Ижод аҳли иштирокидаги тадбирда уюшма аъзолари Шуҳрат Сирожиддинов, Баҳодир Карим, Рустам Мусурмон, Рустам Мирвоҳид сўзга чиқиб, романнинг яратилиш босқичлари ва унинг мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.

Мазкур роман тарихимизнинг «жадидлик» деб аталган энг мураккаб даври, ота-боболаримизнинг юрт озодлиги йўлидаги фидойилиги, ибратли ишлари ҳамда биринчи ўзбек актрисаси Маъсума Қориеванинг фожиали тақдири ҳақида ҳикоя қилади.

Ушбу асарни юртимиз тарихидаги қора кунларнинг замонавий талқини, миллий театримизнинг бадиий тарихи деб атаса бўлади. Асарга Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзбоши ёзган. Тўпламдан ёзувчининг кейинги йилларда ёзилган ҳикоялари ҳам ўрин олган. Романда тасвирланган воқеалар – ҳаётда содир бўлган, бадиийликка йўғрилган ҳаққоний воқеалардир, дея таъкидланди тақдимотда.

– Исажоннинг бу асарида қатағон даврида миллатнинг ахлоқий-маърифий илдизларига қандай қилиб болта урилгани, бир ўзбек аёлининг бошидан ўтказган оғир синовлари акс эттирилган, – деди уюшма раиси Сирожиддин Саййид. – Жадидлар даври қандай мураккаб бўлганини бир оила мисолида кўриш мумкин. Албатта, бу романни ҳар бир китобхон ўқимоғи керак, дей ўйлайман.

Шунингдек, романда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Заҳириддин Аълам, Абдурауф Фитрат, Абдулла Қодирий каби қатор зиёлиларнинг номлари келтириб ўтилади.

– Романни шунчаки ўқиб бўлмайди. Ундаги воқеалар билан танишар экансиз, кўзингизга ёш келади, – деди уюшма аъзоси Шуҳрат Сирожиддинов. – Халқимизнинг ИИ жаҳон уруши даврида бошидан кечирганлари Маъсума образи орқали кўрсатиб берилган. Асар ўз ўрнида бугунги даврнинг қадрига етиш ва оилаларнинг мустаҳкалиги йўлида аҳамиятлидир.

Асарда ўзбек театрининг дунёга келиши, илк саҳна асарлари, миллий театр асосчиларидан бири Маннон Уйғур, актёрлар Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Зайнаб Садриева сиймоларини ўқиш мумкин.

Ушбу китоб Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан шу йили «Адабиёт» нашриётида 3000 нусхада чоп этилди. Унга Икром Искандар масъул муҳаррирлик қилган.

Тақдимотда муаллиф романни ёзиш жараёнидаги кечинмалари билан ўртоқлашди ва  асар ҳақидаги илиқ фикрлар учун миннатдорлик билдирди.

Зулайҳо Аҳмаджонова,

журналист