик ва барқарор ривожланиш минтақасига айлантириш устуворлиги” ташкил этади.

Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳат учрашувини ташкил этиш ташаббусининг амалга оширилиши минтақамизнинг сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. 2019 йил 29 ноябрда Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё саммити иштирокчиларининг қўшма баёнотида таъкидланганидек, “Марказий Осиёда шаклланган минтақавий яқинлашув тенденцияси — бу тарихан қарор топган воқеликдир”.

Минтақавий ҳамкорликка қўшимча туртки бериш мақсадида 2020 йилда Ўзбекистон  Президенти томонидан Тошкент шаҳрида Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институтини ташкил қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу янги илмий-тадқиқот институтининг мақсади минтақа мамлакатлари ўзаро ҳамкорлигининг сиёсий-ҳуқуқий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва бошқа жиҳатларини таҳлил этиш, Марказий Осиёнинг тарихий-маданий меросини тадқиқ қилиш, миллий маданий қадриятларни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан иборат.

Ҳозирги пайтда минтақамизда, коронавирус пандемиясининг оқибатларига қарамай, ҳамкорликнинг чуқурлашуви бўйича барқарор тенденция кузатилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, Жаҳон банки минтақада 2021 йилда 3,7 фоиз, 2022 йилда 4,3 фоизгача иқтисодий ўсиш бўлишини тахмин қилмоқда. 70 миллиондан кўп аҳолига эга Марказий Осиё кенг кўламли иқтисодий, энергетик, транзит-транспорт, аграр, шунингдек, интеллектуал ресурсларга бойдир. “Boston Consulting Group” халқаро консалтинг компанияси маълумотларига кўра, минтақа иқтисодиёти реал секторининг инвестициявий салоҳияти 40-70 миллиард АҚШ долларини ташкил этади.

Умуман, Марказий Осиёнинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича салоҳияти 170 миллиард АҚШ долларига тенг. Дунёда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг глобал кўламда камайиб бориши асносида Марказий Осиё мўътадил ўсиш суръатини намойиш этмоқда ва халқаро сармоя учун янги “фронтир”га, яъни тарихий аҳамият касб этадиган маконга айланиши ҳеч гап эмас.

Айни пайтда денгизга олиб чиқадиган йўли бўлмаган ва энг яқин бандаргоҳлардан уч минг километр олисда жойлашган Марказий Осиё мамлакатларининг геосиёсий барқарорлиги ва мўътадил иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан ялпи мақсадларга эришиш ва стратегик вазифаларни ҳал қилиш мақсадида яқиндан минтақавий ҳамкорлик қилишга боғлиқ.

Шундай қилиб, Марказий Осиё минтақалараро ҳамкорлик босқичининг тамомила янги босқичига кўтарилиш учун сиёсий жиҳатдан ҳар томонлама мувофиқлаштирилган хатти- ҳаракатларни амалга ошириши жуда ҳам муҳим. Шу нуқтаи назардан, Жанубий Осиё минтақаси Марказий Осиё учун ташқи иқтисодий ҳамкорликнинг ўта муҳим стратегик йўналишини тақдим этади.