На малакман, на фаришта, мен ҳам одам наслидин,

Мен таваллуди ўшал фарзанди Намонгониман...

Бу ўтли сатрларни ҳар бир наманганлик ёддан билади, фахрланиб айта олади.

Наинки ўзбек, балки барча туркийзабон халқлар адабиётида ўзининг оташин ғазаллари, қўшиққа айланган дилбар ашъорлари билан кенг шуҳрат қозонган, мумтоз адабиётимизнинг улуғ намояндаларидан бири Бобораҳим Мулла Вали ўғли Машрабга нисбатан муносиб макон қайда, дея савол қўйишнинг ўзи ўнғайсиз.

Аммо Наманган деганда Машраб, Машраб дейилганда Наманган тушуниладиган жонажон юртида бу буюк бобокалонимизга муносиб эъзоз кўрсатилмаслиги жоизми?!

«Девонаи Машраб», «Эшони Машраб», «Ҳазрати шоҳ Машраб» номлари билан машҳур бўлган аждодимизнинг ҳозирги манзили қаерда? Музей, кутубхона, унга аталган алоҳида мажмуа борми?! Тўғри, вилоят марказида Машраб номли кўча, яшнатиб юборилмаган бўлса ҳам кинотеатр бор. Бироқ «Девони Машраб» ва шу пайтгача ўрганилмай келинган панд-насиҳат тарзидаги «Мабдаи-нур» («Нурнинг ибтидоси»), «Кимё» асарларини яратган, ижтимоий-фалсафий, ахлоқий-таълимий, маърифий-дидактик ва умуминсоний фикрларни ифода этиб, ўз дунёқараши билан шарқ ижтимоий фалсафий фикри ривожига катта ҳисса қўшган вилоятнинг «бренди» ҳисобланган алломаи замонга яхлит бир мажмуанинг йўқлигини қандай изоҳлаш мумкин?!

Чамаси 10 йиллар аввал вилоятимизда Наманган деганда барчанинг кўз олдига келувчи Бобораҳим Машраб номида боғ бунёд этилди. У жойдан музей, Машрабнинг ҳайкали, кўл, боғ оралаб хиёбонлар ўрин олди. Бирор туп дарахти соя ташламаган эсада, мажмуада Машрабхонлик тадбирлари ўтказиб турилди. Мана, 3 йилдирки, ўша жой йирик тадбиркорлик субъектига, аниқроғи, «Афсоналар водийси» тематик боғига айлантирилиб юборилди. Аслида ҳам жуда яхши иш бўлди. Чунки у ерда Машрабга ҳам, борувчиларга ҳам қийин эди. Чуқурликда қолиб кетган Машраб мажмуасида на бирор дарахт кўкартирилди, на қадамжога айлантира олинди...

Ҳозирда Машрабнинг муаззам ҳайкали «Адиблар хиёбони»га кўчирилган. Бироқ музей қаерда қолди? Бу тўғрида кўпчилик билмайди. Қизиққанлар аниқ жавоб ололмай, аста-аста суриштирмай ҳам қўйдилар... Машраб шунчаки ўқиладиган, музейи бир томонда, ҳайкали бошқа тарафда, мемориал мажмуаси мужассам қилинмайдиган зот эмас-ку?!

Шу ўринда бир ривоятни ёдингизга соламан. Қадим замонларда кекса бир чол ўғлини калтаклаб, кўчадан ўтиб қолибди. Буни кўрган биринчи қишлоқнинг одамлари сабабини сўрашганда, «Фақат айтган ишимни қилади, холос» деб жавоб қайтарибди. Одамлар эса «Эй, мияси айниган чол, айтганингни қиларкану, нега савалайсан?» деб кулишибди. Шу тарзда отахон ўғлини неча қишлоқлардан савалаб ўтиб, бир хил савол ва жавобларни эшитибди.

Яна бир қишлоқдан ўғлини калтаклаб ўтаётган чолга бир қиз саволни такрорлабди. Жавобини эшитгач, «Яхшилаб саваланг, ота. Нега фақат айтганингизни қилади, фаросати йўқми, айтмаган ишингизни қилолмаса?!» дебди. Чол шу жавобдан хурсанд бўлибди ҳамда зукко қизга ўғлини уйлантирган экан... Бу бир ривоят холос, лекин замирида айни ҳақиқат бор.

Қачонки, Давлатимиз раҳбари тилга олиб, расмий буйруқ берсагина эъзозланадиган, эътибор қаратадиган тоифага тушиб қолгандаймиз. Кимдир туртсагина сезадиган, унгача уйғонмайдиган феълимиз ҳам чатоқ.

Президентимиз аввалги йилларда Наманганга ташрифлари чоғида аллома Исҳоқхон Ибратнинг фаолиятини намуна қилиш, фахрланиш кераклигини таъкидлаб, махсус топшириқ берганларидан кейин фаол ҳаракатлар бошланганди. Ибрат номида тилларга ихтисослашган мактаб, ҳавас қиларли даражада мажмуа барпо қилиниб, китоблари чоп этилди.

Машраб бобомиз эҳтиромга уринишларимизга, ғурурланишимизга арзимайдими?! Бугунги кунда деярли фойдаланилмай ётган, олд майдони ҳам каттагина ҳудудни эгаллаган Машраб кинотеатри анчагина таъмирталаб аҳволда. Қанийди, мазкур масканда Шоҳ Машрабнинг мажмуаси, кутубхона, музейини, нашриёт уйини жамлай олсак. Довруғини достон қилса бўладиган «Машрабхонлик кунлари»ни муносиб уюштириш тараддудига тушсак, Шоҳ Машраб руҳини ҳам шод этган бўлармидик?!

Саида ИСМОИЛОВА,

журналист.