Мамлакатимизда ФВВ тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши хавфсизликни таъминлаш соҳасида сифат жиҳатдан янги босқични бошлаб берди. Хусусан, 2025 йил 20 октябрдаги “Фавқулодда вазиятлар органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори билан инспекторлар сонини ошириш, уларнинг ваколат ва масъулиятини кенгайтириш, жойларда назорат ва профилактика механизмларини кучайтириш масалалари аниқ белгилаб берилди.
Ушбу ҳужжат соҳани “олдини олиш — барвақт аниқлаш — профилактика” тамойили асосида модернизация қилишни мақсад қилган бўлиб, унда инспекторлар институтини мустаҳкамлашга алоҳида урғу берилган. Эндиликда инспектор шунчаки текширувчи эмас, балки хавфни таҳлил қилувчи, жойларда вазиятни баҳоловчи, аҳолига тушунтириш ишлари олиб борувчи, тадбиркор ва ташкилотларни огоҳлантирувчи мутахассис сифатида эътироф этилмоқда. Шунингдек, қарорда маҳаллалар кесимида хавф даражасини баҳолаш механизмини жорий этиш ҳам кўзда тутилган. Ҳудудларни хавф кўрсаткичларига қараб тоифалаш, юқори риск мавжуд жойларда назорат ва профилактик тадбирларни кучайтириш — замонавий бошқарувнинг самарали усулидир.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида ҳам фавқулодда вазиятлар соҳасида давлат инспекторлари таркибини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Агар илгари вилоятда жами 70 нафар инспектор (шундан 63 нафари шаҳар ва туманларда, 7 нафари бошқарма марказида) фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 182 нафарга етказилди. Айни пайтда шаҳар ва туманларда 167 нафар, бошқарма марказида эса 15 нафар инспектор хизмат қилмоқда. 112 та янги штат бирлигининг жорий этилиши бу — шунчаки рақамлар ўзгариши эмас, балки хавфсизлик тизимини ҳудудларга янада яқинлаштириш демакдир.
Бу жараёнда энг муҳим жиҳат — сифат ва таркиб масаласидир. Мавжуд 182 нафар инспекторнинг 103 нафарини офицерлар, 79 нафарини эса сержантлар ташкил этади. Уларнинг 90 нафари кўп йиллик тажрибага эга мутахассислар бўлса, 92 нафари янги тайёрланган кадрлардир. Давлат инспекторлари учун махсус 35 соатлик ўқув дастури ташкил этилиб, назарий ва амалий машғулотлар орқали уларнинг билим ҳамда кўникмалари мустаҳкамланди. Шу билан бирга, ходимлар электрон ҳужжатлар, буклетлар, планшетлар ва зарур техник воситалар билан тўлиқ таъминланди.
Шу билан бирга, қарор талабларидан келиб чиқиб, вилоятдаги барча маҳаллалар хавф индикаторлари асосида тоифаларга ажратилди: 299 та маҳалла “қизил”, 248 таси “сариқ” ва 229 таси “яшил” тоифага киритилди. Эндиликда ҳар бир инспекторга ўртача 5 тадан маҳалла бириктирилган бўлиб, бу ёндашув профилактик ишларни манзилли ва мақсадли ташкил этиш имконини бермоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ҳудуднинг энг долзарб муаммоларидан бири — ис гази ва чақнаш ҳолатлари билан боғлиқдир. Вилоятдаги мавжуд 2 415 та кўп квартирали уйнинг 1 332 таси, яъни 55 фоизи марказлашган иситиш тизимига уланмаган. Бу ҳолат аҳолининг қўлбола газ ва электр иситиш воситаларидан фойдаланишига мажбур қилмоқда. Сўнгги беш йилда 21 та маҳаллада ис газидан заҳарланиш, 14 та маҳаллада чақнаш ҳолатлари қайд этилганини инобатга олиб, ана шу ҳудудлар “қизил” тоифага киритилди ва у ерда инспекторлар фаолияти кучайтирилди.
Инспекторлар эндиликда масофадан туриб эмас, бевосита маҳалла ҳаёти ичида фаолият юритишлари учун маҳаллаларда хизмат хоналари ташкил этилди: 445 та маҳалла ўз биносига эга бўлса, 167 таси бошқа муассасаларда жойлаштирилган.
Инспекторлар ҳар куни, хусусан, “Фавқулодда вазиятлардан холи маҳалла ойлиги” доирасида ҳам маҳалла ҳудудида хонадонма-хонадон юриб, иситиш мосламалари, газ ва электр жиҳозларидан фойдаланиш ҳолатини кўздан кечирмоқдалар. Аниқланган камчиликлар юзасидан амалий тавсиялар ҳамда ёнғинларнинг олдини олиш бўйича батафсил тушунтиришлар аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар давомида бериб борилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун Қашқадарёда давлат инспекторлари тизими янги стандартларга мослашмоқда. Энг асосийси, инспекторлар сонининг ортиши билан бирга, уларнинг жойлардаги реал иштироки ҳам сезиларли даражада кучаймоқда. Маҳаллаларга бириктирилган мутахассислар, хавф хариталари, манзилли профилактика ва замонавий техник таъминот — буларнинг барчаси 2026 йилни амалий натижалар йили сифатида ўтказишга мустаҳкам асос бўлади.
Маҳаллаларга кириб борган мутахассис — хавф пайдо бўлишидан олдин уни илғайдиган “огоҳ кўз” ва эҳтимолий фалокатни тўхтата оладиган “ҳимоя қалқони”га айланди. Уларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида кўплаб нохуш ҳодисалар содир бўлмасданоқ бартараф этилмоқда. Эҳтимол, бу ишлар қуруқ статистикада кўринмаслиги мумкин. Аммо энг катта натижа – юз бермаган фожиа, асраб қолинган инсон ҳаёти, ёниб кетмаган уй ва заҳарланмаган боладир. Ҳудудларда йўлга қўйилган янги тартиб шуни англатадики, хавфсизлик энди бевосита аҳоли яшаётган муҳитда шаклланмоқда. Ҳар бир кўчада, ҳар бир хонадонда масъулият туйғусининг кучайиши жамиятимизнинг янада ҳушёр, онгли ва тартибли бўлишига хизмат қилади.
Фарҳод Мирзаев,
Қашқадарё вилояти ФВБ бошлиғи, полковник