Жумладан, ўтган вақтдаги ўрганишлар давомида Самарқанд туман Архитектура ва қурилиш бўлими масъул ходимининг фаолиятида шундай иллатлар кузатилди.
Жорий йил 5 октябрда фуқаро Самарқанд туман Давлат хизматлари маркази орқали якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш юзасидан сўров берган. Туман Архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи сўровни ўрганиб чиқиш учун тегишли мутахассисга йўналтирган. Аммо, масъул ўз вазифасига совуққонлик билан қараб, сўров ижросини 9 кунга кечиктирган.
Ваҳоланки, ваколатли орган сўровнома тушган кундан бошлаб уч иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатлари юзасидан келишиши ёки уни асосли рад этиши керак.
Бундан ташқари, Архитектура ва қурилиш бўлими мутахассисининг хизмат фаолияти давомида 7 та объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш учун рухсатнома бериш, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали келиб тушган 18 та якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш хизматларини кўрсатишда маъмурий регламентда белгиланган тартиб ва муддатларни бузганлиги аниқланди.
Бошқарма томондан Архитектура ва қурилиш бўлими мутахассисига нисбатан юқорида баён этилган барча ҳолатлар бўйича тўпланган ҳужжатлар асосида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2155-моддаси, 1-қисмида назарда тутилган жазо чораси қўлланилди, деб хабар беради ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизмати.