Дунё ҳамжамиятида ўз ўрнига эга бўлиб бораётган янги Ўзбекистонда илм-фанни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Математика, физика, кимё, биология, геология каби йўналишларда фундаментал, амалий тадқиқотлар фаоллашиб, олимларга барча шарт-шароит яратилаётгани юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида илм-фан, таълим тизимининг ўрни ниҳоятда беқиёс эканини англатади.
Бу борада, айниқса, математика фани ва таълимига қаратилаётган эътибор математикларга улкан масъулият юклайди. Математика кўпчилик тасаввурида жуда қийин фан. Лекин унинг кундалик ҳаётимизда учрайдиган кўплаб масалаларга татбиқи ва бу масалалар ечими таҳлили математика фанини қўллаш доираси чексиз эканини кўрсатади.
Математик масалаларни тўғри ечиш учун концентрация, масъулият, аниқлик ва тартиб керак. Ушбу инстиктларнинг кўп ишлатилиши уларнинг мустаҳкамлашишига олиб келади. Бу эса нафақат масалалар ечиш, балки ҳаётий муаммоларни ҳал қилишда ҳам жуда қўл келади. Шиддат билан ўзгараётган ҳозирги замонда ноодатий фикрлаш қобилияти ва стратегик таҳлил қила оладиган кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Бундай кўникмаларни эса айнан математика фани шакллантиради.
Фанлар академиясининг В.И.Романовский номидаги Математика институти математика фани ва таълимини ривожлантиришга, юқори малакали кадрлар тайёрлашга сезиларли ҳисса қўшди ва математик тадқиқотлари жаҳон даражасида эътироф этилган марказлардан бирига айланди. Институтнинг энг катта ютуғи сифатида дунё математика ҳамжамияти томонидан тан олинган алгебра ва функционал таҳлил, дифференциал тенгламалар, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика илмий мактаблари яратилганини эътироф этиш мумкин. Бу мактабларни бугун академиклар, фаннинг етук намояндалари бошқариб келмоқда.
Ҳозир институтда замонавий математиканинг долзарб йўналишлари бўлган алгебра ва функционал таҳлил, эҳтимоллар назарияси ва математик статистика, динамик системалар, дифференциал тенгламалар, ҳисоблаш математикаси, тиббий-биологик информатика бўйича илмий тадқиқотлар олиб бориляпти.
Илм-фанни ривожлантириш, ҳаётга татбиқ этиш ва жамият тараққиётига хизмат қилдиришда Фанлар академияси асосий аҳамият касб этади. Бундан 7 йил илгари академия фаолияти сусайиб, тармоқлари бўлган илмий тадқиқот институтларидаги илмий ишланмалар ишлаб чиқаришга кам татбиқ қилинадиган бўлиб қолганди. Кейинчалик юртимизда бу соҳага алоҳида эътибор берилди. Жумладан, математика фани ва таълимини ривожлантиришга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар соҳа ривожида янги даврни бошлаб берди. Чет элнинг илғор илмий марказларида фаолият юритаётган ватандош математик олимлар юртимизга таклиф қилинди. Уларнинг илмий тадқиқотлар қилиши учун зарур шарт-шароит яратилди. Халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ёшлар ва уларнинг мураббийлари меҳнатини рағбатлантириш тизими жорий этилди. Олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари ўзаро интеграциясини таъминлаш учун Талабалар шаҳарчасида Математика институтининг замонавий биноси барпо этилди. Соҳадаги фундаментал тадқиқотларни молиялаштириш ҳажми уч баробар оширилди. Бюджет маблағлари ҳисобидан суперкомпьютер, замонавий техника ва ускуналар харид қилинди. Илмий даражали кадрлар тайёрлашнинг бирламчи босқичи сифатида стажёр-тадқиқотлик институти жорий этилди. Математика фани ва таълимини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил қилинди. Жамғарманинг вазифаси математика соҳасида олимлар ва ёш тадқиқотчиларнинг хориждаги халқаро илмий-амалий тадбирларда иштирокини таъминлаш, талабаларнинг математика фани бўйича халқаро олимпиадаларда қатнашишини қўллаб-қувватлаш, математика таълими учун зарур илмий ва ҳисоблаш ускуналарини харид қилишдан иборат.
Жамғарма маблағлари ҳисобидан математика йўналишида таълим олаётган талабалар ва тадқиқотчилар учун академик Т.А.Саримсоқов номидаги стипендия таъсис этилди. Шунингдек, институтда математика таълими бўйича ўқув-услубий материалларни мувофиқлаштириш лабораторияси ташкил этилди. Давлат таълим муассасаларида математика фани бўйича фойдаланиладиган дарслик ва ўқув қўлланмаларга мажбурий тартибда лаборатория мутахассислари эксперт хулосаси беради. Бу илмий лаборатория олий, ўрта махсус ҳамда профессионал таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, уларнинг математика фани дарсликлари ва услубий қўлланмаларини яратиши бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Шу билан бирга, иқтидорли ёшлар орасидан малакали кадрлар тайёрлаш самарадорлигини оширишни инобатга олиб, 2020 йил 1 ноябрга қадар ҳар бир туман (шаҳар)да математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар босқичма-босқич ташкил этилиши белгиланди.
2020 йилда Математика институтининг Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Наманган, Самарқанд, Хоразм вилоятларидаги ҳудудий бўлинмалари ташкил этилди. Улар вилоятлардаги математик олимлар ва ёш тадқиқотчиларнинг илм-фан билан узлуксиз шуғулланишини таъминлашни назарда тутади. Ҳудудий бўлинмаларда 22 нафар фан доктори, 22 нафар фан номзоди ва физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори фаолият юритмоқда. Айнан ўша йили институт ҳузурида физика-математика фанлари бўйича илмий даража берувчи илмий кенгаш ташкил этилди.
Институт 2021 йилдаги илмий ва инновацион натижалари билан миллий рейтингда етакчи илмий ташкилотлар рўйхатидан жой олди. Ўттизта вазирлик ва идора тасарруфидаги 105 та илмий ташкилотнинг илмий-инновацион фаолиятига оид 75 кўрсаткичдан иборат расмий маълумотлар 27 йўналиш бўйича таҳлил қилинди. Математика фанига қаратилаётган эътибор самараси ўлароқ, институт ходимларининг илмий тадқиқоти 5 марта давлат мукофотига сазовор бўлган. Институтнинг 12 нафар таниқли олими Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига, 5 нафари эса Жаҳон фанлар академияси (ТWАS) аъзолигига сайланган. Ёш олимларимиздан 6 нафари ТWАS ташкилотининг ёш олимлар бўлими танловларида ғолиб чиққан.
Математика институти директори, академик Шавкат Аюпов “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан мукофотланди. Институт иқтидорли ёш олимлари ҳам илмий тадқиқот фаолияти самарадорлиги бўйича давлат мукофотлари ва стипендияларга лойиқ кўрилди. Жумладан, 2020 йилда институт ёш олими, профессор А.Худойбердиев “Шуҳрат” медали билан тақдирланди. 2019 ўқув йилида таянч докторант Ж.Каримов, 2022 ўқув йилида С.Шоймардонов, 2023 ўқув йилида З.Бохонов Президент стипендиати бўлди. Таянч докторант Ш.Шопўлатов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланди. Бундай мукофотлар илмий фаолият билан шуғулланадиган ёшларни рағбатлантирувчи, уларни янги марралар сари ундовчи омилга айланган.
Бугун барча соҳалар қатори илм-фанда ҳам халқаро ҳамкорликсиз ўсишга эришиб бўлмаслиги барчага аён. Институтнинг чет элдаги йирик илмий марказлар ва университетлар билан илмий алоқаларидан етук кадрларни тайёрлашда кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, дунё рейтингида дастлабки 300 таликка кирган университетларда фалсафа доктори илмий даражасига эга бўлган институт ходимларидан 2 нафарига ОАК томонидан тўғридан-тўғри фан доктори (DSc) илмий даражаси берилди. Шу билан бирга, Бельгиянинг Гент университети ва Математика институти ҳамкорлигида қўшма докторлик дастурлари ҳам йўлга қўйилган. Таянч докторант Б.Тоштемиров Гент университетида мазкур дастур бўйича ўқишни якунлаб, фалсафа доктори диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
2017–2019 йилларда АҚШлик 29 нафар талаба талабалар учун халқаро тадқиқот амалиёти лойиҳаси бўйича институтда ёзги илмий семестрда қатнашди. Бу талабалар олган илмий натижалари асосида иккинчи Ўзбек-Америка конференциясида маъруза қилишди ва хорижнинг нуфузли журналларида бир қанча илмий мақолалар чоп этишди. Шу нуқтаи назардан, эришилаётган зафарлар Учинчи Ренессанс пойдевори мустаҳкамланаётганига яна бир далил аслида.
Институтимиз ташаббуси билан АҚШнинг Калифорния университети, Буюк Британиянинг Imperial College London универитети, Германиянинг Мюнхен университети, Малайзиянинг МАRА технологиялар университети, Бирлашган Араб Амирликлари университети, шунингдек, бошқа бир қанча хорижий таълим даргоҳларида фаолият юритаётган ватандошлар билан ҳамкорликда етакчи профессор-ўқитувчиларнинг онлайн маҳорат дарслари узлуксиз ўтказиб келинади. Бу эса, ўз навбатида, ёш олимларнинг фанга қизиқишини янада оширади.
2018 йили SIMPA тадқиқот мактабининг “Ноассоциатив алгебралар ва уларнинг татбиқи” мавзусидаги лойиҳаси тақдимоти институтимизда бўлиб ўтди. Бу лойиҳадан кўзланган асосий мақсад юртимиз ва қўшни мамлакатлардан келган ёш тадқиқотчилар учун ноассоциатив алгебралар бўйича жаҳоннинг етакчи математиклари томонидан маърузалар ўқиш ва олинган сўнгги илмий натижалар бўйича фикр алмашишдан иборат.
Институт профессор-ўқитувчиларининг илм-фан ва таълим ўртасидаги интеграцияни янада мустаҳкамлаш мақсадида “устоз-шогирд” анъанасидан (тизимидан) кенг фойдаланилмоқда. Бу эса иқтидорли ёшларни илмий тадқиқот фаолиятига жалб қилишда самара бермоқда. Жумладан, математиканинг долзарб масалалари бўйича олинган натижалар асосида охирги 7 йилда институтда ўтказилган илмий конференцияларнинг 11 та тўплами, олимларимизнинг 12 та монографияси нашр этилди.
Институтимиз ҳузурида ёш олимлар кенгаши тузилган. Унга 40 ёшгача бўлган илмий ходимлар, таянч докторантлар, докторантлар, мустақил изланувчилар аъзо. Бу кенгаш коллегиал жамоат органи бўлиб, институтдаги ёшларни илмий тадқиқот фаолиятига тизимли асосда йўналтириш, мавжуд илмий мактаблар анъаналарини давом эттириш, янги илмий мактабларни шакллантиришга замин яратиш, ёш олимларнинг илмий-ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини изчил ривожлантириш, уларнинг мутахассисликлар ҳамда тадқиқот мавзуларига қизиқишларини қўллаб-қувватлашдан иборат.
Ҳозир кенгаш таркибида 60 дан ортиқ ёш олим бўлиб, улардан 4 нафари фан доктори, 16 нафари фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга. Давлатимиз бизга билдирган ишонч ва кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиб, олдимизда турган истиқболли режаларни амалга оширишда бир оила бўлиб фидокорона меҳнат қиляпмиз. Бугун олимларимиз мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда. Бу йўлда юрт тараққиётига ва дунё илм-фанига салмоқли ҳисса қўшиш учун барча имкониятларимиз мавжуд.
Саъдулла ШАРИПОВ,
Математика институти катта илмий ходими,
институт ҳузуридаги ёш олимлар кенгаши раиси